Спорт | 12:09 / 12.03.2026
8503
11 дақиқада ўқилади

«Сити» Мадридда 3 та, «Челси» Парижда 5 та гол ўтказди. Кун ўйинлари

Ҳужумчи йўқлигида ҳужумчига айланган Валверде «Сити» ҳимоячиларини манекенга айлантирди. «Челси» бош мураббийи эса «Тоттенҳэм»даги ҳамкасбининг хатосини такрорлади, «Арсенал» Германиядан дуранг билан қайтди, «Будё-Глимт» эртаги давом этади.

Фото: Reuters

«Реал» – «Манчестер Сити» 3:0
Голлар:
Валверде, 20 (1:0). Валверде, 27 (2:0). Валверде, 42 (3:0)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Винисиус Жуниор, 58’
«Реал»: Куртуа, Рюдигер, Ҳаусен, Менди (Гарсия, 46), Александр-Арнолд (Карваҳал, 83), Тшуамени, Питарч (Мастантуоно, 76), Арда Гулер (Камавинга, 70), Валверде, Винисиус Жуниор, Диас (Мануэл Анхел, 76)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гейи, О`Райли, Ҳусанов, Родри, Бернарду Силва (Айт Нури, 70), Доку, Савио (Рейндерс, 46), Ҳоланд (Мармуш, 82), Семенё (Шерки, 70)
Огоҳлантиришлар: Доннарумма, 57. Айт Нури, 82

Чемпионлар лигаси классикасига айланган «Реал» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги ўйинда мухлислар бу сафар ҳам ёрқин футбол томоша қилишди. Мадридликлар жароҳатлар туфайли Мбаппе, Беллингҳэм, Родриго, Милитао, Алаба, Каррерас ва Камавинга каби етакчи футболчиларидан фойдалана олмаганига қарамай, номдор рақибга қарши ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозонишни уддалашди.

Ўйинни «Сити» фаолроқ бошлади, чап қанотда Доку бир неча бор Трентни қийин аҳволга солиб қўйди. Белгиялик вингер 17 дақиқа ичида уни уч марта муваффақиятли алдаб ўтди.

Аммо 20-дақиқада ўйин картинаси буткул ўзгариб кетди. Куртуа дарвоза олдидан узун пас берди.

Ўнг қанотда олдинга ташланган Федерико Валверде бир ҳаракат билан Нико О'Райлини ортда қолдирди ва дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди.

Доннарумма олдинга чиқиб келди, аммо хавфни бартараф эта олмади, уругвайлик яримҳимоячи тўпни унинг ёнидан олиб ўтди ва бўш дарвозани ишғол этди.

Етти дақиқа ўтиб у марказий ҳужумчи позициясида пайдо бўлди ва иккинчи голни урди: Винисиус ҳимоя чизиғини кесиб ўтувчи пас берди, Рубен Диаш тўпни тўса олмади, ҳимоячилар ортига очилган Валверде эса Гейидан илдамроқ ҳаракат қилди ва Доннаруммага имкон қолдирмади.

Шундан кейин «Сити» футболчилари орасида тушкунлик юзага келди, ўйиннинг дастлабки қисмидаги фаолликдан асар ҳам қолмади. Бўлим охирида эса учинчи гол ўтказиб юборилди. Чап қанотда Винисиус олдинга ташланди, унга халал беришга уринган Ҳусанов йиқилиб тушди ва ҳужум муваффақиятли давом эттирилди, бу ҳужум якунида аввалига Диас тўпни Рубен Диашнинг устидан ошириб ташлади.

Кейин Валверде бу финтни Гейига нисбатан ишлатди ва иккинчи тегинишда тўпни дарвозага киритди – 3:0.

Иккинчи бўлимда Гвардиоланинг алмаштиришлар орқали бурилиш ясашга уринишлари беҳуда кетди, мезбонлар бу устунликни сақлаб қолишди. Агар бир ҳафтадан кейин «Этиҳад»да ҳам бу устунликни сақлаб қола олишмаса, «Реал» футболчилари Валвердега нисбатан ноҳақлик қилган бўлишади.

«Байер» – «Арсенал» 1:1
Голлар:
Андрих, 46 (1:0). Ҳаверц, 89 – пеналти (1:1).
«Байер» Бласвиҳ, Куанса, Андриҳ, Терриер (Ҳофманн, 81), Тапсоба, Поку, Грималдо, Гарсия, Паласиос (Фернандес, 81), Маза (Тилман, 74), Кофане
«Арсенал»: Райя, Тимбер, Салиба, Габриэл, Инакпие, Райс, Субименди, Эзе (Жезус, 82), Сака (Мадуэке, 60), Мартинелли, Йокереш (Ҳаверц, 74).
Огоҳлантиришлар: Андриҳ 2, Поку 58, Паласиос 63 – Мартинелли 26, Субименди 69.

Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичида навбатдаги сенсация рўй беришига бир бахя қолди. Умумий гуруҳ босқичида 8 ўйинда 8 ғалабага эришиб, турнир ғолиблиги учун яққол фаворитлар қаторида саналаётган «Арсенал» «Байер» майдонида сўнгги дақиқаларда пеналтидан урилган гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди.

Ҳолбуки Бундеслиганинг сўнгги беш ўйинида биргина ғалабага эришган ва турнир жадвалида олтинчи ўринда келаётган, сўнгги икки ойга яқин вақт ичида етти нафар футболчиси жароҳат туфайли сафдан чиққан «Байер»да кейинги босқичга чиқиш учун ҳеч қандай имконият йўқлиги тахмин қилинаётганди.

Амалда эса мезбонлар тартибли ҳимояланди ва хавфли қарши ҳужумлар уюштирди, иккинчи бўлим бошида эса лондонликларга қарши уларнинг қуролини ишлатди – бурчак зарбасидан кейин жамоа сардори Андриҳ ҳисобни очди. Кутилмаган зарба меҳмонларни қийин аҳволга солиб қўйди, Давид Райя ўйиннинг қолган қисмида «Арсенал»ни бир неча бор қутқаришига тўғри келди.

Ўйиннинг охирги қисмида эса «Байер» чуқур ҳимояланди ва бу жамоага панд берди. Иккинчи бўлим давомида Сака ўрнига туширилган Нони Мадуэке жарима майдони ичида йиқилди, мезбон жамоа футболчилари ва мухлислар уни симуляция ишлатишда айблади, аммо ҳакам пеналти қўйиши учун контакт етарли эди.

Лондонликларнинг иккинчи бўлимда захирадан ўйинга қўшилган яна бир футболчиси Кай Ҳаверц 11 метрлик нуқтадан зарбани аниқ ижро этди ва собиқ жамоасига урган голини нишонламади. Шу билан ўйин якунланди.

Бу дурангдан кейин умумий вазият ўзгармай қолди: «Арсенал» фаворит эди ва фаворитлигича қолди. «Байер»ни энди бир ҳафтадан кейин «Эмирейтс»да жуда қийин ўйин кутмоқда.

«ПСЖ» – «Челси» 5:2
Голлар:
Барколя, 10 (1:0). Гюсто, 28 (1:1). Дембеле, 40 (2:1). Фернандес, 57 (2:2). Витиня, 74 (3:2). Кварацхелия, 86 (4:2). Кварацхелия, 90+4 (5:2)
«ПСЖ»: Сафонов, Маркинос, Пачо, Нуну Мендеш, Ҳакими, Витиня, Жоау Невеш, Зайр-Эмери (Эрнандез, 78), Барколя (Маюлу, 78), Дуэ (Кварацхелия, 62), Дембеле (Ли Кан Ин, 69)
«Челси»: Йергенсен, Чалоба, Фофана, Кукуреля, Гюсто (Гарначо, 88), Жеймс, Кайседо, Фернандес, Педру Нету, Палмер (Лавиа, 83), Жоао Педро (Делап, 83)
Огоҳлантириш: Кварацхелия, 88

«ПСЖ» 2025 йил ёзида клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида учралган мағлубият учун «Челси»дан қасдини олди. Баҳорга келиб парижликларда деярли оптимал таркиб йиғилди – ҳозирда асосий таркиб футболчиларидан фақат Фабиан Руис лазаретда қолмоқда. Луис Энрике ҳужум чизиғида Усмон Дембеле, Брэдли Барколя ва Дезире Дуэ учлигига ишонч билдирди, Лиам Росениор эса кутилмаганда асосий дарвозабонни алмаштириб, Санчес ўрнига Филип Йоргенсенни бошланғич таркибга киритди.

Мезбонлар илк дақиқалардан кучли босим ўтказишди ва бу 10-дақиқада Барколянинг голи билан якунланди. «Челси» ҳам тезкор голдан ўзини йўқотиб қўймади ва бўлим ўрталарига бориб Мало Гюсто жавоб голини урди. Бўлим охирига бориб Дембеле қарши ҳужумда жамоасининг иккинчи голини урди.

Танаффусдан кейин ўйин бироз тинчланди, 15 дақиқача жамоалар хавфли вазиятларга эга бўлишмади. Лекин шундан кейин гол кўпроқ керак бўлган меҳмонлар олдинга чиқишди ва Энцо мувозанатни тиклади.

Шундан кейин яна майдонда жимжитлик ҳукм сурди. Биринчи бўлимда катта куч сарфлаб юборган жамоалар тежамкор режимга ўтишди. Бундай ҳолатда захира имкониятлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Луис Энрике Хвича Кварацхелия ва Ли Кан Инни майдонга ташлаш орқали ҳужум чизиғини кучайтирди. Меҳмонлар устози эса бошланғич таркибга ишонч билдиришда давом этди.

У ишонч билдирган Йоргенсен 74-дақиқада қўпол хатога йўл қўйди, унинг муваффақиятсиз узатмасидан кейин Барколя тўпни эгаллаб олди ва Хвичага узатди, у эса Витиняни зарбдор позицияга чиқарди.

«Челси» яна олдинга ташланди ва бироз ўтиб Жоау Педро Сафонов қўриқлаётган дарвозани ишғол этди, аммо офсайд ҳолати қайд этилди ва гол бекор қилинди.

Кварацхелия эса қолган дақиқаларда бир-биридан чиройли голлар уриб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Энди парижликлар бир ҳафтадан кейин Англияга учта гол устунлиги билан сафар қилади. «Челси» чоракфиналга чиқиши учун мўъжиза рўй бериши керак бўлади.

«Будё-Глимт» – «Спортинг» 3:0
Голлар:
Фет, 32 – пеналти (1:0). Бломберг, 45+1 (2:0). Ҳег, 71 (3:0)
«Будё-Глимт»: Хайкин, Бертуфт, Гундерсен, Беркан, Севольд, Берг, Фет (Салтнес, 79), Эвен (Эукленн, 87), Ҳауге, Бломберг (Мяяття, 75), Ҳег (Ҳелмерсен, 79)
«Спортинг»: Руй Силва, Гонсалу Инасиу, Диоманде, Фреснеда, Ваяннидис (Морита, 63), Юлманн, Симоес (Сантуш, 63), Тринкау, Луис Гилерме (Браганса, 79), Катаму (Файе, 63), Суарес
Огоҳлантиришлар: Гундерсен, 44. Ҳег, 76 – Юлманн, 20

«Будё-Глимт»нинг Чемпионлар лигасидаги юриши давом этадиган бўлмоқда. Мавсум кашфиётига айланган норвеглар турнирда қаторасига бешинчи ғалабага эришди – бу гуруҳ босқичининг сўнгги турларида «Манчестер Сити» ва «Атлетико», ўтиш босқичида «Интер» устидан қозонилган ғалабалар ортидан рўй берди. Хетил Кнутсен шогирдларининг навбатдаги қурбони «Спортинг» бўлди.

«Будё-Глимт» ўйиннинг илк қисмида юқори прессинг уюштирди ва меҳмонлар майдоннинг иккинчи қисмига ўтишга ҳам қийналишди. Португаллар дарвозабони Руй Силва бир неча бор жамоасини голдан қутқарди, аммо 29-дақиқада мезбонлар тўпурари Сондре Фет пеналтидан ҳисобни очди.

Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса фарқ иккитага ошди: скандинавлар ўйин бошидан буён қўллаган услуб ниҳоят иш берди – узоқ масофадан тўп жарима майдонига етказиб берилди, Бломберг барчадан илдамроқ ҳаракат қилди ва Силвани яна бир бор ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур қилди.

Иккинчи бўлимда «Спортинг» устози Руй Боржеш учталик алмаштириш орқали ўйинда бурилиш ясашга уринди, аммо бу ҳам ёрдам бермади. «Будё» кўп ўтмай учинчи голни ҳам урди – жарима майдони ичкарисига хавфли узатма яна иш берди, бу сафар жамоанинг яна бир тўпурари Каспер Ҳег аниқ зарба берди.

Ўйинда зарбалар сони бўйича тенглик кузатилди (10:9, дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича – 5:2), шу билан бирга, xG бўйича норвеглар рақибга қараганда анча яхши кўрсаткич қайд этишди (2,46 га қарши 0,51). Жамоани кейинги босқич билан табрикласа ҳам бўлади, 17 март куни Лиссабонда ўтадиган ўйинда «Спортинг» учта гол фарқини йўққа чиқаришига ишониш қийин.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид