Ўзбекистон | 08:23 / 08.08.2020
7238
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги агентлик ташкил этилиши кутиляпти. У йўл хўжалиги соҳасига алоқадор

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг “Автойўлинвест” агентлиги ташкил этилади.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг “Автойўлинвест” агентлигини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Республика йўл жамғармаси негизида йўл хўжалиги соҳасида халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ижрочи орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг “Автойўлинвест” агентлиги ташкил этилади.

Агентлик Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тасарруфидаги Республика йўл жамғармасининг мол-мулклари ва имзолаган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • йўл хўжалиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳаларни, шу жумладан хорижий инвестициялар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредитлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини аниқлаш, уларнинг йиллик, қисқа ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
  • лойиҳани ишлаб чиқишда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш;
  • йўл хўжалиги соҳасида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида кредит маблағларини жалб қилишда иштирок этиш;
  • тендер савдолари натижасида ғолиб бўлган пудрат ташкилотлар билан тегишли шартномалар расмийлаштирилишини ташкил қилиш;
  • лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тизимли мониторинг юритиш, шунингдек, пудратчи ташкилотлар томонидан йўл хўжалиги соҳаси нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таҳлил қилиш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни ўз ваколати доирасида бартараф этиш чораларини кўриш;
  • тегишли вазирликлар ва идоралар, шунингдек йўл хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштиришда иштирок этувчи халқаро ташкилотлар фаолиятига кўмаклашиш;
  • инвестиция дастури прогнозларини ўз вақтида ижросини амалга ошириш ҳамда якунланган ишларни белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилишни таъминлаш.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитасининг таркибига кирувчи корхона ва ташкилотларнинг Республика йўл жамғармаси буюртмачилик фаолияти бўйича автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш ишларидан ҳосил бўлган дебитор қарздорликларини ҳамда бошқа корхона ва ташкилотларнинг ундириш муддати ўтган қарздорликларини кечиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси бир ой муддатда Республика йўл жамғармаси буюртмачилик фаолияти бўйича умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланмаган объектларни ҳамда буюртма асосида тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатларини “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш Дирекцияси” ДУКга топшириш ишларини якунлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид