Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Капитуляцияга тенг бўлган — тинчлик режаси
Украина урушини якунлаш бўйича режа юзасидан Вашингтон билан ишлашга тайёрлигини билдирди.
АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган режа бўйича, Киев бутун Донбасс минтақасидан воз кечиши ҳамда ҳарбий кучларини кескин қисқартириши талаб қилинади. Лекин бу шартлар Украина иттифоқчилари томонидан узоқ йиллардан бери таслим бўлишга тенг деб баҳоланди.
Reutersʼнинг ёзишича, режада «Украина армияси 600 минг аскардан ошмаслиги лозим ва унга кучли хавфсизлик кафолатлари берилади» дейилган, бироқ тафсилотлар келтирилмаган.
Режада Россия фойдасига бир нечта ён беришлар ҳам бор: жумладан, Қрим, Луҳанск ва Донецк АҚШ томонидан де-факто Россияники сифатида тан олинади. Россия Украина кучлари назоратидаги Донецкнинг айрим ҳудудларидан чиқиб кетади.
Шунингдек, лойиҳа бўйича НАТО бундан буён кенгаймаслиги ва Украина ҳудудига қўшин жойлаштирмаслиги қайд этилган. Россия эса глобал иқтисодиётга қайта интеграция қилинади, санкцияларнинг бекор қилиниши «босқичма-босқич ва ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида келишилади».
Президент Володимир Зеленский АҚШ армияси котиби Даниэл Дрисколл билан учрашувдан сўнг режанинг айрим бандлари борасида бирга ишлашини айтди. «Биз виждонан, конструктив ва тезкор ишга тайёрмиз», деди Украина президенти.
Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари эса — Киевдан оғир ён беришларни талаб қиладиган шартларга рози бўлмасликларини билдирди.
«Украиналиклар суверенитети ҳурмат қилинадиган адолатли тинчлик истайди. Аммо тинчлик — таслим бўлиш дегани эмас», деди Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио тинчлик учун Киев ҳам, Москва ҳам ён бериши кераклигини айтди.
Кремл эса аниқ бирор нарса айтмади. «Ҳозирча ҳеч қандай маслаҳатлашувлар олиб борилмаяпти. Алоқалар бор, албатта, аммо бунинг номини маслаҳатлашув деб бўлмайди», деди Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков.
Эрон ядро дастури
Эрон Халқаро атом энергияси агентлигига «мамлакатда текширувларни қайта бошлашга рухсат берувчи келишув»ни бекор қилмоқда. Бу қарор — MAGATE кенгаши Теҳрондан бойитилган уран ва ядровий объектлар ҳақида «аниқ маълумотларни» «дарҳол» тақдим этиш талаби ортидан қабул қилинди.








