Ўзбекистон | 18:35 / 02.04.2026
13402
11 дақиқада ўқилади

Санъаткорлар даромадига солиқ: дод-войлар қанчалик асосли?

1 сентябрдан бошлаб санъаткорлар ҳар битта тўй учун 103 минг сўмдан 1 млн 236 минг сўмгача (ижрочининг рейтинги ва тўй бўлаётган манзилга боғлиқ) солиқ тўлай бошлаши мумкин. Бу ҳақдаги қарор лойиҳаси эълон қилиниши билан, тармоқлар “бечора” ва “қарзга ботган” санъаткорларнинг оҳ-у нолаларига тўлиб кетди.

Ўзбекистонда ўқитувчидан тортиб таксичиларгача ҳамма касб-ҳунар эгалари олаётган даромадидан келиб чиқиб солиқ тўлайди. Эндиликда солиқ тўлаш мажбурияти санъаткорларга ҳам татбиқ этилиши мумкин. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасида 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб, санъаткорлар ҳар бир тўй ёки бошқа тадбирга борганда буни “Soliq” иловасига киритиши назарда тутилган. Даромад солиғи шу асосда “Бир хизмат – бир тўлов” тамойилига ўтади.

Лойиҳага кўра, солиқ миқдори санъаткор рейтинги ва тадбир жойига қараб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,25 баробаридан 3 баробаригача бўлади. Бу янгилик ортидан тармоқлар “бечора” ва “қарзга ботган” санъаткорларнинг оҳ-у нолаларига тўлиб кетди.

Актёр, хонанда ва телебошловчи Самандар Ҳамроқулов аксарият ижодкорларнинг ягона даромад манбайи тўйлар эканига урғу бериб, ҳатто 3-5 йиллаб қарзини узолмай, фойдага чиқолмай юрган ҳамкасблари борлигини айтди. У санъаткорларга енгиллик берилса, яхши ижод маҳсулотлари кўпайишини ҳам қўшимча қилди.

Биз санъаткорлар солиқ тўлашдан қочмаймиз. Лекин санъаткорларнинг топиш манбаси фақат тўй. Улар харажат қилиб қўшиқ ва клип тайёрлайди. Халқда тўй бўлсагина бу харажатлар қопланади ёки қопланмайди. Икки-уч йилдан бери, беш йиллаб қарз тўлаётган санъаткорлар бор, ҳеч фойдага чиқолмайди бечоралар. Шунинг учун солиқларни белгилашда барча жиҳатларни ҳисобга олган маъқул, деб ўйлайман. Солиқдан қочадиган жойимиз йўқ. Мана шу солиқдан кексалар пенсия олади, армиянинг озиқ-овқат, кийим-кечак таъминоти амалга оширилади. Лекин бунақа солиқни қўяётганда, ҳар томонлама ҳисобга олиш керак. Бечора санъаткорларнинг ҳайдаб юрган ялтироқ машиналари кредитга олинган, жуда қарзлари кўп.

Менинг шахсий фикрим: санъаткорларга озгина енгиллик берилса, яхши ижод маҳсуллари бўларди. Санъат – идеология учун энг кучли қурол. Санъаткорлар қўшиғи, ўйнаётган роли ва кинолари билан инсонларни тарбия қилади. Агар уларнинг фикр-у хаёли фақат тирикчилик билан банд бўлиб қолса, ижод бўлмайди. Аниқ ижод қилолмайди бунақа пайтда. Шунинг учун ҳар томонлама ўйланглар”, дейди Самандар Ҳамроқулов.

Хонанда Шароф Муқимовнинг фикрича, тўрт-беш нафар машҳур санъаткорга қараб, бутун соҳани баҳолаш адолатдан эмас. Муқимов кеча саҳнани ларзага келтирган айрим ижодкорлар бугун тирикчилик учун ҳайдовчилик қилаётгани, савдо билан шуғулланаётганини таъкидлаб ўтди.

Саҳна ортидаги ҳақиқатни ҳамма ҳам билмайди, санъат ялтироқ эмас. Бу – уйқусиз тунлар, чарчатувчи хавфли сафарлар ва оиладан узоқлик. Ҳар бир санъаткор ҳаётида уч босқич бор: орзу билан бошланган илк ижодий йўл, жуда қисқа чўққи даврлар ва озгина назардан қолган оғир ҳаёт. Тўрт-беш нафар машҳур санъаткорга қараб бутун соҳани баҳолаш адолатдан эмас. Ҳақиқат бошқача. Кеча саҳнани ларзага келтирган айрим ижодкорлар бугун тирикчилик учун ҳайдовчилик қиляпти, савдо билан шуғулланяпти ёки бошқа ишга қўл уришга мажбур бўляпти. Бу уларнинг танлови эмас, балки ҳаёт мажбурияти.

Ёши катта санъаткорлар-чи? Бутун куч-ғайратини санъатга берган инсонлар бугун энг оддий эҳтиёжларини қондиришга қийналяпти. Касал бўлса, даволаниш учун маблағ тополмай, ижтимоий тармоқларда ёрдам сўрашга мажбур бўлишяпти. Шундай шароитда яна юк қўшиш тўғримикан? Бу аччиқ, лекин ҳақиқат. Санъаткор ҳам инсон, унинг ҳам оиласи, фарзандлари, ўзига яраша ташвишлари бор. Унинг дам олиш куни, меҳнат таътили, кафолатланган даромади йўқ.

Бизда мухлислар тасаввуридагидек хусусий самолётлар, виллалар, катта бизнеслар йўқ. Кўпчилигимиздаги ялтироқ машина баъзиларимизда кредитга олинган. Хулоса қилишга шошманг. Ижод жуда катта харажат талаб қилади: қўшиқ, клип, жамоа ва либослар учун маблағ керак. Санъаткор – халқ кайфиятини кўтарадиган инсон. Биз уни яна оғир юклар билан босиб қўйсак, эртага саҳнада ким қолади?” дейди Шароф Муқимов.

Бошловчи Абдувосит Саримсоқов фикрича, 4-5 нафар қиммат юрадиган хонанда баланд нарх айтганини эшитиб, “булар қутуриб кетибди” деган хулосага келиш керак эмас.

Самандар Ҳамроқулов 100 фоиз хато фикр билдирди, дея олмайман. У 1000 фоиз ҳақ эди. Мен сизга бир неча рўйхат ва манзилларни бераман, қишда шапка, ёзда кепка кийволиб, таксига чиқаётган, жаримага тушса, жаримасини тўлаётган, светига, сувига пул тўлолмаётган хонандалар қанча. Қолаверса, сентябрдан кечга киради дебсизлар. Улар қарзлар, кредитлар олиб қўйишган. Озгина бўлса ҳам шуни ўйлаш керак деган фикрдаман. Ҳа, тўғри, улар костюм-шим ва галстукларда катта-катта давраларга, номдор тўйхоналарга бориб қолиши мумкин. Бу – пули кўп дегани эмас. Ёки касби нуқтайи назаридан чиройли кийиниб боради хизматларга. Бирор шифокорнинг “олимпика”да операция қилаётгани ёки шалварда юрган бошқа соҳа вакиллари йўқ. Ҳамма ўзининг соҳасидан келиб чиқиб кийинади.

Саноқли тўрт-беш нафар 1000 доллар, 2000 долларга юрадиган қиммат хонандалардан андоза олиб, ҳамма шунақа экан деган фикрга келманглар. Организаторларнинг баланд нарх айтганини эшитиб, улар “қутуриб кетибди” деган хулосага келиш керак эмас. Сизлар ўйлаганларингдан пастроқ даражада юрган номдор-номдор санъаткорлар бор. Масалан, ушбу мурожаатни март ойининг охирида ёзаётган бўлсам, Янги йилдан бери ҳали бирорта хизматга чиқмаган ижодкорлар бор. Солиқ жорий қилмоқчи бўлганлардан ушбу масалани қайта кўриб чиқишларини илтимос қиламан”, дейди Саримсоқов.

Хонанда Даврон Эргашев бошқача фикрда. У қўшиқчилар 15 минутда топадиган пули учун бошқа касб эгалари 1 ой ишлаётганига эътибор қаратиб, солиқдан имтиёз сўраб чиқиш қилаётган ҳамкасбларини танқид қилди.

Пистачи ҳам, помидор-бодринг сотадиганлар ҳам солиқ тўлаяпти. Нимага энди биз тўламаслигимиз керак? Анча-мунча инсонлардан яхши топсак, тўғриси-да, бекитмайман. Алҳамдулиллаҳ. Халқимиз, мухлисларимиз 15-20 минут битта тўйга кириб чиқсак, айтган пулимизни беришади. Одамлар бир ой ишлаб, меҳнат қилади-да, 500-600 доллар топади. Биз 15 минутда топадиган пулимизни айтяпман. Нимага энди солиқ тўламаслигимиз керак? Мен Америкада яшайман ёки бориб-келиб юраман. Ўзбекистон фуқаросиман. Америкадаям солиқ деган нарса бор.

Битта нарсани айтиб ўтаман, бизда энг оғир жиноят – одам ўлдириш. АҚШда энг оғир жазо бу – солиқ тўламаслик. Солиқ вақти-вақтида тўланмаса, 20 йил, 30 йил, керак бўлса 40 йил қамоқ жазоси берилади. Демоқчиманки, санъаткорларга уят-да, Instagram’да чиқиб, кредит олганман, қарз бор, дейиш. Уялиш керак. Ким сизларга кредит олинглар деяпти?” дейди Даврон Эргашев.

Санъат аҳлининг иддаолари асослими?

Албатта, бошқа касбларда бўлгани каби санъаткорликнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор, буни ҳеч ким инкор этмайди. Аммо бу жиҳат жамият ва давлат олдидаги масъулиятни четлаб ўтишга эксклюзив ҳуқуқ бермаслиги керак. Солиқ тўлаш барча фуқаролар учун қонуний мажбурият.

Шу пайтгача бирор бир ўқитувчи, шифокор ёки фаррошнинг солиқ тўлаётгани учун қийналяпмиз, деб чиқиш қилганига гувоҳи бўлмадик. Алоҳида қайд этиш лозимки, хонандаларга ҳеч ким миниб юрган машинаси, яшаётган данғиллама уйи ёки бошқа мол-мулкига қўшимча солиқ солмаяпти ёки ўтиб кетган давр учун мажбурият юкламаяпти. Улардан келажакда топадиган даромаднинг бир қисмини эл қатори солиқ учун ажратиш талаб қилиняпти холос. Яъни тўйга чиқмаётган, даромад олмаётган хонандадан ўз-ўзидан ҳеч қандай солиқ ундирилмайди.

Боз устига, қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда ҳам, санъаткорларга бирданига 12 фоизлик даромад солиғи солинмайди. Улар учун даромад ҳажмига боғланган солиқ тизими фақатгина 2029 йилдан бошлаб амалиётга татбиқ этилиши мумкин. Бунгача янги тизимга мослашиш учун вақт ва имконият берилади.

Бошқа давлатларда қандай?

Кўп мамлакатларда шоу-бизнес вакиллари энг кўп солиқ тўловчилар ҳисобланади. Масалан, Америкада “санъат ўляпти” ёки “костюмим қиммат” деган баҳоналар ўтмайди. Санъаткор, хоҳ у тўйда хизмат қилсин, хоҳ стадионда концерт берсин, оддий фуқаро билан бир хил, аксарият ҳолларда эса ундан анча кўп солиқ тўлайди. Қўшма Штатларда даромад қанча юқори бўлса, солиқ ставкаси ҳам ошиб бораверади. Энг юқори даромад топувчи юлдузлар учун ставка 37 фоизни ташкил қилади. Ҳаммаси шу билан тугамайди. Аксарият штатларнинг ўз ички даромад солиғи бор. Масалан, шоу-бизнеснинг юраги бўлмиш Калифорния штатида қўшимча солиқ 13,3 фоизгача етади. Натижада юлдуз хонанда жами даромадининг деярли ярмини давлат бюджетига ўтказади. Ўз навбатида, АҚШда чиқиш қилган хорижлик санъаткорлардан ҳам тушумнинг 30 фоизи ушлаб қолинади.

Европа мамлакатларининг солиқ тизими ҳам “бойлар кўпроқ тўлаши керак” деган ғоя асосида шакллантирилган. Буюк Британия, Франция ва Германияда кўп пул топадиган санъаткорлар учун даромад солиғи ставкаси 45 фоизгача етади. Германияда бунга қўшимча равишда 5,5 фоизлик “бирдамлик устамаси” ҳам бор. Россияда эса даромад солиғи беш босқичли прогрессив шкала асосида ҳисобланади ва санъат аҳли энг кўп солиқ тўловчилар тоифасига киради.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Ўзбекистонда кун бўйи болалар билан ишловчи тарбиячи 2,5–3 млн сўм миқдорида топадиган даромадидан давлатга 12 фоиз солиқ тўлаяпти. Битта тўйга тарбиячининг 1 йиллик даромадига тенг суммага борадиган хонандаларнинг солиқ тўлашдан бўйин товлаши эса – энг камида адолатсизлик. Одамлар санъат аҳлини ҳурмат қилади, уларга эргашади. Айни пайтда ижтимоий тармоқларда давом этаётган чиқишлар эса “солиқ тўлаш яхши эмас, бу одамларни камбағаллаштиради” деган ғояни тарғиб қилишга хизмат қилиши мумкин.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид