Иқтисодиёт | 20:10 / 21.06.2019
93275
4 дақиқада ўқилади

«Миллий манфаатлар ҳисобга олинмаган». Президент «Лукойл»дан қандай қилиб 600 млн доллар қарз бўлиб қолингани ҳақида гапирди

Бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сенатдаги чиқиши вақтида «Лукойл» компаниясидан 600 млн доллар миқдоридаги қарздорлик ҳақида гапирди.

Президент масъуллар маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битим имзолаш олдидан миллий манфаатларни ҳисобга олиши кераклиги, лекин бу ҳолатда миллий манфаатлар ҳисобга олинмаганини айтиб, бу борада савол билан юзланган.

«Лукойл» компанияси Ўзбекистонда газ қазиб олмоқда. Биз улардан минг кубини 146 доллардан харид қилиб, аҳолига 46 доллардан сотяпмиз. Орадаги фарқ эвазига компаниядан қарз бўляпмиз. Ҳар минг кубометрдаги 100 долларлик фарқ 600 млн долларлик қарзни пайдо қилган. Бу рақам кун сайин ортиб боряпти. Балки, бу компания билан ишлаётганимиз, нотўғридир. Нима учун шартнома тузилганда миллий манфаатлар инобатга олинмаган?», - дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Reuters агентлиги шу йилнинг март ойида Ўзбекистон «Лукойл»дан 2018 йилда газ етказиб бергани учун 600 миллион долларга яқин қарз бўлиб қолгани ҳақида хабар берган эди.

Бу хабар ортидан, апрель ойи бошида Бахтиёр Анорқулов «Ўзтрансгаз» компанияси раисининг молия бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимидан озод этилди.

«Лукойл»нинг қазиб олиш бўйича катта вице-президенти Азат Шамсуаров қарздорлик маҳсулотни бўлишиб олиш тўғрисидаги келишувда қазиб олинган газ тўлиқ экспорт қилиниши кўзда тутилган бўлса ҳам, Ўзбекистон қазиб олинган газнинг бир қисмини ички бозорга олиб қолгани сабабли вужудга келганини маълум қилганди.

«Ўзбекнефтгаз» ўша вақтда ҳеч қандай изоҳ бермаган эди.

Май ойи бошида Ўзбекистон энергетика вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзатом» агентлиги бошлиғи Жўрабек Мирзамаҳмудов «Ўзбекнефтегаз»нинг «Лукойл»дан қарздорлиги бўйича изоҳ берганди.

«Бу икки компаниянинг ўзаро муносабати ва бу муносабатлар ўзаро бир-бирини тушуниш асосида муваффақиятли кечмоқда. Истеъмол ўсиши муносабати билан газ олинган. Аммо вазият назорат остида. Томонларнинг келишувига мувофиқ муносабатлар тартибга солинмоқда. Қарз билан боғлиқ муаммо йўқ», – деганди Мирзамаҳмудов.

Маълумот учун, «Лукойл» Ўзбекистонда Қандим-Ҳавузак-Шоди-Қўнғирот ва Жануби-Шарқий Ҳисор лойиҳаларида маҳсулотларни бўлиб олиш шарти билан иш олиб бормоқда. Лойиҳаларда ишлаб чиқарилган газ асосан Хитойга етказиб берилади.

«Прайм» агентлиги маълумотларига кўра, мартда «Лукойл» Ўзбекистон билан Қандим лойиҳасидан йилига 5 млрд куб метргача газни ички бозор учун экспорт нетбэкига 12,5 фоизлик чегирма билан етказиб беришга келишган.

Бундан аввалроқ Шавкат Мирзиёев Сенатдаги йиғилиш вақтида нефть-газ соҳасидаги коррупция ҳолатлари тўғрисида тўхталиб, Сурғил нефть-газ лойиҳаси доирасидаги Устюрт газ-кимё мажмуаси учун бир амалдор 80 млн доллар пора олгани ҳақида айтиб ўтганди.

Мавзуга оид