Спорт | 11:16 / 25.02.2026
8926
10 дақиқада ўқилади

«Будё-Глимт» эртаги давом этади. ЕЧЛ кашфиётини ёқтириб қолиш учун 5 сабаб

Гуруҳ босқичида «Сити» ва «Атлетико»ни мағлуб этган норвегияликлар энди турнирнинг амалдаги финалчиси «Интер»га имкон қолдирмади.

Фото: Marco Luzzani/Getty Images

Шусиз ҳам ЕЧЛнинг бу мавсуми кашфиёти бўлган «Будё/Глимт» турнир ўтиш босқич ўйинларида яна бир поғона юқорига кўтарилди. Жамоа Миландаги жавоб учрашувида ҳам А Серия пешқадами «Интер» устидан ғалаба қозониб (3:1, 2:1) кейинги босқичга йўл олди.

Кетил Кнутсен шогирдлари турнирда қаторасига 4 ўйинда 4 ғалабага эришди. Бу ўйинлар «Манчестер Сити», «Атлетико» ва «Интер» (2 марта) клубларига қарши кечди. Ундан олдинроқ эса жамоа Дортмундда мезбонлар билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этганди. Ўша пайт учун сенсация ҳисобланган бу натижани бугунга келиб «Будё»нинг ўзи соя остида қолдирди.

«Чемпионлар лигасидаги ҳеч бир жамоа биз каби яқин инсоний муносабатлар устига қурилмаган. Биз нафақат бирга футбол ўйнаймиз, ака-укалик ришталари билан ҳам боғланганмиз. Бу бизни бутунлай бошқа босқичга олиб чиқувчи устунлигимиздир», – дейди жамоа етакчиси Патрик Берг.

Берг футболчилик фаолиятининг асосий қисмини шу клубда ўтказмоқда (у 2014 йилда асосий жамоада дебют қилган, фақат 2022 йилда бир мавсумга «Ланс»да ўйнаб келган). Умуман, жамоанинг асосий таркиб футболчиларидан 9 нафари норвегиялик бўлиб, харажатлар бўйича турнирнинг энг камтарона клубларидан бири.

Қуйида Вадим Лукомскийнинг sports.ru сайти учун ёзган матни таржимаси келтирилади. Журналист «Будё»ни ёқтириб қолиш учун беш асосли сабабни баён қилган. 

Зерикарли узатмалар ўрнига хатодан қўрқмаслик

«Будё» гуруҳ босқичини кичик лигаларнинг одатий пешқадамидек бошлади, яъни Европа футболи грандларига қарши ҳам ўз ташаббускор услуби билан ўйнашга ботина оладиган даражада соддалик билан. Маълумки, бундай муносабат жамоани кўпчиликнинг ёқимтойига айлантирса-да, очко келтирмайди.

Аммо мана шу образда ҳам «Будё»да ўзига хос нимадир бор эди. Бундай жамоаларнинг аксарияти ҳужум бошлашда қисқа паслар орқали чиқишни исташади, аммо вариант топилмагач, шунчаки ҳеч бир ғоясиз ҳимоячилар ўртасида тўп оширишдан нарига ўтилмайди.

Кнутсеннинг жамоаси эса бошқачароқ, ҳа, соддадил, аммо мафтункор ўйин намойиш этади. Қисқа паслар услуби сақланиб қолди, аммо шу билан бирга рисклардан воз кечмаслик ва имкон қадар ижроси қийин бўлган узатмалар билан ўйнаш. Табиий равишда, тўп йўқотишлар кўпайди, аммо айнан шу сабаб туфайли яхши вазиятлар ярата бошлади. Энг бошидан «Будё»нинг ўйинлари томошабоп бўлганди, шу билан бирга, ўйинда мувозанат етишмасди.

Бунинг оқибати – зарбага олиб келинган хатолар бўйича «Будё» Чемпионлар Лигаси етакчиси – 17, шунингдек, индивидуал тўп йўқотишлар натижасида 4 гол ўтказиб юборилди.

Шуни қайд этиш керакки, бу образ асосан гуруҳнинг дастлабки ўйинларига тааллуқли. Аммо бу ҳам ҳурматга арзийди – жамоа ўйинлари томошабинларга ўзига яраша завқ берарди.

Катта ўйинлар формуласи. Аммо ўзига хосликни йўқотмасдан

«Славия» ва «Галатасарой»га қарши ўйинларда «Будё» «Сити», «Атлетико» ва «Интер»га қарши баҳслардагига қараганда ёмонроқ эди. Сўнгги учрашувларда романтик классикага натижа учун ўйнаш элементлари ҳам қўшилди.

Муҳим фактор, Норвегия чемпионати ноябр ойи охирларида якунига етган. Кнутсен бундан тўғри фойдаланди, яъни ҳар бир ўйин учун алоҳида, узоқ вақт тайёрланиш имконияти туфайли тактик томонга чуқур эътибор қаратилди. Янги элементлар қўшилди. Энди прессинг босқичларидан кўра, зич жойлашувга асосланган 4-4-2 схемасига урғу қаратилди. 

Чап қанот вингери Йенс Ҳауге ягона ҳужумчи Каспер Ҳег билан олдинги чизиқда қолади, қанотни эса марказий яримҳимоячи Сондре Фет ёпиши керак. Яъни Кнутсен севимли 4-3-3 схемасини тўпсиз ишончли ҳаракатланиш учун 4-4-2 га мослаштиришига тўғри келди. Бутунлай схема ўзгармади, балки тўп назоратида ўша таркиб ва ижрочилар мослашди. Шу орқали жамоа ўз кучини бошқа жиҳатга йўналтирди – рақибни кўпроқ югуриб маҳв этишга. Бошида жамоавий меҳнат прессинг учун ишлаган бўлса, энди кўпроқ ўрта ва қуйи блокка урғу қаратилди.

Иккинчи муҳим адаптация – ўйин қуришнинг дастлабки босқичида қисқа ва узун паслар мувозанати йўлга қўйилгани. «Манчестер Сити»га қарши ўйинда дарвозабон Хайкиннинг биратўла тўпни ҳужумчи Ҳег томон тўп ошириши энг кўп амалга оширилган комбинациялардан эди. Россиялик дарвозабон ёрдамчи плеймейкер сифатида ўзини кўрсата олди. Нафақат қандай пас бериш қарорини қабул қилиш, балки бунинг ижроси бўйича ҳам. Янги мувозанат ва ўйин борасидаги сезиларли ўсиш ҳикояни янада гўзаллаштирди – муваффақиятсиз стартдан кейин қайтиш.

Шу билан бирга, ҳаммаси ҳам кескин ўзгармади. Масалан, рақиб яриммайдонида «Будё» одатдагидек ҳаракат қилди ва бу учун ҳам алоҳида қойил қолиш мумкин.

Жамоавий голлар

«Будё» фалсафасидаги энг мафтункор жиҳат – рақиб томонини кўпчилик бўлиб мана мана бундай тўлдиришлар.

Табиийки, бу орқали футболчилар қисқа паслар учун шароит яратади ва аксарият ҳолларда амалга ҳам оширишади. Энг қийин ҳолатларда ҳам бу ғояга содиқ бўлибгина қолмай, ажойиб шедевр голлар юзага келтиришди.

Жамоани плей-оффга олиб чиққан голни юзага келтирган позицион ҳужум Никита Хайкиннинг қисқа пасидан бошланиб рақиб дарвозабон зонасида якунига етди. «Будё» тўпни бир дақиқадан кўпроқ вақт ушлаб турди, комбинацияда 10 футболчи иштирок этди, жамоа мияси Патрик Берг эса марказда рақиб ҳимоясини ёриб ўтувчи пас ижросини ўз зиммасига олди. Натижа учун ўйналган пайтларда ҳам «Будё» баъзи деталларда мослашишга уринган бўлса-да, доим романтик футболга содиқ қолди.

«Интер»га қарши биринчи ўйиндаги гол ҳам бундан кам эмас. 16 пас, 9 футболчининг комбинацияда иштироки, шошилмасдан ҳужумни ташкил қилиш, ҳар икки қанотнинг иштироки ва марказ орқали нозик ечим. Шунчаки, қойил.

Бундай голлар ҳақиқий санъат асари. «Будё» бу ишларни Испания ва Италиянинг топ-жамоаларига қарши амалга ошира олмоқда.

Никита Хайкиннинг топ-формаси

Никита Хайкин – ҳикоянинг марказий фигураси. Жамоанинг Чемпионлар лигасидаги энг яхши футболчисига номзод бўлиши мумкин. Унинг қутқаришларисиз ҳар қандай жасорат ва гўзалликнинг қадри бўлмас, плей-оффдан олдинроқ ҳаммаси тугаган бўларди. Юқорида айтилганидек, сўнгги ўйинларда яширин плеймейкер сифатида ҳам ўзини кўрсата бошлади. Унинг узатмалари асосан Каспер Ҳегни топмоқда. Рақиблар ҳам узун пас билан жазоланиши мумкинлигидан ҳайиқиб, босим ўтказишга қарор қилаверишмайди. Бу эса қисқа узатмалар учун футболчиларнинг жойлашуви, янги комбинациялар ўйлаб топиш учун қўшимча вақт демакдир.

Шунингдек, Хайкин турнирда сейвлар сони бўйича пешқадамлик қилмоқда. Хайкин аллақачон жамоани аниқ зарбалар қийинлигини ўлчайдиган PSxG ўлчови бўйича 4 голдан қутқарди – 10 ўйиндан иборат давр учун катта кўрсаткич. Бу борада Чемпионлар Лигасида фақат «Қайрат» дарвозабони Темирлан Анарбековда яхшироқ кўрсаткич холос.

Симуляция ва «ифлос» ўйин йўқ

Ўйин услубига алоқаси йўқ, аммо алоҳида ҳурматга лойиқ жиҳат. Жамоадаги жентлменлик характери яққол кўзга ташланади. Масалан, «Манчестер Сити»га қарши ўйиннинг қуйидаги вазиятида Уле Дидрик Бломберг бемалол пеналти ишлашга уриниш ўрнига дарҳол ўрнидан туриб, ўйинни давом эттирмоқда.

Бу ягона ҳолат эмас. Ҳар қандай симуляция, провокация ёки рақибни қўрқитиш учун қўпол контактларга уринишни «Будё»да кўрмайсиз. Бундай характер ҳамма учун одатий деб қабул қилинадиган замонда эмаслигимиз учун ҳам жамоадан қойил қолса арзийди.

Кеча «Интер»га қарши ўйинда аксинча, миланликлар етакчиси Николо Барелланинг уятли ҳаракатини эсласак, «Будё»ни янада ёқтиришга қўшимча асос пайдо бўлади.

Нимчорак финалда «Будё» «Манчестер Сити» ёки «Спортинг» жамоаларидан бирига дуч келади. Ҳар икки ҳолатда ҳам интрига кафолатланган. Яқинда «Будё» майдонидан мағлуб бўлиб қайтган манчестерликларда қасос учун имконият пайдо бўлиши мумкин. Қуръада «Спортинг» тушиши эса эртак давом этиши эҳтимолини оширади.

Қизиқ факт, Чемпионлар Лигаси тарихида ўзи топ-лигалардан бўлмай туриб, қаторасига 4 ўйинда кучли бешлик жамоалари устидан ғалаба қозонишни охирги марта 1971/72 мавсумида Кройф бошчилигидаги «Аякс» уддалаганди. «Будё» мана шундай серияни такрорлади.

Дарвоқе, ўша мавсумда «Аякс» турнир ғолиби бўлган эди...

Қаҳрамон Асланов
Тайёрлаган Қаҳрамон Асланов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид