Ўзбекистон | 11:10 / 22.09.2019
15543
2 дақиқада ўқилади

Меҳнат вазири ўринбосари ёш шифокорларга қишлоқларда текин уй-жой беришни таклиф қилди

Қишлоқ жойларда шифокор кадрларнинг етишмаслиги муаммосини ўша ҳудудларда уларни бепул уй-жой билан таъминлаш ва маошига қўшимча тўловлар бериш орқали ҳал этиш мумкин, деб ҳисоблайди Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Умрзоқов бу ҳақда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида айтиб ўтган.

«Буюртма бўлиши керак! Шартнома асосида. Ўша қишлоқларга битирувчини мажбуран юбориш йўқ қонун бўйича. Бу мажбурий меҳнат дейилади. Лекин уни иқтисодий ва ижтимоий рағбатлантирадиган йўллари бор.

Ҳукумат, масалан, бир топшириқ билан ёш врачларга қишлоқларда бепул уй-жой берса, уларнинг маошига қўшимча тўловларни биз вазирликлар билан биргаликда қилиб берсак, улар жон-жон деб ишлайди. 5 йил эмас, керак бўлса 10 йил ҳам ишлаб кетади», – деди у.

Тиббиёт соҳасида 15 йиллик тажрибаси борлигини айган Меҳнат вазири ўринбосари, шунингдек, тиббий ёрдам ва тиббий хизматнинг алоҳида-алоҳида миқдорларини аниқлаш, тиббиётда миллий нормаларни киритиш ва ҳамширалар сонини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

«Мана шу нарсаларни ҳукумат қарори билан яқин йилларда жорий қилмасак, эски ҳаммом, эски тос ҳали камаймайди», – деб хулоса қилди Баҳодир Умрзоқов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Сенатга тақдим қилган ахбороти танқидларга сабаб бўлгани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид