Ўзбекистон | 16:31 / 14.04.2023
20027
4 дақиқада ўқилади

Аctivist апелляция шикоятини қайтариб олди

Ҳожиакбар Носировнинг адвокати ишни апелляция инстанцияда кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилгани, бироқ блогер адвокатнинг шикоятини кўрмасдан қолдиришни сўрагани айтилмоқда.

Фото: SUBYEKTIV

ACTIVIST лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров 8 апрель куни суд томонидан 15 суткага қамалганди. Айбловга блогернинг йогуртлар ҳақидаги видеолари асос бўлгани айтилган.

Ушбу воқеа жамоатчилик ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлиши ортидан суд қарори устидан апелляция шикояти ёки протест бериш мумкинлиги маълум қилинганди. Айбловга Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлик хулосаси ва бошқа далиллар асос бўлгани келтирилган.

Қайд этилишича, мазкур иш бўйича 14 апрель куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига Ҳожиакбар Носировнинг адвокати томонидан апелляция шикояти келиб тушган. Суд мажлиси 14 апрель соат 15:00 га тайинланган.

“Ҳуқуқбузар Ҳ.Н. томонидан адвокатнинг шикоятини кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ариза келтирилганлиги сабабли, МЖтКнинг 324-4 ва 324-8-моддаларига асосан, апелляция шикоятини кўрмасдан қолдириб, апелляция тартибида иш юритишни тугатиш ҳақида қарор чиқарилди”, дейилади Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг хабарида.

ACTIVIST’нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига 5 апрель куни жойланган видеода бир қанча ишлаб чиқарувчиларга тегишли йогурт маҳсулотларининг ҳаром экани таъкидланади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво маркази блогер ҳаром деб айтган кармин моддаси бўйича изоҳ берди. Таъкидланишича, ушбу модда қизил рангли бўёқ бўлиб, Е120 рақами остида озиқ-овқат қўшимчалари сифатида фойдаланилади. Кармин моддаси ярим қаттиқ қанотлилар гуруҳига мансуб бўлган кошенил ҳашаротидан олинади.

“Тўрт мазҳаб уламоларининг наздида чигирткадан бошқа ҳашаротларни истеъмол қилиш қатъий ман қилинган. Лекин ҳашаротлардан олинадиган моддалар, шу жумладан кармин Е120 моддаси ҳам муайян кимёвий жараён ва усуллардан ўтиши билан ҳолати ўзгариши соҳа мутахассислари ва уламоларимиз томонидан айтилган.

“Ҳашаротлардан олинадиган моддалар кимёвий йўллар билан бошқа моддага айланади. Бу жараённи Ислом шариатида “истиҳола” — бир модданинг бошқасига ўзгариши дейилади. Натижада нажосат ва нопок бўлган нарсалар ўз сифатларини йўқотиб, бошқа нарсага айланади. Шариат (бирор нарсанинг) нажосат бўлишини муайян моҳиятга боғлаган. Нажосатнинг баъзи сифатлари йўқолиши билан нажосатлик моҳияти ҳам йўқолади. Агар нажосатнинг барча сифатлари йўқолса, нажосатлик моҳияти ҳам тўлиқ йўқолган бўлади”, – дейилади Фатво маркази изоҳида.

Бироқ фаоллар суд қарори адолатсиз бўлгани, блогерни 15 суткага қамаш учун унга навбатчи моддалар тиркалгани, суд вазиятни тўғри малакалай олмагани ҳақида ёзишган.

Жумладан, Расул Кушербаевнинг айтишича, маъмурий ишга тиркалган “ИИБ ходимига бўйсунмаслик”, деган модда истаган одамни ичкарига олиб кириш учун ишлатиладиган “дежурный статья”га айланиб қолган. Адвокат Абдумалик Абдуллаев Ҳожиакбар Носировга нисбатан юритилган маъмурий ишни кўриб чиққан суд қарорини шубҳага олган.

Журналист Санжар Саидга кўра, ACTIVIST лойиҳаси муаллифининг бир видео ортидан 15 суткага қамалиши мамлакатда сўз ва эътиқод эркинлигига уюштирилган навбатдаги таҳдиддан бошқа нарса эмас.

Мавзуга оид