Иқтисодиёт | 01:15 / 22.07.2022
26809
10 дақиқада ўқилади

Бензин ва дизел қимматлашяпти. Экспортга тақиқ билан иш битадими?

Сўнгги ҳафталарда ҳатто Тошкентда ҳам бензин тақчиллиги кузатилмоқда. Импорт қисқарганидан ташқари, маълум бўлишича, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи июн ойида ишлаб чиқаришни сезиларли камайтирган. Дизел ёқилғиси нархи эса йил бошидан бери 1,5 баробарга ошди; GTL заводи ишга тушганига қарамай, Ўзбекистонда дизел нархи қўшни Қозоғистондагидан 3 баробарга қиммат бўлиб қолмоқда.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ёқилғи маҳсулотлари – бензин ва дизел сезиларли қимматлашди. Шохобчаларда АИ-80 маркали ёқилғи нархи 8600 сўмгача етган. Шу билан бирга, бензин тақчиллиги муаммоси пайдо бўлди – ҳатто пойтахтда ҳам.

Тошкентдаги йирик АЁҚШ тармоқлари ва 30дан ортиқ якка шохобчалардаги нархларни мониторинг қилиб борадиган Golden Pages маълумотига кўра, июл ойига келиб шаҳардаги 10дан ортиқ шохобчада бензин етишмовчилиги кузатилган.

“Ўзбекнефтгаз” ўз шохобчаларида нархларни ўзгартирмаганини айтмоқда. Компания сўнгги бор май ойи охирида АИ-80 нархини 6500 сўмдан 6800 сўмга оширган – йил бошидан бери ўсиш 4,5 фоиз. Тошкентдаги бошқа шохобчаларда эса йил бошидан буён АИ-80 қимматлашиши 5,5 фоизгачани ташкил этди (6 июл ҳолатига – Golden Pages нархлар бўйича сўнгги мониторингни шу куни ўтказган).

Бензин импорти қисқарган

8 июл куни “Ўзбекнефтгаз” хусусий шохобчаларда нархлар ошаётганини юқори октанли бензин импорти қисқаргани билан изоҳлади.

Унга кўра, импорт камайиб, юқори октанли бензиннинг қимматлашиши маҳаллий АИ-80 нархига босимни юзага келтиряпти. Оддийроқ айтганда, катта миқдорда импорт қилинадиган АИ-91 ва ундан юқори маркали бензин қимматлашгач, ҳайдовчиларнинг бир қисми АИ-80 қуйишга ўтмоқда, бу сегментда талабнинг ошиши эса нарх кўтарилишига олиб келяпти.

Изоҳда қўшимча қилинишича, июл ойининг дастлабки 7 кунида республикада АИ-80 маркали бензинга талаб ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 баробарга кўпроқ бўлган.

Kun.uz бензин импорти бўйича маълумот сўраб, Статистика қўмитаси матбуот хизматига мурожаат қилди, бироқ уч кун давомида жавоб олмади.

Ишлаб чиқариш ҳажмида жиддий ўзгариш йўқ

Статистика қўмитаси маълумотига кўра, йилнинг биринчи ярмида автомобил бензини ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 фоизга ошган (562,7 минг тоннага етган). 2021 ва 2022 йилларнинг май-июн ойлари статистикасини алоҳида таққослаганда ҳам айтарли фарқ кўринмайди.

Ўзбекистонда бензин асосан Бухоро ва Фарғонадаги нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқарилади (шунингдек, Олтиариқда ҳам НҚЗ бор). “Ўзбекнефтгаз” ахборотига кўра, 5 июл ҳолатига компания тасарруфидаги Бухоро НҚЗ автобензин (109,5 %) ва дизель ёқилғиси (113,2 %) бўйича 2022 йилги прогноз кўрсаткичларини ортиғи билан бажарган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи фаолияти эса, Kun.uz Энергетика вазирлигидан олган маълумотларга кўра, охирги ойларда сезиларли сустлашган.

ФНҚЗ июн ойида ишлаб чиқаришни кескин камайтирган: бу ойда ишлаб чиқарилган бензин миқдори (9,9 минг тонна) 6 ой давомидаги ўртача ойлик кўрсаткич (15,9 минг)нинг атиги 62 фоизига тенг.

Товар-хомашё биржасидан Kun.uz'га маълум қилишларича, Фарғона НҚЗ июн ойида биржага 1739 тонна бензин чиқарган (барчаси – АИ-80). Бу – завод июн ойида ишлаб чиқарган бензиннинг 11 фоизига тенг. (Қонунчиликка кўра, нефтни қайта ишлаш заводлари Аи-80 маркали бензинни ички бозорга фақат биржа орқали сотиши мумкин).

Завод фаолиятининг сусайиши хусусийлаштиришдан кейинги ойга тўғри келди: май ойининг охирида Фарғонадаги завод “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖга сотилган эди. Kun.uz ишлаб чиқариш ҳажмининг камайгани ва маҳсулотнинг биржага чиқарилиши борасидаги саволлар билан “Саноат энергетика гуруҳи” ва ФНҚЗ матбуот хизматларига хат йўллади (компаниялар вакиллари тезкор жавоб тақдим этилмаслиги, сўровлар расмий хат шаклида бўлиши кераклигини билдирди).

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозим, 2022 йилдан бошлаб ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари нефт ва газ учун 2-3 баробарга камайтирилган (фақат хусусий компаниялар учун), бундан мақсад – кўпроқ конларни ўзлаштириб, маҳсулот ҳажмини кўпайтириш экани айтилган эди. Бундай йирик имтиёз бозорда таклифни кўпайтиришда қанчалик самара бергани таҳлил қилиниши ёки қилинмаслиги номаълум, бироқ шуниси маълумки, Ўзбекистонда қазиб олинадиган нефтнинг 80 фоизи хусусий компания бўлмиш “Саноат энергетика гуруҳи” ҳиссасига тўғри келади.

Дизел масаласи янада жиддийроқ

Январ ойидан бери биржада Аи-80 бензини нархи 11 фоизга ошган бўлса, дизел нархидаги кўтарилиш салкам 50 фоизга етган.

1 тонна дизел йил бошида биржада 10,8 млн сўмдан, 20 июлда эса 16,1 млн сўмдан сотилган (ўсиш – 149,07 фоиз). Дизел ёқилғиси ҳам асосан июн-июл ойларида сезиларли қимматлашди.

Йил бошидан буён дизел ёқилғисининг биржадаги ўртача нархлари динамикаси / Манба: Товар хомашё биржаси / Gazeta.uz

Ўзбекистон дизел ёқилғиси учун эҳтиёжининг катта қисмини импорт ҳисобига қоплайди. Импортёрлардан ташқари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва Uzbekistan GTL заводи дизел ишлаб чиқаради ва биржа орқали сотади. 19 июл куни БНҚЗ 820 тонна ЭКО маркали, Uzbekistan GTL эса 660 тонна GTL маркали дизелни биржа савдоларига қўйган.

Қашқадарёда қурилган, табиий газдан суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи GTL (gas-to-liquid) заводи шу йил 1 июл куни илк марта GTL дизели ишлаб чиқарди ва маҳсулот 4 июлдан биржага чиқарила бошланди.

Заводнинг лойиҳавий қуввати, қатор бошқа маҳсулотлар билан бирга, йилига 724 минг тонна синтетик дизел ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бу кунига тахминан 2 минг тоннага яқин маҳсулот демакдир. Ҳозирча эса кунига 660 тонна синтетик ёқилғи биржага чиқариляпти. “Ўзбекнефтгаз” заводнинг “барча технологик қурилмалари ишчи ҳолатда” экани, “ишлаб чиқариш ҳажмлари босқичма-босқич ошириб борилаётгани”ни хабар қилган.

GTL заводи дизел ишлаб чиқаришни бошлади, лекин нарх кўтарилишда давом этяпти

Фото: Президент матбуот хизмати

Иқтисодчилар Отабек Бакиров ва Миркомил Холбоев GTL заводи очилиши дизел нархини туширмаганига эътибор қаратмоқда. Дарҳақиқат, 1 июл кунги савдоларда импорт қилинган GTL маркали дизел тоннаси 15,6 млн сўмдан сотилган бўлса, шу маркадаги ёқилғининг 21 июл кунги савдолардаги нархи 16,6 млн сўмни ташкил этди. 20 кунда нарх 1 миллионга ошди.

Таққослаш учун, 21 июл куни Қозоғистон биржасида дизел ёқилғиси тоннасига 250,7 минг тенгедан сотилди, бу тақрибан 5,6 млн сўмга тенг. Яъни қўшни Қозоғистонда дизел Ўзбекистондагидан қарийб 3 баробарга арзон.

Ғузор туманидаги GTL заводи 3,4 миллиард долларга барпо этилган. Завод қурилиши давом этаётган 2018 йилда “Ўзбекнефтгаз”нинг ўша вақтдаги раиси Баҳром Ашрафхонов лойиҳанинг ишга туширилиши бензин ва бошқа нефт маҳсулотлари нархи арзонлашишига олиб келишини айтганди.

Отабек Бакировнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ёқилғи, айниқса дизел қимматлиги муаммоси талабнинг жуда катталиги, таклифнинг эса сунъий равишда камайтирилганига бориб тақалади. Унинг айтишича, “импорт каналлари давлат билан чатишиб кетган, монополлашган норасмий/расмий сектор тарафидан тўлиқ назорат қилинади – яъни бозор йўқ, очиқ бозор йўқ”.

“Соф бозор товари бўлган уннинг нархи, гўштнинг нархи, тухумнинг нархи сал қимирлаб қолса, дарров чора-тадбир тузишади, бозорни назорат қилишга ўтишади. Лекин ғирт монополлаштирилган ва каррасига қимматлаштирилган дизель бўйича эса ҳамма жим. Ҳеч ким ўйламайдики, отнинг калласидек дизелнинг нархлари эртага унниям, гўштниям, тухумниям нархини қимматлаштиради”, – дейди иқтисодчи.

Миркомил Холбоев эса Ўзбекистонда дизел ишлаб чиқариш қисқариб бораётганини қайд этди. Унинг Статистика қўмитаси ҳисоботларига таяниб ёзишича, 2022 ва 2021 йилларнинг январ-май ойларида дизел ишлаб чиқариш кўрсаткичи аввалги йилларнинг мос даврига нисбатан 30 фоиздан камайиб борган.

“Бошқача айтганда, 5 ойлик ҳисобда қараганда дизел ишлаб чиқариш ҳажми охирги 2 йилда тахминан 50 фоизга камайган. Улкан умидлар билан қурилган завод ишга тушганлиги эса дизел ишлаб чиқариш ҳажмида қандайдир ижобий ўзгаришга сабаб бўлаётганлигини ҳозирча кўраётганимиз йўқ. Завод ишга тушаётган вақтда йилига 724 минг тонна дизел ишлаб чиқариши ҳамда, бунинг натижасида мамлакатимиз дизел импортига қарамликдан қутулиши кутилаётган эди. Лекин негадир дизел ишлаб чиқариш ҳажми ошаётгани йўқ, балки жадал суратлар билан камайиб бормоқда”, – дейди Миркомил Холбоев.

Экспорт тўхтатилди

Gazeta.uz ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Вазирлар Маҳкамасининг баённомаси билан 15 июлдан бошлаб автобензин ва дизел ёқилғисини экспорт қилиш вақтинча чекланган.

Нашр манбасига кўра, Ўзбекистондаги корхоналар охирги ойда 15–16,5 тонна бензин экспорт қилган, бу мамлакатнинг “5-6 кунлик эҳтиёжи”га тенг экани айтилмоқда.

Экспорт чеклангач, “Ўзбекнефтгаз” биржа савдоларига қўйиладиган бензин ҳажмини оширган, бу “нархлар тушишига олиб келиши”дан умид қилинмоқда.

Статқўм маълумотига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон 78,7 млн долларлик нефт маҳсулотларини экспорт қилган, бу – 2020 йилга қараганда 74,3 фоизга кўп. Асосий харидорлар Афғонистон ва Тожикистон бўлган.

Таъкидлаш лозим, Ўзбекистонда бензин ва дизел ёқилғиси нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўхтатилганига қарамай, қатор иқтисодчилар эркин бозор шаклланмаётганини айтиб келади. Ўзбекистондаги ёқилғи нархлари қўшни республикаларга қараганда сезиларли қимматлиги ҳам импорт бозорига киришга сунъий тўсиқлар қўйилганининг белгиси деб кўрилади; шунингдек, амалга оширилаётган энергетик лойиҳаларнинг самарадорлиги юзасидан саволларга асос бўлиши айтилади.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид