Ўзбекистон | 12:30 / 05.05.2023
22431
3 дақиқада ўқилади

Эммануэл Макрон Ўзбекистонга келади

Макрон Ўзбекистонга ташриф буюрган Франциянинг иккинчи президенти бўлиши кутилмоқда. Яқин истиқболда Ўзбекистонга Венгрия ва Сингапур президентлари, Япония бош вазири ҳамда Қатар амири ҳам ташриф буюриши мумкин.

Фото: Президент матбуот хизмати

Франция президенти Эммануэл Макрон 2023 йилда Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда бугун, 5 май куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов маълум қилди, дея хабар бермоқда Hewshub.

“Франция президенти Макроннинг бу йил Ўзбекистонга амалга оширадиган ташрифи амалий аҳамиятга эга бўлиши учун икки мамлакат ҳукуматларининг саъй-ҳаракатлари талаб этилади”, – деган Қудратов савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Франция ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида.

Ташриф амалга ошса, Макрон Ўзбекистонга келган Франциянинг иккинчи президенти бўлади. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 1993 йилда Европа бўйлаб ГФР, Нидерландия, Франция ва Буюк Британияга сафар қилган, бунга жавобан 1994 йилда Франциянинг 21-президенти Франсуа Миттеран Самарқандга ташриф буюрганди.

Франсуа Миттеран Самарқандда / Фото: Getty Images

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 2018 йил октябр ва 2022 йил ноябр ойларида икки кунлик ташриф билан Парижда бўлган эди. Ўтган йилги ташрифда Мирзиёев франциялик ҳамкасбини ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга боришга таклиф қилганди.

Ўзбекистон президенти Евроиттифоққа аъзо давлатлар орасидан Германияга ҳам икки марта ташриф буюрган. Шу ҳафта 3 май куни Берлинда ГФР канцлери Олаф Шольц билан бўлиб ўтган музокараларда Шавкат Мирзиёев уни ҳам Ўзбекистонга таклиф қилганди.

Wikipedia'даги маълумотга кўра, Франция президенти Эммануэл Макрон ташрифи давомида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистонга Венгрия президенти Каталин Новак, Япония бош вазири Фумио Кишида, Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Сингапур президенти Ҳалима Ёқубнинг ташрифлари режада бор.

Президент Шавкат Мирзиёев эса 2023 йилда Бангладеш, Грузия, Қирғизистон ва Хитойга давлат ташрифи билан, Ҳиндистон, Қозоғистон ва Италияга расмий ташриф билан бориши мумкин.

Шунингдек, бир неча йиллардан буён тайёрлаб келинаётган Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги янги асосий ҳужжат – Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битимни имзолаш учун Шавкат Мирзиёев Брюсселга ҳам ташриф буюриши кўзда тутилган. Ўтган ойда битим лойиҳаси юзасидан музокаралар муваффақиятли якунлангани ва парафинлангани маълум қилинганди.

Мавзуга оид