Испания: Каррерас қутқарди

«Валенсия» – «Реал» 0:2
Голлар: Каррерас, 65 (0:1). Мбаппе, 90+1 (0:2)
«Валенсия»: Димитриевски, Копете, Эрай Жемерт, Хосе Гайя, Нунес (Коррейа, 73), Пепелу (Родригес, 73), Угринич (Герра, 81), Груневелд, Риоха (Содиқ, 81), Дуро, Белтран (Рамазоний, 81)
«Реал»: Куртуа, Раул Асенсио, Ҳаусен, Каррерас, Ҳименес (Александр-Арнолд, 76), Тшуамени, Камавинга, Валверде (Сестеро, 90+2), Мбаппе, Гарсия (Диас, 76), Арда Гулер (Мастантуоно, 82)
Огоҳлантиришлар: Копете, 88 – Каррерас, 69

«Барселона» шанба кунги ўйинда «Малйорка» устидан ишончли ғалабага эришганди (3:0), шу туфайли «Реал» пешқадам билан орадаги минимал фарқ сақланиб қолиши учун ўз ўйинида ғалаба қозониши талаб этиларди. Ва бу ишни жароҳат туфайли сафдан чиққан Беллингҳэм ва Родриго, шунингдек, дисквалификацияга учраган Винисиуссиз уддалаш керак бўларди.

Алваро Арбелоа бошланғич таркибда туширган футболчилар эса биринчи бўлимда деярли ҳеч нарса қила олишмади. Дастлабки 45 дақиқаликда ёдда қоларли кам сонли вазиятлардан бири 28-дақиқада Мбаппе 21 ёшли Хименесни яхши вазиятга чиқариши бўлди, аммо шу куни «Реал» асосий таркибида ла лигада дебют қилган ёш футболчининг зарбаси мезбонлар дарвозабонига қийинчилик туғдирмади.

Ҳакам бўлимга бирор дақиқа қўшиб бермагани ҳам биринчи бўлим қанчалик зерикарли кечганини тасдиқлайди.

Жамоалар иккинчи бўлимни ҳам жуда суст бошлашди. 60 дақиқага келиб жамоаларда xG кўрсаткичи жуда ғарибона кўринишда эди: «Валенсия»да 0,20, «Реал»да 0,32.

Ҳужумчиларнинг ишлари юришмаганда эса одатда ҳимоячилар барчасини ўз зиммасига олади ва бу сафар ҳам шундай бўлди. 65-дақиқада Каррерас «Реал»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Чап қанот ҳимоячиси  жарима майдонига ёриб кириб, рақибнинг уч футболчисини ортда қолдирди ва тўпни тўртинчисининг оёқлари орасидан ўтказиб, дарвоза тўрига йўллади.

71-дақиқада «Реал» гол ўтказиб юборишига бир бахя қолди, аммо Белтраннинг зарбасидан кейин тўп устунга борди. Бу мезбонларнинг ўйиндаги ягона вазияти бўлиб қолди. Бутун учрашув давомида Куртуа бирорта сейв амалга оширишига ҳожат бўлмади. «Реал» эса ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда иккинчи голни ҳам урди. Браим чап қанот бўйлаб югурди ва тўпни жарима майдонига оширди, у ерда турган Мбаппе ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан, дарвозани ишғол этди. Бу француз ҳужумчиси учун чемпионатнинг 22-ўйинидаги 23-гол бўлди.