Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Буюк дўст» ва триллионлар. Муҳаммад бин Салмоннинг АҚШга ташрифи қандай ўтди?
Доналд Трамп етти йил деганда илк марта Оқ уйга келган Саудия валиаҳд шаҳзодасини ноодатий дабдаба билан кутиб олди. Томонлар AI чиплар ва мудофаа келишуви имзолади: қироллик F-35ʼларни олади. Бин Салмон АҚШга киритиладиган сармояни 1 триллион долларга оширди, Трамп янада кўпроқ сўради. Журналистлар билан учрашувда эса Қошиқчининг ўлими асосий мавзу бўлди.
АҚШ президенти Доналд Трамп Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонни – бошқа давлатларга камдан-кам қилинадиган катта дабдаба билан кутиб олди. Оқ уй олдида фахрий қоровул саф тортди, тўплардан салют отилди ва АҚШ ҳарбий самолётларининг Вашингтон узра парвози билан ташриф бошланди.
Келишувлар, ҳамкорлик ва қуроллар
АҚШ ва Саудия Арабистони имзолаган асосий ҳужжат – «Яқин Шарқ бўйлаб тийиб туриш қобилиятини мустаҳкамлайдиган», АҚШ мудофаа саноати компанияларининг қиролликдаги фаолиятига доир Стратегик мудофаа келишувидир. Бироқ мазкур келишув Саудия хоҳлаган – Конгресс томонидан ратификация қилинадиган НАТО услубидаги шартномага тўлиқ мос келмаган.
Учрашувда Трамп F-35 қирувчи самолётларини келажакда етказиб беришни маъқуллади, Саудия эса АҚШдан 300 та танк харид қилишга рози бўлди. Риёд 48 та F-35 қирувчиларини сўраган. Reutersʼнинг ёзишича, қиролликка биринчи марта сотилаётган ушбу самолётлар – Исроилнинг «сифат жиҳатдан ҳарбий устунлиги» талқинини синовдан ўтказади.
Бундан ташқари, томонлар фуқаровий ядро ҳамкорлиги бўйича музокараларнинг якунланганини тасдиқловчи қўшма декларацияни имзолади. Риёд АҚШ ядро технологиясига киришни истамоқда, бироқ Вашингтоннинг уранни бойитиш ва қайта ишлашдан воз кечиш талаби бўйича қаршилик кўрсатмоқда.
Оқ уй айтишича, икки томон сунъий интеллект бўйича ўзаро англашув меморандуми ва муҳим минераллар бўйича ҳамкорлик доирасини ҳам белгилаб олган.
Учрашувдаги яна бир шов-шувли ваъдани Бин Салмон берди. У АҚШга киритиладиган Саудия инвестицияларини 600 миллиард доллардан 1 триллион долларга етказишга ваъда берди. Бироқ муддат ва тафсилотларини айтмади.
Оқ уйдаги ноқулай саволлар ва «Қошиқчи мавзуси»
18 ноябрь куни Оқ уйдаги асосий музокаралар медианинг кун тартибида бўлишига асосий сабаб – саудиялик марҳум журналист Жамол Қошиқчи эди. Қиролликнинг танқидчиси бўлган журналист 2018 йил октябрь ойида Истанбулдаги Саудия Арабистони консулхонасида ўлдирилган.
Кутилганидек, Оқ уй журналистлари Трампни ҳам, МБСни ҳам аяб ўтирмади. Хусусан, ABC News мухбири Мери Брюс президентларга Жамол Қошиқчининг ўлдирилишига шаҳзоданинг алоқаси, «11 сентябр воқеалари» ва Трамп оиласининг қиролликдаги бизнеслари ҳақида саволлар берди.
Доналд Трамп бу саволларга кескин жавоб қайтарди. «Меҳмонимизни бундай саволлар билан шарманда қилишингиз шарт эмас», деди. Шунингдек, саволлардан жаҳли чиққан Трамп журналист ишлайдиган ABC News каналини «фейк хабарлар тарқатадиган энг ёмон нашр» деб атади.
«Мени оилавий бизнесга ҳеч қандай алоқам йўқ. Мен у ердан кетганман ва энергиямнинг 100 фоизини ишга бағишлаганман. Оилам ҳамма жойда бизнес қилади. Аслида улар Саудия Арабистони билан жуда оз иш қилган, менимча улар жуда кўп иш қилиши ҳам мумкин”, деди Трамп.
Шунингдек, Трамп Қошиқчини «жуда баҳсли одам» деб атади. «Воқеалар содир бўлади, лекин у (валиаҳд шаҳзода) бу воқеада ҳеч нарсани билмаган ва биз шу билан якунлаймиз», деди Трамп. Аслида эса АҚШ разведкаси бу қотиллик – шаҳзоданинг буйруғи билан амалга оширилган, деган хулосага келган.
Оқ уйга яхшилаб тайёрланиб келган Бин Салмон саволлар вақтида ўзини хотиржам тутишга ҳаракат қилди. Унинг айтишича, 11 сентябрь терактида Усама бин Лодин АҚШ-Саудия муносабатларини бузиш учун саудиялик фуқаролардан фойдаланган.
МБС, Қошиқчининг ўлдирилиши борасида эса ҳукумати чоралар кўрганини айтди. «Биз Саудия Арабистонида текширувнинг барча тўғри босқичларини бажардик. Тизимимизни, шундай ҳодисалар қайтарилмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун яхшиладик. Бу оғриқли ва улкан хато эди», — деди бин Салмон.
Суҳбатда Трамп, қиролликнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги ютуқларини мақтаб қўйди. Аммо аниқ бир тафсилот келтирмади.
Исроил ва Ғазо масаласи
Оқ уйдаги учрашувда Ғазодаги вазият ва Исроил билан муносабатлар масаласи ҳам кўтарилди. Трамп Ғазонинг «Тинчлик кенгаши» бир нечта давлат раҳбарларидан таркиб топишини айтиб, «уйларига қайтаётган» Ғазо аҳолисига миннатдорлик билдирди. Унинг айтишича, Ғазо ҳозир олдингига қараганда анча хавфсиз.
Муҳаммад бин Салмон унинг мамлакати Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш учун Фаластин давлатига «аниқ йўл» кераклигини айтди.
«Биз Иброҳим келишувларининг бир қисми бўлишни истаймиз. Аммо икки давлат ечими бўйича аниқ йўлга эга эканлигимизга ишонч ҳосил қилмоқчимиз,» деди МБС Овал кабинетда.
«Буюк дўст» ва иттифоқчи
18 ноябрь куни қийин саволлардан кейин Оқ уйда расмий тушлик бўлди. Унда Трамп йиғилганларга мурожаат қилиб, валиаҳд шаҳзодани «буюк дўст, етакчилик, жасорат ва кучга эга инсон» деб атади.
Тадбирга шунингдек, Илон Маск каби юзлаб бизнес етакчилари, Криштиану Роналду каби футбол юлдузлари ҳам таклиф қилинди. Трамп «ўғлим – Роналдунинг катта ишқибози», деб уни алқаб қўйди.
Айнан ушбу кечада Доналд Трамп Саудия Арабистонига НАТОга кирмаган АҚШнинг асосий иттифоқчиси (Major Non-NATO Ally) мақоми берилишини айтди. «Бу орқали икки давлат ҳарбий ҳамкорлиги янада баландроқ босқичга кўтариляпти», деди АҚШ етакчиси. Бу мақом Саудияга ҳарбий ва иқтисодий имтиёзлар беради, бироқ хавфсизлик кафолатини бермайди.
Трампнинг таъкидлашича, июнь ойида АҚШ томонидан Эрон ядровий объектларига берилган зарбалар Саудия Арабистонини янада хавфсиз қилган.
АҚШ–Саудия инвестиция саммити
Айтиш жоиз бўлса, ташрифнинг энг “фойдали кунлари” эртасига содир бўлди. Саудлар Вашингтонда АҚШ–Саудия инвестиция саммитини уюштирди. Унга икки етакчилардан ташқари, Америка корпоратив дунёсининг энг қудратли раҳбарлари, етакчи бизнесменлар ташриф буюрди.
МБС саммитдан бир кун олдин АҚШга киритиладиган инвестицияларни 600 миллиард доллардан 1 триллион долларга оширишини айтганди. Форумда нутқ сўзлаган Доналд Трамп эса ундан яна-да кўпроқ пул сўради.
«Биз суратга тушаётганимизда мен унга, ʼБуни 1,5 триллион доллар қила оласизми?ʼ деб айтдим. Энди у бу ҳақда ўйлаши керак», деди Трамп.
Шунингдек, Трамп икки давлат «дунёдаги энг катта, энг қудратли, энг инновацион сунъий интеллект экотизимини қуриш учун яқиндан ҳамкорлик қилишини» билдирди.
Кимлар билан қандай келишувлар бўлди?
Саудия Арабистони Инвестиция вазирлиги чоршанба куни тарқатган баёнотида қироллик ва АҚШ ўртасида 267 миллиард доллардан ортиқ келишувлар ва битимлар тузилганини айтди. Бироқ бу битимларнинг барчаси амалда бажарилади дегани эмас.
Хусусан, Илон Маскнинг xAI компанияси ва Nvidia – Саудия давлатига қарашли Humain компанияси билан қироллик ҳудудида маълумот маркази қуриш учун ҳамкорлик қилади.
Humain, шунингдек Blackstone, Global AI, AMD ва Cisco билан ҳам битимлар тузди. Саудларнинг компанияси Nvidia'нинг AI чипларидан 600 минг дона сотиб олишни ҳам режа қилган.
Бундан ташқари, MP Materials АҚШ Мудофаа вазирлиги ва Саудия давлат кончилик компанияси Maaden билан биргаликда қиролликда ноёб ер элементлари учун қайта ишлаш заводи қуради.
Нефть гиганти Saudi Aramco ҳам йирик АҚШ компаниялари билан қиймати 30 миллиард доллардан ошиши мумкин бўлган 17 та ўзаро меморандум ва келишувлар имзолаган.
Яна нималар бўлди?
Муҳаммад бин Салмон АҚШга ташрифининг иккинчи кунида Конгресс аъзолари билан ҳам учрашди. Бин Салмонга АҚШ Конгрессида кўрсатилган муносабат бошқа дунё лидерларига бериладиган қабулга қараганда сустроқ бўлди. Хусусан, тадбир эълон қилинмади ва унга ОАВ вакиллари киритилмади.
АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба куни Судандаги давом этаётган гуманитар инқирозга эътибор қаратиш ниятини билдирди. Маълум бўлишича, бу масалани Саудия валиаҳд шаҳзодаси Трампдан илтимос қилган.
«Жаноби олийлари Суданга оид жуда кучли бир иш қилишимни хоҳлайди. Бу масалага аралашиш режаларимда йўқ эди. Аммо сиз ва бу хонадаги кўплаб дўстларингиз учун бу қанчалик муҳимлигини кўряпман», деди Трамп.
Саудия эплай оладими?
АҚШга 1 триллион долларлик инвестиция киритиш – Саудия Арабистони учун осон бўлмайди. Чунки қиролликда футуристик мегашаҳарлар, 2034 йил Жаҳон чемпионати учун стадионлар каби жуда қиммат ва кечикаётган лойиҳаларга аллақачон катта харажатлар қилинмоқда.
Шундай бўлса-да, унинг кенг ҳудудлари ва энергия ресурслари AI инфратузилмасини қуриш учун ҳал қилувчи омиллар ҳисобланади.
Трампнинг ўзи ҳам Саудия Арабистони билан бизнес алоқаларидан наф кўриши мумкин. У ва унинг бир нечта яқин маслакдошлари кўчмас мулк ва бошқа инвестиция соҳаларида Саудия ҳамкорлари билан бизнес битимлар тузган. Аммо сешанба куни Оқ уйдаги учрашувда Трамп манфаатлар тўқнашуви эҳтимолини рад этди.
Мавзуга оид
18:28
Хитой асосчиси Мао ҳақидаги муҳим маълумотлар акс этган ҳужжатлар АҚШ ҳудудида қолади
12:44
Рубио: АҚШ НАТО билан муносабатларни қайта кўриб чиқади
08:33
Трамп: АҚШ Эрон бўйича мақсадига етди, ҳужумлар тез орада тўхтайди
22:50 / 31.03.2026