Ўзбекистон | 11:07 / 22.05.2024
35149
2 дақиқада ўқилади

1 июндан олий маълумотли боғча тарбиячиларининг маоши ошади

Давлат боғчаларида ишловчи олий маълумотли педагог ходимларнинг маоши мактаб ўқитувчилариникига тенглаштирилади. Бу президент қарорида белгиланган.

Фото: Kun.uz

Давлат раҳбарининг 2023 йил май ойида имзолаган қарорига асосан 2024 йил 1 июндан бошлаб давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги олий маълумотли педагог ходимларининг базавий тариф ставкалари умумий ўрта таълим муассасаларининг тегишли педагог ходимлариникига тенглаштирилиши лозим.

Амалдаги қонунчиликка кўра, давлат боғчаларининг олий маълумотли тарбиячи-методист, тарбиячилари 1 млн 203 минг 660 сўм олиши белгиланган. Мактабларнинг олий маълумотли бошланғич ва юқори синфлари ўқитувчилари эса 2 млн 90 минг 399 сўм олади.

Шундан келиб чиқилса, бакалавр дипломига эга боғча тарбиячиларининг маоши 2 млн сўмдан оширилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили май ойида президентга қилинган мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимотида иш ҳақи ставкалари оширилиши ҳақида маълумот берилганди.

Дастлаб хабар эса 2023 йилнинг январ ойида чиққанди. Мактабгача таълим агентлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева бу режа 2023 йилда амалга оширилиши белгиланган устувор режа эканини маълум қилганди. Қолаверса, нафақат тарбиячилар, балки боғчалар директорлари, тарбиячиларнинг ёрдамчилари, ошхона ва бухгалтерия ходимларининг ҳам ойлиги сезиларли ошиши кўзда тутилганди.

Аввалроқ собиқ мактабгача таълим вазири Агриппина Шин давлат боғчаларидаги тарбиячиларнинг маошини ҳеч бўлмаса бошланғич синф ўқитувчиларининг маоши билан тенглаштириш учун йилига 2,5 трлн сўм кераклигини айтганди.

Мавзуга оид