ИИВ Литвадан 44,6 млрд сўмга 7000 та планшет сотиб олди. Фаоллар планшетлар нархи анча арзонлигини айтишмоқда
Тендерда ғолиб деб топилган Литванинг Start Group компанияси етказиб бераётган планшетларнинг бир донаси тахминан 6,38 млн сўмга тушмоқда. Ўзбекистонликлар халқаро онлайн савдо платформалари, хусусан, Alibaba’да худди шундай параметрдаги планшетлар анча арзонлигига эътибор қаратишган. Шунингдек, тендерда ғолиб чиққан компанияда атиги бир киши ишлаши, фирманинг устав фонди эса 2896 евро экани айтилмоқда.
Ўзи нима гап?
3 июль куни ИИВ 7 минг дона планшет етказиб бериш бўйича тендерни якунлади. Давлат харидлари порталида маълум қилинишича, Литванинг Start Group компанияси Ўзбекистон ИИВ ходимлари учун тендерда ғолиб чиққан ва лот учун 3,61 млн евро (44 млрд сўм) таклиф қилган. Бир донаси тахминан 6,38 млн сўмга тушган планшетлар профилактика инспекторлари, ППХ ходимлари ва бошқа хизматлар ишини яхшилашга ёрдам бериши керак.
Сотиб олинган планшетлардан маъмурий баённомаларни рўйхатдан ўтказиш, қидирувда бўлган фуқаролар ва ўғирланган транспорт воситаларининг мавжуд маълумотлар базасига тезкор кириш, қидирувда бўлган шахслар асосида шахсни аниқлаш, ИИВ маълумотлар базасига киришни таъминлаш ҳамда матнли ҳужжатлар, фотосуратлар ва видеолар, овозли файлларни юборишда фойдаланиш кўзда тутилган.
Тендернинг бошланғич баҳоси 53,7 миллиард сўм этиб белгиланган. Танловда 9 та компания иштирок этди, улардан 7 таси тақдим этилган планшетлар намуналарида камчиликлар туфайли дисквалификация қилинган. Тендер комиссияси қолган иккита компаниядан Start Group’ни 3,61 миллион евро миқдоридаги суммаси билан ғолиб деб топди, бу ўша пайтда 44,66 миллиард сўмга тенг эди (шунда битта планшет нархи тахминан 6,38 миллион сўмни ташкил қилади).
7000 та планшет учун 50,5 миллиард сўм таклиф этган Solution Trade компанияси эса захира ғолиб деб топилган. Gazeta.uz’нинг ёзишича, комиссиянинг олти аъзосидан биттаси тендер натижаларига рози бўлмаган.
Техник топшириқда планшетларнинг операцион тизими Android 9 ёки ундан юқори версиялардан бирида бўлиши керак. Бундан ташқари, процессор частотаси камида 2 гигагерцга, ядролар сони камида 9 га тенг бўлиши белгиланган. Ташқи хотираси 64 гигабайтдан, оператив хотираси 4 гигабайтдан кам бўлмаган планшетда барча керакли драйверлар ўрнатилган бўлиши лозим.
Шунингдек, планшет бармоқ изларини таниш, штрих код ва QR-код, ID-карта ва паспорт маълумотларини ўқий олиш хусусиятларига, махсус сенсор қаламига эга бўлади. Экран 8 дюймли, ўлчамлари 1920х1200 пиксел бўлиши лозим.
Планшетларни харид қилиш бюджет маблағлари ва ИИВ бюджетдан ташқари жамғармалари, яъни жарималардан тушумлар ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Харид учун асос сифатида ҳукуматнинг 2021 йил 15 октябрдаги қарори ҳамда президентнинг 2022 йил 16 майдаги фармони ва йиғилиш протоколи келтирилган.
Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан бошлаб «E-патруль» тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва фуқароларни шахсини аниқлаш учун ички ишлар органларига олиб бориш амалиётидан воз кечиш керак эди. Буни планшетлар орқали амалга ошириш зарур.
Бундан ташқари, 2022 йил 27 октябрда қабул қилинган ҳукумат қарорига кўра 2022 йил 1 ноябрдан 2023 йил 1 сентябрга қадар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фуқароларнинг вақтинча турган жойи асосида махсус планшет қурилмалари орқали электрон рўйхатга олиш бўйича эксперимент ўтказилиши белгиланган. Қарорга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари икки ой ичида махсус планшет қурилмалари билан тўлиқ таъминланиши керак эди.
Бозор баҳосидан анча қимматга олинаётган планшетлар
Бироқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари айни параметрларга эга планшетлар бозор баҳосидан анча қимматга сотиб олинганини айтишмоқда. Хусусан, Азамат Парда ўғлининг ёзишича, Литва компанияси донасини 6,38 млн сўмдан етказиб бераётган планшетлар билан барча хусусиятлари (конфигурацияси, операцион тизими ва ҳ.к.) бир хил бўлган қурилмаларни Alibaba платформасидан 335 доллардан (Марказий банкнинг 14 июлдаги курси бўйича 3 млн 880 минг сўмдан), ҳатто ундан арзонроққа ҳам топиш мумкин.
Шу билан бирга, Alibaba платформасида 3,8 млн сўмдан арзонроқ ва аксинча 5 млн сўмдан қимматроқ таклифларни ҳам учратиш мумкин. Платформадаги энг қиммат таклифлар ҳам Литва компаниясининг таклифидан анча арзонлигини таъкидлаш жоиз.
“Alibaba’да рекламада турган расмни ўзгартиришга хам эринишган. Хуллас эксклюзив музокара қилмасдан тўғридан тўғри “клик” қилиб сотиб олсангиз 7000 донаси 36 миллиард сўм бўларкан”, деб ёзган Азамат Парда ўғли.
Устав фонди 2896 евролик компания
Start Group компанияси Литвада рўйхатдан ўтган бўлиб, турли моделдаги зарбага чидамли планшетлар, шунингдек, сунъий йўлдош рацияси, саноат принтерлари ва бошқа маҳсулотларни сотади. Бироқ тармоқ фойдаланувчиларининг фикрича, компанияни нуфузли деб бўлмайди.
“Корхонанинг бор-йўғи 1 та ходими бор. У ҳам бўлса Максим Абу Шахра (илгари Ўзбекистонда ишлаган). Корхона молиявий натижалари Европанинг халқаро фирмалари даражасидан пастроқдай. Биргина устав капитали миқдори 2896 евро. Мен мутахассис эмасман, албатта, лекин бундай камтар кўрсаткичлар билан нари борса олибсотарлик фирмасини очиш мумкин деб ўйлайман”, деб ёзган Ҳасан Давкаров.
Журналист Шуҳрат Шокиржонов Start Group компаниясининг сайтида компания томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рўйхатида турган ва Ўзбекистон ИИВга етказиб берилаётган планшетга Asakabank пластик картаси суқилиб турганига эътибор қаратган.
“Литва компаниясининг сайтига кирсангиз, литва тилини танлаш имкони йўқ, сайт фақат рус тилида. Лекин планшет моделларидан бирига аталган саҳифада унга «Асакабанк» картаси суқилган турибди.
Алломаи замон, ИИВ жамоатчилик кенгаши раиси Ёдгор Саъдиев ўзи ижро этган рол қаҳрамони оғзи билан айтганларидек, «булар бир ишниям пинҳона қилишолмайди, қийшиқ бармоқлари ошкор қилиб қўяди». Эҳ, қоракўзлар… Олаверинглар, давлатимиз камайиб қолмайди”, деб ёзади журналист Facebook’даги саҳифасида.
“Битта операцияда камида 2,5 млн доллар соф фойда кўриш... Бу пулга қанча мактаб, йўл, боғча қурса бўларди, демайман... Фойдаси йўқ, лекин шу тобда ДХХ қошида эски ОБХСС деган ташкилотга ўхшаган бўлим очилса анчасининг иштаҳаси ўзига келармиди...”, дея қайғурган Facebook фойдаланувчиси Хайрулло Мамасолиев.
“Ортиқхўжаев планшет чиқармаяптими?”, дея киноя қилган Муяссар Юсупова.
Интернет фойдаланувчилари Start Group мана шундай операцияларда пул ювиш учун очилган фирма бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган.