Жаҳон | 22:53 / 11.11.2025
11369
7 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Россия нефтига санкцияси: бу борадаги вазият қандай?

Трамп Венгрияга санкция остидаги рус нефтини сотиб олишига истисно тариқасида рухсат берди. Саудия Арабистони Хитой ва Ҳиндистонга арзонлаштирилган нефт таклиф қилмоқда. Жаҳон бозорида нефтнинг арзонлашиши Россиянинг асосий энергетика даромадларини кескин қисқартиряпти. Айни мавзу Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида қизғин муҳокама марказида бўлди.

— Венгрия Россия нефтини сотиб олишда АҚШдан махсус истисно олгани айтилди. Трамп “Роснефт” ва “Лукойл”га эълон қилган санкциялар амалда қандай ҳолатда?

Камолиддин Раббимов: Россия Молия вазирлиги тақдим этган расмий маълумотларга кўра, 2025 йил октябр ойида нефтдан олинаётган даромад ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга камайган. Бундан олдинги йилларда ҳам тушиш тенденцияси мавжуд эди, бироқ бу сафарги кўрсаткич сезиларли даражада жиддий.

Нефт нархининг пасайишига эса глобал бозордаги ортиқча нефт таклифи сабаб бўлмоқда. Бир қатор халқаро иқтисодий институтлар ҳисоб-китобига кўра, ҳозирги пайтда дунё бозорида 3-4 миллиард баррел атрофида ортиқча нефт мавжуд. Саудия Арабистони ҳам Хитой ва Ҳиндистонга Россия билан бир хил нархда, яъни санкциялар сабаб арзонлаштирилган нархларда (демпинг) нефт сотишни бошлади. Бу эса Россиянинг асосий бозорларида рақобатни кучайтирди.

Агар яқин келажакда Венесуэладаги сиёсий вазият ҳам ўзгарса, Россия нефт ва газдан доимий даромад олиш имкониятидан янада маҳрум бўлиши мумкин.

Анвар Йўлдошев: Россияга қарши санкциялар натижасида бир қатор йирик компаниялар, уларнинг шуъба корхоналари ва активлари ишламай қолди, бу эса уларни сотишга мажбур қилмоқда. Бироқ чет эл инвесторларига сотиш ҳам чекловлар остида – айрим харидорлар (масалан, Венгрия) харид қилишни истаса-да, уни амалга оширишга қонуний ва сиёсий тўсиқлар мавжуд.

Венгрия айниқса Россия нефти ва газига қарам, ҳозир мамлакат ёнилғи импортининг тахминан 80 фоизи Россиядан келади, қолган 20 фоизи эса АҚШнинг суюлтирилган газига (SPG) таянади – бу SPG учун Венгрия яқин 10 йил ичида тахминан 600 миллион доллар тўлашни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, Венгрияда қурилаётган “Пакш” атом электр станцияси лойиҳаси 12,5 миллиард доллар атрофида баҳоланади ва АҚШ бу борада истисно қоидаларини қўллаб, Венгрияга ўз шартлари асосида технология етказишни маъқуллади. Яъни рухсат фақат муайян талабларга риоя қилинганда берилди.

Шуҳрат Расул: Россия нефтига қарши санкцияларни даставвал АҚШ эмас, балки Европа Иттифоқининг ўзи жорий қилган эди. Жумладан, 19-санкциялар пакети доирасида Россия нефтининг энг юқори чекланган нархи 47,6 доллар деб белгиланган эди. Аввалги 60 долларлик нарх чегарасини ҳам айнан Европа Иттифоқи белгилаган. Шу боис, агар ҳозир Доналд Трамп Венгрияга “истисно” тарзида рухсат берган бўлса ҳам, Европа Иттифоқидан барибир Венгрияга босим бўлади. Ҳатто ўтган йилларда Венгриянинг иттифоққа аъзолигининг келажаги савол остига олинган эди. Демак, бу масалада Венгрия нафақат АҚШдан, балки Европадан ҳам рухсат сўрашга мажбур.

Аслида, Венгриянинг Россия нефтидаги улуши жуда кичик ва бу Россия иқтисодиётига сезиларли фойда келтирмайди. Шунга қарамай, Трамп “уруш тўхтатилса, санкцияларни дарҳол бекор қилишни таклиф қиламиз” деб айтган. Россия ҳам шу фикрни илгари сурмоқда, уларнинг биринчи талаби санкцияларни бирданига бекор қилиш. Аммо мутахассислар фикрича, бу санкциялар олти ойдан кейин амалда ўз аҳамиятини йўқотади, чунки нефт бозори нархларга санкциялардан ҳам кучлироқ босим ўтказяпти.

Халқаро энергетика агентликлари прогнозларига кўра, яқин ойлар ичида нефт нархи 55 долларгача тушиши мумкин. Шунга қарамай, Россия Молия вазирлиги 2026 йилги бюджетни нефтнинг ўртача нархини 69 доллар деб ҳисоблаб тузмоқда. Бу эса реал бозор нархларидан анча юқори кўрсаткич. Агар нархлар прогноздагидек пасайса, Россия бюджети жиддий танқисликка учрайди. Бундай вазиятда ҳукумат бюджет харажатларини мажбурий қисқартириш ёки олтин захираларини сотиш орқали камомадни ёпишга ҳаракат қилади. Чунки “Фаровонлик фонди” деярли бўшаб қолганини Россия расмийларининг ўзи ҳам тасдиқлаяпти.

Шундай қилиб, келгуси ярим йилликда Россия нефтига қўлланган санкциялар аҳамиятсиз бўлиб қолиши мумкин: Россия иқтисодиётига энг катта зарба сиёсий эмас, балки нефтнинг глобал конюнктураси (нархларнинг тушиши) бўлиши кутиляпти.

Ойбек Сирожов: АҚШ томонидан “Лукойл” ва “Роснефт” компанияларига нисбатан санкциялар жорий этишдан баён қилинган мақсад – Россияни тиз чўктириш, урушдаги молиявий манбаларини қисқартириш эди. Бироқ бугунги сиёсий амалиёт кўрсатмоқдаки, аслида бу санкциялар сиёсий босим воситасидан кўра иқтисодий манфаат олиш механизмига айланиб бормоқда. Агар мақсад ҳақиқатан ҳам Россияни иқтисодий изоляцияга солиш бўлганида, Венгрияга ҳеч қандай имтиёз берилмас эди.

Маълумки, яқинда ўтган учрашув асосида Венгрияга айрим истиснолар тан олинди. Бунинг эвазига эса Будапешт зиммасига муайян мажбуриятлар юкланди – масалан, қиммат бўлишига қарамай, АҚШда ишлаб чиқарилган 600 млн долларлик суюлтирилган газни харид қилиш шарти қўйилди. Венгриядаги каби, Россия нефтига юқори боғлиқлик Болгарияда ҳам бор, шундай экан, эҳтимол эртага Болгарияга ҳам Венгрия сингари чекланган имтиёзлар берилиши мумкин. Бу ҳолатлар шуни кўрсатадики, АҚШнинг мақсади Россияни тиз чўктириш эмас, балки мавжуд вазиятдан максимал иқтисодий ва геосиёсий фойда олишдир.

Иккинчи масала – Европанинг позицияси. Европа Иттифоқи Россияга энергия ресурслари учун тўлаётган маблағ миқдори иттифоқ томонидан Украинага берилган ёрдам ҳажмидан кўпроқ. Бу эса Европа сиёсатида маълум популизм борлигини кўрсатади: ташқаридан Россияга қарши кескин баёнотлар берилмоқда, аммо амалда нефт ва газ импорти давом этмоқда.

Учинчи масала – нефт нархининг глобал пасайиш тенденцияси. Бу жараён, бир томондан, Россия учун иқтисодий инқироз хавфини кучайтирса, бошқа томондан Хитой учун арзон энергия ресурсларига эга бўлиш имконини яратади. Шу сабабли АҚШ олдида янги геосиёсий дилемма юзага келади: Россияни янада кучсизлантириш мумкин, лекин бунинг ҳисобига Хитойнинг иқтисодий салоҳияти ошади. Демак Вашингтон энди бу икки йўналиш ўртасида мувозанат излаяпти.

Бугунги кунда АҚШ сиёсатининг асосий йўналиши Россиядан Хитойга қараб оғмоқда. Шу боис АҚШ нефт нархининг кескин тушиб кетишига ҳам йўл қўймайди – бу нафақат Россия, балки ўзининг ҳам нефт саноатига зарар етказади. Чунки АҚШда қазиб олинаётган нефт таннархи юқори.

Суҳбатни батафсил YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид