Жаҳон | 11:06 / 27.03.2022
58662
6 дақиқада ўқилади

«Бу одам ҳокимиятда қолиши мумкин эмас» — Байденнинг мурожаатидан асосий иқтибослар

Байден Россиянинг «стратегик муваффақиятсизликка учрагани» ҳақида гапирди.

Фото: Evelyn Hockstein / Reuters / Scanpix / LETA

АҚШ президенти Жо Байден Владимир Путин ҳақида нима деб ўйлаши ҳақидаги саволга жавобан шундай деди: «У қассоб». Бу ҳақда Байден Варшавада украиналиклар билан учрашувидан кейин журналистлар билан ўтказилган суҳбатда айтиб ўтди.

Кейинроқ америкаликлар президенти матбуот анжумани ўтказди, унда Украинага қарши уруш Россия учун «стратегик муваффақиятсизлик»ка айланганини айтиб ўтди. Байденнинг сўзларига кўра, бу уруш Россияни XIX асрга улоқтириб юборган.

Путин ҳақида гапирар экан, Байден бу одам ҳокимиятда қолиши мумкин эмас»лигини айтди. АҚШ президенти россияликларга ҳам мурожаат қилди ва «Россия халқи бизга душман эмас» деб айтди. Байденнинг сўзларига кўра, у россияликлар «бегуноҳ болалар ўлдирилиши, Украинадаги мактаблар ҳамда шифохоналарнинг бомбардимон қилинишини маъқуллашига ишонмайди.

Аллақачон ўлиб бўлган империяни тирилтирмоқчи бўлган диктатор ҳеч қачон бунга эриша олмайди. Эркин инсонлар буни ҳеч қачон қўллашмайди. Эркин инсонлар зулмат ҳукмрон бўлган дунёда яшашдан воз кечишади. Биз ёруғликка, демократияга, имкониятлар эркинлигига интилмоқдамиз. Худо бизнинг ҳимоячиларимиз ва бизнинг эркинлигимизни ёрлақасин!

Биз яна озодлик учун буюк курашга, демократия ва автократия ўртасида бўладиган курашга киришдик. Ва шуни ўзимиз учун билишимиз керакки, бу курашда яқин кунлар ёки ойлар ичида ғалаба қилиб бўлмайди. Биз узоқ давом этувчи курашга ҳозирлик кўришимиз керак. Украина ва унинг халқи бу курашнинг олдинги сафида. Уларнинг қаҳрамона қаршилиги — барча эркин инсонларни бирлаштирувчи асосий демократик принциплар учун курашнинг бир қисмидир. Мен Украина халқига мурожаат қиламан: биз сизлар биланмиз.

Россия ўз уйида демократияни бўғди ва энди бу ишни бошқа давлатларда қилмоқчи. Путин Украинани «денацификация» қилмоқчилигини айтади. Бу ёлғон. Бу цинизм ва унинг ўзи ҳам буни билади. Бу шунчаки уятли ҳолат. Президент Зеленский демократик сайловларда сайланган. У келиб чиқишига кўра яҳудийларга мансуб, унинг отасининг оиласи Холокост вақтида ҳалок бўлган. Путин эса, худди бошқа автократлар каби куч унга ҳуқуқ беради деб ўйлайди. Йўқ, аслида ҳуқуқ куч беради.

Бу жиноятчи НАТОнинг кенгайишини Россияни беқарорлаштиришга қаратилган империяча лойиҳа сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақиқатдан йироқ. НАТО — мудофаа альянси ва ҳеч қачон Россияга зарар келтиришга уринмаган. Путин қонун устуворлигига асосланган ва Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўрнатилган жаҳон тартибига бевосита қарши чиқди. У Европага ўн йиллаб давом этадиган урушни қайтариш билан таҳдид қилмоқда. Биз бунга йўл қўя олмаймиз. Токи у НАТО ҳудудига бир дюйм ҳам бостириб киришга журъат этмасин.

Россия халқи, мен ҳамиша сиз билан очиқчасига гаплашганман. Эшита олсангиз, айтишга рухсат беринг. Сиз бизга душман эмассиз. Мен сиз бегуноҳ болалар ва қарияларнинг ўлдирилишини олқишлашингиз, шифохона, мактаб ва туғуруқхоналарнинг бомбардимон қилинишини қабул қила олишингизга ишонмайман. Бу буюм миллатнинг иши эмас. Бу сизнинг оилангизга муносиб келажак эмас. Мен сизларга ҳақиқатни айтаман. Уруш — сизга муносиб нарса эмас.

Худо ҳаққи, бу одам ҳокимиятда қолиши мумкин эмас.

Байденнинг чиқишидан бошқа иқтибослар:

  • Россияликлар замонавий дунёдан узилиб қолди. Сизлар XXI аср мамлакати эдингиз. Энди сиз XIX аср давлатисиз.
  • Россиялик олигархлар бу урушнинг меъморларидир. Уларнинг ҳамма нарсасини олиб қўйдик.
  • Европа Россия энергия ташувчиларидан халос бўлиши керак, АҚШ бу борада ёрдам қўлини чўзишга тайёр.
  • Украиналиклар асрлар оша ўз эркинлиги учун курашиб келмоқда.
  • Путин ўз олдига етиб бўлмас мақсадни қўйган.
  • АҚШ қўшинлари Европада Россия қуролли кучлари билан жанговар ҳаракатларга киришиш учун жойлаштирилмаган.
  • Санкциялар туфайли рубл шағалга айланди, улар урушни молиялаштира олмаслиги учун биз Россия иқтисодиётининг нақ юрагига зарба бердик.
  • Бу уруш Россиянинг таназзулига айланиб бўлди. Россияликлар диктатор ҳокимияти остида яшашмоқда ва норозилик билдиргани учун қамоқларга тушишмоқда. Бир ойнинг ичида Россиянинг 200 минг аҳолиси мамлакатни тарк этиб бўлди.
  • Россия биз НАТОнинг жойлашувини унинг чегаралари яқинида қисқартиришимизни истаган эди, лекин ҳозир қўшинларимиз бир неча баробар кўпайтирилди.
  • АҚШ Украинадан 100 минг қочоқни қабул қилади.
  • Россия ҳеч қачон Украинани маҳв эта олмайди.
  • Бўлаётган воқеалар — Иккинчи жаҳон урушидан сўнг жаҳонда ўрнатилган тартибга қарши чиқиш.

Байденнинг «қассоб» ҳақидаги сўзларига муносабат билдираркан, РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «ҳар сафар бундай шахсий ҳақоратлар АҚШнинг ҳозирги маъмурияти билан икки томонлама муносабатлар учун имкониятлар ойнасини торайтириши»ни маълум қилди.

Оқ уй кейинроқ аниқлик киритишича, Байден Путиннинг россияликлар устидан ҳокимиятига шубҳа қилмаган, фақат путинизм экспортини тўхтатишни талаб қилган.

Аввалроқ Байден Путинни «қонхўр диктатор ва Украина халқига қарши ахлоқсиз уруш олиб бораётган ҳақиқий каллакесар» деб атаганди.

Мавзуга оид