Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларини Оқ уйда қабул қилади
«C5+1» форматидаги учрашувда томонлар Қўшма Штатлар ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг келажаги бўйича бир қатор баёнотлар бериши кутилмоқда.
Фото: Reuters
6 ноябрь куни тушдан кейин президент Доналд Трамп Оқ уйда Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари билан шахсий учрашув ўтказади, деб хабар берди Кazinform. Тадбирда Ўзбекистон делегациясига президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлик қилади.
«C5+1» форматидаги учрашувда томонлар Қўшма Штатлар ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг келажаги бўйича бир қатор баёнотлар бериши кутилмоқда. Шунингдек, долзарб масалалар муҳокама қилинади.
Шу куни, маҳаллий вақт билан соат 12:30 да Вашингтондаги Жон Кеннеди номидаги Ижро санъати маркази таркибига кирувчи The Reach Kennedy Center биносида «C5+1 форматининг ўн йиллигига бағишланган» бизнес-конференция бўлиб ўтади. Ушбу марказ Қўшма Штатлардаги энг йирик концерт ва опера майдончалардан биридир.
The Reach Вашингтондаги энг катта яшил томга жойлашган павильонлар, репетиция ва мусиқа заллари, маъруза заллари ва кўп функцияли учрашувлар учун хоналардан иборат. Мажмуанинг замонавий архитектураси табиий муҳитга уйғунлашиб, шаҳарнинг тарихий рамзлари - Вашингтон монументи ва Линколн мемориали манзарасидан баҳраманд бўлиш имконини беради.
Қўшма Штатлар ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича бизнес-конференция доирасида бир қатор сессиялар ўтказилиши режалаштирилган. Дастлабки маълумотларга кўра, транспорт йўлаклари ва таъминот занжирлари, энергетика ва муҳим минераллар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, шунингдек, бизнес вакиллари ўртасидаги ўзаро таъсир каби соҳалар ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, иштирокчиларга «C5+1» мамлакатларининг маданий дастурлари ва миллий стендлари тақдим этилади.