Тошкентда ҳар бир туманнинг бош режаси ишлаб чиқилади
Пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов президент шаҳардаги ҳар бир туманнинг бош режаларини ишлаб чиқиш таклифини берганини маълум қилди. Тошкентда тирбандликларни бартараф этиш бўйича Йўлларни бошқариш департаменти ташкил этиш режаси айтилди.
Тошкент шаҳрининг 12 та тумани учун алоҳида бош режалар ишлаб чиқилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.
Чоршанба куни президент Шавкат Мирзиёевга Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳаси тақдим этилди. Унда Тошкент шаҳри ҳудуди 3 та зонага ажратилади: консервация, реконструкция ва реновация. Бунда экологик муаммолар, «уйдан савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига 15 дақиқада етиб олиш» тамойили ҳамда Тошкент вилояти туманларини пойтахт билан ягона агломерация сифатида ривожлантириш ҳисобга олинган.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги қошида ишчи гуруҳ икки йил давомида Сингапур, Англия, Хитой ва Европа давлатларидан мутахассисларни жалб қилган ҳолда бош режа лойиҳасини ишлаб чиққан.
«Тақдимот якунида президент керакли қўшимчалар киритиш зарурлигини таъкидлади. Бош режа тасдиқлангандан кейин барча режалаштирилган ишларнинг қоидалари аниқ белгиланади. Президент ҳар бир туманнинг шаҳар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, бош режалар ишлаб чиқишни ҳам таклиф қилди. Бош режада ҳудуднинг бугунги қиёфаси, шунингдек, бир йил, беш йил ва ўн йилликдаги қиёфаси қандай кўринишда бўлиши акс эттирилади, чунки бизнинг бош режамиз 2045 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқилган», — деди пойтахт ҳокимлиги раҳбари.
Шавкат Умурзоқов бош режа билан тасдиқланадиган қоидаларга риоя қилиш учун керакли мутахассисларни тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.
«Бугун Тошкент шаҳрида ишлаётган архитекторлар, лойиҳачилар ҳокимлар хорижий тажрибани ўрганиш, керак бўлса архитекторларимиз бориб тажрибани ўрганиб келиши ҳақида топшириқ бердилар. Узоқ муддатли мутахассисларни тайёрлаш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида Қурилиш вазирлиги билан биргаликда Тошкент шаҳар Шаҳарсозлик институтини яратиш тавсия этилади, мен ўйлайман, бу катта мутахассисларни тарбиялаш учун имконият беради», — деди у.
Ҳоким шаҳардаги тирбандлик муаммосига ҳам тўхталиб ўтди. Президент топшириғига кўра, Транспорт вазирлиги ва шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Тошкент шаҳар йўлларини бошқариш департаменти ташкил қилинмоқда.
Мавзуга оид
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024
Пойтахт ИИББ Отабек Бакиров устидан жиноят иши қўзғатишни рад этди
23:26 / 18.12.2024