Жаҳон | 14:28 / 26.03.2026
4888
8 дақиқада ўқилади

Музокараларни рад этган Эрон, Шимолий Кореяга келган Лукашенко ва Украинага босим ўтказаётган АҚШ – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эрондаги уруш давом этмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун келишувга эришишга ўта муҳтож эканини айтди.

«Эрон раҳбарлари музокара олиб бормоқда ва улар келишувга эришишни жуда ҳам хоҳлашади, бироқ буни айтишдан қўрқишади. Чунки ўз халқи томонидан ўлдирилишидан хавфсирашади. Шунингдек, улар биз томонимиздан ўлдирилишдан ҳам қўрқишади», дея таъкидлади Вашингтондаги тадбирда сўзга чиққан Трамп.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса АҚШ билан ҳеч қандай мулоқот ёки музокара бўлмаганини, бироқ воситачилар орқали турли хабарлар алмашилганини айтди.

«Дўст мамлакатларимиз орқали хабарлар етказилиши ва биз бунга жавобан ўз позициямизни билдиришимиз ёки зарур огоҳлантиришлар беришимиз — музокара ёки мулоқот деб аталмайди», деди Ароқчи чоршанба куни давлат телевидениесига берган интервюсида. «Бу шунчаки дўстларимиз орқали хабар алмашишдир».

Трамп АҚШ Эронда айнан ким билан музокара олиб бораётганини очиқламаяпти. 28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум қилганидан бери кўплаб юқори мартабали амалдорлар ҳалок бўлган.

АҚШнинг Покистон орқали Эронга юборган 15 банддан иборат таклифи: Эроннинг бойитилган уран захираларини йўқ қилиш, бойитишни тўхтатиш, баллистик ракета дастурини чеклаш ва минтақавий иттифоқчиларни молиялаштиришни тўхтатишни кўзда тутади. Бу ҳақда режадан хабардор манбалар маълум қилган, АҚШнинг ўзи ҳозирча изоҳ бермади.

Шунингдек, Эрон воситачиларга АҚШ ва Исроил билан тузиладиган ҳар қандай ўт очишни тўхтатиш келишувига Ливан ҳам киритилиши кераклигини айтган.

Исроил бу келишувга шубҳа билан қараб, ҳар қандай келишувда ўзининг олдини олувчи зарбалар бериш ҳуқуқи сақланиб қолишини истамоқда.

Тарихдаги энг оғир энергетика инқирозига сабаб бўлган ушбу можаронинг оқибатлари минтақа сарҳадларидан анча узоққа тарқалди. Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши натижасида бутун дунё бўйлаб ёқилғи тақчиллиги юзага келмоқда. Авиакомпаниялардан тортиб супермаркетлар ва автомобил дилерларигача – нархларнинг ошиши, талабнинг пасайиши ва таъминот занжири узилиши каби муаммолар билан курашмоқда.

Жаҳон озиқ-овқат дастури ҳисоб-китобларига кўра, агар уруш июн ойига қадар давом этса, яна ўн миллионлаб одам ўткир очарчиликка дуч келади.

Яқин Шарқда «ўт очишни тўхтатиш бўйича оптимизм йўқолган». АҚШ ва Исроил ҳам, Эрон ҳам зарбалар беришда давом этмоқда.

Зеленский: «АҚШ Украинага босим ўтказмоқда»

АҚШ Украинага тинчлик келишуви доирасида хавфсизлик кафолатларини бериш таклифини — Киев бутун Донбассни Россияга топшириши шарти билан боғламоқда. Бу ҳақда президент Володимир Зеленский Reuters’га берган интервюсида маълум қилди.

«Яқин Шарқдаги вазият, шубҳасиз, президент Трампга ва унинг кейинги қадамларига таъсир кўрсатмоқда. Менинг фикримча, афсуски, президент Трамп ҳали ҳам Украина томонига кўпроқ босим ўтказиш стратегиясини танламоқда», деди у.

Украина раҳбари тинчлик келишуви имзоланганидан кейин Россия яна ҳарбий ҳаракатлар бошламаслигини таъминлаш учун мустаҳкам хавфсизлик кафолатлари зарурлигини айтган.

Зеленскийга кўра, хавфсизлик кафолатлари бўйича иккита муҳим масала ҳал қилинмасдан қолмоқда: Украинанинг ҳарбий тийиб туриш салоҳиятини сақлаб қолиш учун қурол сотиб олишни ким молиялаштиради ва келажакда Россия агрессияси юз берганда иттифоқчилар аниқ қандай жавоб қайтаради?

Россия томони эса агар тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолса, Вашингтон қизиқишини йўқотади ва музокараларни тарк этади деган умидда. Зеленский бундай хавф мавжудлигини тан олди. Хусусан, шу ойда ўтказилиши керак бўлган тўртинчи раунд музокаралари Эрон билан бўлаётган уруш туфайли қолдирилди.

Россия президенти Владимир Путин бутун Донбасс устидан назорат ўрнатиш – уруш мақсадларининг асосий қисми эканини айтган. Путин бунга музокаралар столида эриша олмаса, жанг майдонида эришишини таъкидлаб келмоқда. Бироқ сўнгги икки йил ичида Россия қўшинларининг илгарилаши жуда секин кечмоқда.

Европа шарқидаги фронт ҳам фаоллашган. Бир неча кун олдин Россия 24 соат ичида Украинанинг тинч аҳоли яшаш пунктларига қарийб 1000 та дрон ва 34 та ракета отганди. Чоршанба куни эса Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Украинанинг 389 та дронини уриб туширганини маълум қилди. Бу уруш бошланганидан бери Россия ҳудудлари ва Қримга қилинган энг йирик тунги ҳужум сифатида қайд этилди.

Лукашенко КХДРга келди

Беларус президенти Александр Лукашенко чоршанба куни расмий ташриф билан Шимолий Кореяга келди.

Пхенян аэропортида Лукашенкони Шимолий Корея бош вазири ўринбосари Ким Ток Хун кутиб олди. Куннинг иккинчи ярмида ўтказилган ўта дабдабали маросимда эса Лукашенкони Ким Чен Иннинг шахсан ўзи қаршилади.

Шимолий Корея давлат оммавий ахборот воситаларига кўра, Ким ва Лукашенко ўртасидаги музокаралар кун тартибидан Шимолий Корея ва Беларус ўртасидаги алоқалар ўрин олган. Лукашенко охирги марта Ким билан 2025 йил сентябрида Пекинда учрашган ва ўшанда Шимолий Кореяга таклиф қилинган эди.

Беларус ташқи ишлар вазири Максим Риженковнинг сўзларига кўра, Лукашенконинг ушбу ташрифи давомида мамлакатлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланади.

Ўттиз йилдан ортиқ вақтдан бери Беларусни бошқариб келаётган автократ раҳбар Лукашенко Кремлнинг яқин иттифоқчиси ҳисобланади. Бу икки етакчи 2022 йил февралида бошланган Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинида Москвани ҳарбий, иқтисодий ва дипломатик йўллар билан қўллаб келмоқда.

Урушга араблар ҳам жалб қилинадими?

Туркия дипломатлари Эрон зарбаларига учраган араб давлатлари билан фаол маслаҳатлашувлар олиб бориб, уларни урушда бевосита ҳарбий иштирок этишдан тийилишга ундамоқда. Bloombergʼнинг ёзишича, Анқара араб давлатларининг жанговар ҳаракатларга жалб этилиши бутун Яқин Шарқни хавф остига қўядиган уруш келтириб чиқаришидан хавотирда.

Туркия тийиб туришга уринаётган давлатлар орасида БАА ва Саудия Арабистони ҳам бор. Икки давлат ҳам ўз ҳудудларини ҳимоя қилишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган. Шу билан бирга, Анқара Эрон билан алоқа каналларини сақлаб қолмоқда.

Олдинроқ New York Times нашри Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Доналд Трампни Эрондаги урушни давом эттиришга ундаётганини ёзганди.

Аслида урушдан четланишни афзал кўрган Муҳаммад бин Салмон иккита нарсадан хавотирда: агар АҚШ ярим йўлда тўхтаса, Саудия Арабистони ва араблар дарғазаб Эрон билан ёлғиз қолиши мумкин. Бундан ташқари, валиаҳд шаҳзода минтақадаги кучлар нисбатини қайта шакллантириш учун урушни «тарихий имконият» сифатида кўрмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид