Андижондаги хонадонлардан бирида 4 киши газдан заҳарланиб вафот этди — манба
21 октябрь куни тунги вақтда Жалақудуқ туманидаги хонадонлардан бирида 4 киши вафот этган, яна 4 киши касалхонага ётқизилган. Вилоят расмийлари ҳолатни тасдиқлади, лекин батафсил изоҳ бермади.
Жорий йил 21 октябрь куни Андижон вилояти Жалақудуқ тумани марказида яшовчи оилада газдан заҳарланиш содир бўлди. Kun.uz манбаларининг хабар беришича, ҳолат ҳақида 2 хил маълумот бор. Биринчиси уйга келган меҳмонлар билмасдан ошхонадаги метан газ баллонини очиқ қолдирган. Натижада тунги вақтда уйга газ тўлган ва фожиа содир бўлган. Иккинчи вариантда хонадондаги узоқ вақт ишламай турган газ трубаларига тунги вақтда табиий газ келган. Натижада хонадонда яшовчи эркак, унинг ўғли ҳамда икки нафар меҳмон (аёллар) газдан заҳарланиб вафот этган. Хонадонда бўлган яна 4 киши касалхонага тушган. Ҳозирда уларнинг соғлиги яхши.
Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот котиби фожиа бўлганини тасдиқлади, лекин батафсил маълумот бермади.
“Бу воқеа тафсилотлари ҳали аниқ эмас. Ҳозирча ўрганиш якунлангани йўқ. Ис гази сабаб экани бу албатта катта эҳтимол, аммо бундай вазиятда аниқ хулосасиз маълумот бериш фақатгина муҳокамани ва қўшимча саволларни кўпайтиради, холос”, - деган Муслимбек Иброҳимов.
Вилоят ИИББ матбуот хизмати эса “Ҳодиса бизнинг ваколатимизда эмас, юқори турувчи ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда”, дея изоҳ берди.
Манбаларга кўра, Жалақудуқдаги фожиада вафот этган хонадон эгаси тумандаги қишлоқлардан бирида имом хатиб бўлган. Айни вақтда Андижон шаҳридаги мадрасада ишлаб келаётган бўлган.
Мавзуга оид
16:17
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
11:38 / 25.10.2024
Вилоятлар орасида энг зич аҳоли Андижонда яшаши маълум қилинди
15:50 / 21.10.2024
Андижон ва Тошкентда 1 млрд сўмдан ортиқ “свет”дан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
10:54 / 20.10.2024