Ўзбекистон | 22:41 / 02.07.2020
40706
3 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда 10 киши ноқонуний қурилишларга алоқадор равишда қамоққа олинган — Тошкент вилояти прокурори

«Улар – маҳалла раиси, туман ҳокими ўринбосари, туман «Ермулккадастр» бўлими ходими, маклерлар. Жами 10 нафар одам тергов олдида жавоб беряпти», – деди вилоят прокурори Салом Самадов.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ноқонуний дала ҳовлиларнинг бузилиши бўйича журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди. Унда вилоят прокурори Салом Самадов вазиятни шарҳлаб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида 20 млн гектар ер бўлса, шунинг 20 фоизи суғориладиган ер ҳисобланади. Ўрмон хўжалигининг ери бўладими, қишлоқ хўжалигининг ери бўладими, фақатгина қурилишга рухсат берилган ерларда қурилиш қилиш мумкин.

Қонунчилигимизда агарда мана шундай ўзбошимчалик билан эгалланган ерларга зарар етказса, зарар пулини тўлаш кўзда тутилган. Мана шундай қонунбузарлар ҳозирда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Улар – маҳалла раиси, туман ҳокими ўринбосарлари, туман «Ермулккадастр» раҳбари ва ходимлари, маклерлар. Жами 10 нафар одам тергов олдида жавоб беряпти

Кўп йиллардан бери Бўстонлиқ туманида ноқонуний қурилиш қилиш оддий ҳолга айланган. Қонунни бузсак ҳам давлат органи ходимлари билан билан келишамиз, улар ҳам бирон нарса кутади, дейишади. Натижада 2020 йил 11 май ҳолатига кўра, 8та жиноят иши қўзғатилган, 594та объект ноқонуний деб топилган ва 24та мана шундай ноқонуний тарзда қурилган уйларнинг эгалари судга чақирилганида келишмаган.

Ўрганишлар натижасида кўрдикки, нафақат Бўстонлиқ туманида, балки бошқа ҳудудларда ҳам фуқаролар ноқонуний тарзда эгалламоқчи бўлган ерларига аввалига тош териб қўйишади, кейин секингина ёғоч тахлайди, ундан кейин ғишт теришади ва «тақ» этиб устини ёпишади, шу билан иморат тайёр.

Бундай ноқонуний қурилишларнинг сабаби нимада? Албатта, сўнгги йилларда Ўзбекистон аҳолисининг сони ошиб бормоқда, лекин ҳокимият томонидан қонуний тарзда қурилиш қуриш учун ерлар ажратилмаган, очиқ аукционга қўйилмаган. Қурилишга биз қарши эмасмиз, майли қурсин, лекин қонуний томондан қурилсин.

Ҳокимият томонидан қонуний ерлар кўрсатилмагани ва беэътибор қолдирилгани учун шу ҳолатга келган, коррупция бўлган.

Айнан Бўстонлиқ туманининг шундай гўзал манзаралари бўлгани учун биз Франция, Германия ва Туркия давлатлари билан фикр алмашган ҳолда бу ерда катта туристик зона қилмоқчимиз.

Оддий ўқитувчи, шифокор ходимлар бу ердаги қиммат дачаларга кела олмайди. Биз шу томонларни ўйлаган ҳолда 3-4 қаватли отеллар қуришни режалаштиряпмиз», – дейди Тошкент вилояти прокурори Салом Самадов.

Пресс-турга Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров ҳам жалб этилган. Аввалроқ мавзу юзасидан унинг фикрлари эълон қилинган эди.

Мавзуга оид