Жаҳон | 17:48 / 07.03.2024
11067
5 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ва Покистон ўртасида навбатдаги можаро: ядро дастурига алоқадор деб топилган кема Мумбайда тўхтатилди

Хитойдан Покистоннинг Карачи портига қараб сузиб кетаётган кема Мумбай соҳилларига етганда Ҳиндистон махсус хизматлари томонидан тўхтатиб қолинган. Ҳиндлар Нҳава-Шева портида тўхтатилган кемада Покистон ядро дастури ва баллистик ракета дастурида ишлатилиши мумкин бўлган икки мақсадли товарлар бор деб ҳисоблаган.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳолатни танқид қилиб, кемада тижорий юклар бўлганини маълум қилди. Покистон томонига кўра, кемада тижорий компанияга тегишли автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга мослашган чилангарлик дастгоҳлари бўлган. Покистон Ҳиндистонни «тижорий юкларни тортиб олиш»да айблаган.

«Покистон Ҳиндистоннинг тижорий юкларни мусодара қилиш каби ҳаракатини қоралайди. Бу эркин савдо қонунларига зид бўлиб, шубҳали репутациясига қарамай ўзини халқаро полициядек тутаётган давлат билан боғлиқ хатарларни тасдиқлайди. Бу баъзи давлатлар халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилмаганига қарамай жазосиз қолаётганининг ҳам оқибатидир», дейилади Покистон томони баёнотида.

Шимолий Кореядагига ўхшаш ҳолат

Ҳиндистон махсус кучлари томонидан тўхтатилган кемада ўз вақтида Шимолий Корея ядро дастурида ҳам ишлатилгани айтиладиган дастгоҳ ҳам топилган. Шунингдек, кемада Италия компанияси ишлаб чиқарган дастурий бошқарув машинаси ҳам бўлган. Бу машиналар қўлда қилиш имконсиз бўлган даражада аниқ эффектларни бажариб беради. Шу сабабли бундай қиммат машиналар одатда ракеталарда ишлатилади.

Бундай турдаги машиналар 1996 йилда имзоланган Вассенаар келишувига кўра қурол ишлаб чиқаришда қўллаш мумкин бўлган қўш фойдаланувдаги товарлар қаторига киритилган бўлиб, халқаро қуролланишга қарши келишувга бўйича тақиқланган. Бундай турдаги маҳсулотлар халқаро назоратни талаб қилади. Ҳиндистон Вассенаар келишувини имзолаган 42 давлатдан биридир.

Покистон томони Карачи портига кетаётган кемада тижорий юклар бўлган деган версияни такрорламоқда. «Бу тижорий импортнинг оддий кўриниши. Бу товарлар Карачидаги Покистон автомобилсозлиги учун деталлар етказиб берадиган компания томонидан буюртма қилинган. Дастгоҳларнинг техник имконияти улар фақат тижорий мақсадларга мўлжалланганини тасдиқлайди. Олди-сотди очиқ банк каналлари орқали керакли ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда амалга оширилган», дейилади Покистон ТИВ баёнотида.

Ҳиндистон Мудофаа тадқиқотлари ташкилоти кемадаги техникалар Исломободдаги ядро дастурида ишлатилиши мумкинлигини тасдиқлади.

Тақдим этилган ҳужжатга кўра, юклар Хитойнинг Shanghai JXE Global Logistics Co Ltd компанияси томонидан Покистоннинг Pakistan Wings Pvt Ltd компаниясига юборилгани қайд этилган. Аммо Ҳиндистон махсус кучлари бу юклар аслида Хитойдаги Taiyuan Mining Import and Export Co Ltd компанияси томонидан Покистондаги Cosmos Engineering компаниясига юборилаётганини аниқлаган.

Қизиғи, бу Ҳиндистон махсус кучлари Покистонга кетаётган юкларни қўш фойдаланишга мўлжалланган деган сабаб билан қўлга олган ягона ҳолат эмас. 2022 йил 12 мартда ҳиндлар айнан Покистондаги Cosmos Engineering компанияси учун олиб кетилаётган Италияда ишлаб чиқарилган термоэлектрик воситаларни қурол-яроғ ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин деган важ билан айнан Нҳава-Шева портида тўхтатиб қолган. Ўшандан буён Cosmos Engineering Ҳиндистон томонидан кузатувга олинган.

The Times of Indian'нинг ёзишича, 2020 йил феврал ойида Хитой Покистонга гўёки «саноат қуриткичлари» кўринишида автоклавлар етказиб берган.

2023 йил АҚШ Саноат хавфсизлиги бюроси Покистон баллистик ракетаси дастурига техникалар етказиб бергани учун Хитойнинг учта компаниясига нисбатан санкция жорий қилганди.

Ҳиндистон ва Покистон муносабатлари

Иккинчи жаҳон урушидан кейин 1947 йил Британия Ҳиндистони парчаланиб, мамлакатдаги мусулмон қатлам Покистон деган давлатга асос солганидан буён икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин бўлиб келмоқда. Мусулмонлар яшайдиган Кашмир Ҳиндистон таркибида қолгани томонлар ўртасидаги асосий тортишувли масала ҳисобланади.

Шу боис, икки давлат ҳам ўзаро тўқнашувга доимий тайёргарлик кўриб келади. Покистон ўз мустақил ядро дастурига эга бўлиши ўз хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим қадам деб ҳисоблайди. Чунки дунёнинг энг бой давлатларидан бирига айланган Ҳиндистон ҳарбий жиҳатдан сезиларли даражада қудратли ҳисобланади.

Ўз навбатида, Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ҳам бир текис эмас. Бу икки давлат 2000 йил аввал ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган ва дипломатик алоқалар тарихидаги энг қадимий муносабатлардан бирига асос солган. Шундай бўлса-да, чинликлар ва ҳиндлар келиша олмайдиган жиҳатлар бор. Хитой Ҳиндистоннинг энг йирик иқтисодий ҳамкори бўлишига қарамай, ҳиндлар Хитой Покистон билан стратегик шериклик қилишини қабул қила олмайди.

Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги баҳсли ерлар ҳам бор. Жанубий Хитой денгизидаги бундай ҳудудлар сабаб ҳар икки давлат чегарада қўшинларни кучайтиришга зўр бериб келади. Бу эса Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги яширин зиддият мавжудлигини кўрсатиб қўяди.

Мавзуга оид