Ўзбекистон | 14:22 / 27.05.2022
19241
3 дақиқада ўқилади

Коррупция урчиб кетгани бўйича энг кўп шикоят Андижон вилоятидан тушаётгани маълум бўлди

Андижон вилояти коррупцион жиноятлар ва коррупцияга оид шикоятлар сони бўйича энг юқори ўринларни эгаллаб турибди, дея маълум қилди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Коррупцияга оид жиноятлар содир этилиши бўйича Андижон вилояти сўнгги 3 ойда энг юқори ўринларни эгаллаб турибди, дея маълум қилди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Қайд этилишича, Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига аҳолиси коррупция бўйича энг кўп мурожаат қиладиган ҳудудлар ичида Андижон вилояти республикада 1-ўринда турибди.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Андижон вилоят Коррупцияга қарши ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳудудда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш кераклиги ҳақида сўз борган. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида коррупцияга қарши курашиш тизимининг бугунги кундаги ҳолатига эътибор қаратилган.

Таҳлилларга кўра, 2021 йилда вилоятда 22 нафар шахсга нисбатан 18 та жиноят иши судга юборилган. Улар ўзлаштириш, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда пора олиш каби жиноятларни содир қилган.

Мазкур жиноятларга қўл урганларнинг 4 нафари вилоят ҳокимлиги, 18 нафари туман ва шаҳар ҳокимликларининг ходимлари ҳисобланади.

Йиғилишда бу жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, ҳозир ва келгусида уларнинг олдини олиш учун кўриладиган чоралар тўғрисида вилоят прокурори, масъул ҳоким ўринбосари ахборот берган.

Тадбирда вилоят Коррупцияга қарши ҳудудий кенгаши зиммасидаги вазифаларни самарали бажара олмаётгани ҳам танқид қилинган. 2021 йил якунлари бўйича Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, Андижон вилояти 9-ўринни эгаллаган.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

“Бир ойдан сўнг 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича ҳудудлар худди шундай баҳоланади ва барча натижалар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниб, Миллий кенгаш йиғилишида муҳокама қилинади. Лекин бу даврда ҳам вилоят ҳудудий кенгаши томонидан ижобий натижа кўрсатиш учун арзирли амалий иш ёки ташаббусни кўрмаяпмиз. Кенгаш аъзолари коррупцияга қарши курашиш борасида аъзо сифатидаги масъулиятни қанчалик ҳис қилмоқда, вилоятда, ўз тизимида коррупцияни камайтириш учун қай даражада ҳаракат қилмоқда – бу каби саволларни кенгашнинг ҳар бир аъзоси ўзига қайта ва қайта бериши керак, деб ўйлайман”, – деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тухташева.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ноябрида Андижон вилояти прокуратураси ходими 15 минг доллар, Асака тумани ҳокимлиги юристи минг доллар пора билан ушланганди.

Kun.uz аввалроқ Андижон вилоятидаги қурилишларда регулятор бўлган асосий давлат ташкилотлари раҳбарлари қариндош-уруғчилик асосида миллиардлаб давлат буюртмаларига эга чиққани, уларнинг фақат бир нафари жазога тортилган, айримлари ҳамон ўз лавозимида ишлаётгани ҳақида ёзганди.

Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров давлат манфаатларига 1,7 млрд сўм зарар келтирганликда айбланган, бироқ бу ишнинг келгуси тақдири номаълумлигича қолганди.

Мавзуга оид