Ўзбекистон | 03:00 / 23.01.2018
10029
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура тадбиркорлар ва инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича назоратни кучайтиради

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда бир ой муддатда назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилган текширишлар, мониторинг ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар ҳақидаги зарур ахборотларни доимий киритиб боришни назарда тутувчи махсус электрон ахборот тизимини ишлаб чиқади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида имзоланган президент фармонида белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бир ой муддатда қуйидаги ишларни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги қонунбузилишлар ҳақидаги маълумотларни текшириш тартибини ишлаб чиқади ва киритади;

Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда тадбиркорлик фаолияти соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда тадбиркорлик фаолияти соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, қонунчилик нормаларини етказиш ва тушунтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳар бир ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича айбдор шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги принципи сўзсиз амалга оширилишини таъминлаган ҳолда, тадбиркорлик фаолияти соҳасида, энг аввало, тадбиркорлик субъектлари, чет эл инвесторлари ва чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик ижроси устидан назоратни кучайтиради. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид