Жаҳон | 07:15 / 14.11.2025
7919
4 дақиқада ўқилади

Метро қурилиши марафони: дунёдаги 10 пешқадам

Метрополитен сектори шиддат билан ривожланмоқда. 2024 йил якунига кўра, 180 дан ортиқ шаҳар аҳолиси ҳар куни метро тизимидан фойдаланиб, тирбандлик ва чиқиндиларни камайтирмоқда.

Spherical Insights компаниясининг тадқиқотида энг йирик метро тизимларига эга ўнта давлат номи эълон қилинди — бу келажакнинг самарали, экологик ва технология жиҳатдан тайёр жамоат транспортига жаҳон миқёсидаги бурилишни акс эттиради.

Хитой

Хитой муносиб равишда биринчи ўринни эгаллайди: 50 дан ортиқ шаҳарда 9 500 километрдан зиёд метро йўллари бор. Улкан агломерациялар — Шанҳай (802 км), Пекин (836 км) ва Гуанчжоу (631 км) — ушбу улкан тармоқнинг таянадиган устунларидир. Янги шаҳарлашув режаси доирасида Хитой 2025 йил охиригача бундай йўлларни 10 500 километрдан оширишни кўзлаяпти.

АҚШ

Автомобил маданиятига қарамасдан, АҚШда тахминан 1 300 км метро йўллари мавжуд. 472 та станцияли Ню-Йорк метроси мамлакатнинг флагмани бўлиб қолмоқда, Вашингтон ва Сан-Франциско эса Инфратузилма ва иш ўринлари тўғрисидаги қонун ҳисобига тармоқларини фаол кенгайтирмоқда.

Жанубий Корея

Сеулнинг замонавий метроси 1 100 кмдан ортиқ чўзилган бўлиб, дунёдаги энг технологик ва тоза тизимлардан бири ҳисобланади. Контактсиз тўлов, юзни таниш орқали кириш ва кўп тилли интерфейс юксак урбанизациялашган аҳолига хизмат қилади.

Ҳиндистон

Ҳиндистонда ҳақиқий транспорт инқилоби кечяпти. Деҳлидан то Мумбай ва Бангалоргача 18 шаҳарда қарийб 958 км йўл — жадал ўсишни кўрсатади. Бунда, марказий ва минтақавий ҳокимиятлар ҳамкорлиги ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг кенг жорий этилишига таянишни кузатиш мумкин.

Япония

Аниқлик, тозалик ва интеграция — япон метро тизимларининг, аввало Токио ва Осакадаги белгиларидир. Токио метроси (тахминан 900 км) ҳар куни 8 миллиондан ортиқ йўловчини ташийди. Автопилот (пилотсиз) бошқарув ва энергия тежамкор таркиблар бўйича инновациялар Япониянинг соҳадаги етакчилигини сақлаб турибди.

Россия

Россия метрополитенлари, айниқса Москва ва Санкт-Петербургдаги, меъморий шукуҳ ва ишончлилик билан машҳур. Дунёдаги энг катта тармоқлардан бири — Москвадаги Катта ҳалқа линияси мамлакат транспорт тараққиёти амбицияларининг рамзига айланди. Россиядаги умумий метро йўллари 800 кмдан ошади.

Германия

Германия метроси юқори технология ва барқарорликни бирлаштиради. Берлин, Мюнхен ва Ҳамбург тармоқлари жами 700 кмдан ошади. Электрификация ва реал вақтдаги мобиллик маълумотларига кучли урғу немис метросини бутун дунё учун намунага айлантирмоқда.

Бразилия

Бразилия — Лотин Америкасида метрополитен бўйича флагман. Сан-Паулу тахминан 400 км тармоқ ва 91 та станция билан етакчи. Ақлли чипта бериш ва маълумотларга асосланган йўналтириш мегаполисда кенгайиш муаммоларига бардош беришга ёрдам беради.

Буюк Британия

Дунёдаги илк ерости темирйўлининг ватани — Лондон метрополитени ҳануз глобал рамз ҳисобланади. Элизабет линиясини ўз ичига олган модернизация дастурлари Буюк Британиянинг метрони янада барқарор ва қамровли қилиш бўйича интилишини акс эттиради. Тармоқнинг умумий узунлиги 400 кмдан ошган.

Франция

Париж метроси, Лион ва Марселда ривожланаётган тармоқлар билан бирга, Франциянинг шаҳар транспортидаги бой меросининг бир қисмидир. Йўллар узунлиги тахминан 220 кмни ташкил этади, улкан Grand Paris Express лойиҳаси эса 2030 йилгача яна 200 кмдан ортиқ йўлни қўшади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид