Ўзбекистон | 13:34 / 08.04.2021
4210
3 дақиқада ўқилади

Телеканалларга сериаллар ишлаб чиқариш учун 1 млн доллар ажратилади

“Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги президент фармони эълон қилинди.

Миллий сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун республика миқёсида фаолият юритувчи телеканалларга Кинематография агентлиги томонидан ҳар йили 12 миллиард сўмдан (1,14 млн доллар - таҳ.) кам бўлмаган миқдорда субсидия маблағлари ажратилади.

Бунда:

  • субсидия олиш учун талабгор телеканал сериал ижодий лойиҳасини агентликка тақдим этади;
  • агентлик Бадиий кенгаши сериалнинг мазмун-моҳияти, мавзуси, телеканал аудиторияси ва рейтингини ҳисобга олган ҳолда субсидия маблағлари ажратиладиган телеканалларни аниқлайди;
  • субсидия олувчи телеканал сериаллар бюджетининг камида 50 фоизини ўз маблағлари ҳисобидан қоплаши лозим.

Агентлик уч ой муддатда миллий сериаллар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш бўйича қўшимча молиялаштириш манбаларини аниқлаган ҳолда давлат дастурини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳужжатли ва хроникал фильмлар ишлаб чиқариш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • фаолиятида долзарб ислоҳотлар амалга оширилаётган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари рўйхати ҳамда фильмларни молиялаштириш манбалари ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;
  • ушбу рўйхат ва унга киритилган фильмларни тасвирга олиш учун зарур маблағлар Марказга йўналтирилади;
  • марказ ҳужжатли ва хроникал фильмлар ишлаб чиқаришни очиқ танлов асосида ташкил этади.

Аудиовизуал асарлар (кино, сериал, мультфильм, ҳужжатли фильм, телекўрсатув) яратишда республика ҳудудида амалга оширилган харажатлар бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш (“rebate”) бўйича қуйидаги тартиб жорий этилади:

а) хорижий кинокомпаниялар учун, агар харажатлар суммаси:

  • 3 миллиард сўмгача бўлса – 10 фоиз, бироқ битта фильм учун 250 миллион сўмдан ошмаган миқдорда;
  • 3 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмгача бўлса – 15 фоиз, бироқ битта фильм учун 650 миллион сўмдан ошмаган миқдорда;
  • 5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлса – 20 фоиз, бироқ битта фильм учун 1,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда;
  • 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлса – 25 фоиз, бироқ битта фильм учун 3 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда қоплаб берилади;

б) маҳаллий кинокомпанияларга улар томонидан фильм ишлаб чиқаришда тўланган солиқ суммасининг 50 фоизи ҳисобот йили якунига кўра қайтариб берилади.

Белгиланишича:

  • мазкур банднинг “а” кичик бандида белгиланган компенсациялар республика бюджетидан тўлаб берилади ва бу мақсадлар учун ҳар йили 20 миллиард сўм маблағ ажратилади;
  • мазкур банднинг “б” кичик банди сценарийси агентлик билан келишилган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳаллий аудиовизуал асарларга нисбатан қўлланилади;
  • мазкур банд давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган фильмларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Бундан олдин, «Ўзбеккино» миллий агентлиги Кинематография агентлиги этиб қайта номлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид