Ўзбекистон | 22:38 / 12.01.2026
6449
4 дақиқада ўқилади

Молхонада сақланган аёл иши бўйича ҳукм ва Мўйноқда янги газ кони – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Молхонада сақланган аёл иши бўйича суд ҳукми ўқилди

Сурхондарё вилояти, Узун туманида аёлни молхонада сақлаш, қийноққа солиш ва унинг чақалоғини олиб қўйиш билан боғлиқ даҳшатли воқеа бўйича суд ҳукми ўқилди.

Суд ҳукми билан 4 киши айбдор деб топилди. 3 нафари турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди, яна бир нафарига озодликни чеклаш жазоси берилди.

Ҳолат 2025 йил сентябр ойида жамоатчиликка маълум бўлган эди. Узун туманида яширин сақланган аёл ҳомиладор ҳолатида ушбу хонадонга олиб келинган, фарзандини уй шароитида дунёга келтирган ва туғуруқдан сўнг боласи ундан олиб қўйилган. Аёлнинг ўзи эса молхонага қамалган, калтакланган ва инсон қадрини ерга урадиган шароитларда сақланган. Жабрланувчи очликдан ўлмаслик учун тарвуз пўчоқлари ва молларга ташланадиган маҳсулот қолдиқларини еб жон сақлаган.

Мўйноқда янги қудуқдан саноат миқёсида газ оқими аниқланди

Қорақалпоғистоннинг Устюрт минтақасидаги «Мўйноқ» кони яқинида жойлашган Шагирлик-қуйи Юра 2-сонли излов қудуғида саноат миқёсида табиий газ оқими қайд этилди.

10 январ куни қудуқ туби қуйи Юра қатламларида 5265 метр чуқурликкача бурғиланиб, 5265–5061 метр оралиғида табиий газ ҳажми аниқланган.

Қуйи Юра қатламларининг геологик тузилишини ўрганиш ҳамда аниқланган газ уюмларининг тарқалиш чегарасини белгилаш мақсадида мазкур майдонда навбатдаги 3 ва 4-сонли излов-қидирув қудуқларини бурғилаш режалаштирилмоқда.

Рақобат қўмитаси пропан газ нархларини асоссиз ошириш аломатлари бўйича иш қўзғатди

2025 йил ноябр–декабр ойларида метан газига вақтинчалик чекловлар жорий этилган даврда айрим бозор иштирокчилари томонидан суюлтирилган газ нархларини асоссиз оширишга уриниш аломатлари кузатилмоқда. Рақобат қўмитаси бу ҳолатлар юзасидан белгиланган тартибда чора кўра бошлади.

Маълум қилинишича, ўтган йилнинг ноябр–декабр ойларида бозор иштирокчиларига профилактик мақсадларда огоҳлантиришлар юборилиб, метан газига киритилган вақтинчалик чекловлар ҳолатидан фойдаланган ҳолда суюлтирилган газ нархларини асоссиз оширмаслик талаб қилинган эди. Шунга қарамасдан, айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан адолатли бозор принципларига зид равишда нархларнинг асоссиз оширилишига сабаб бўлувчи манипуляция ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар аломатлари кузатилаётгани қайд этилган.

Хусусий ва мерос фондларини ташкил этиш тартиби белгиланмоқда

«Хусусий фондлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан хусусий фондларни ташкил этиш, бошқариш, давлат рўйхатидан ўтказиш, мол-мулкдан фойдаланиш ҳамда тугатишга оид қоидалар белгиланмоқда. Лойиҳада, жумладан, фондни таъсис этиш учун дастлабки маблағ БҲМ 1500 бараваридан кам бўлмаслиги назарда тутилган.

Қонун лойиҳасига кўра, хусусий фонд жисмоний шахс томонидан ёки унинг вафотидан кейин васиятнома ижрочиси томонидан муайян муддатга ёки муддатсиз таъсис этиладиган, муассис топширган ёки мерос қилиб қолдирилган мол-мулкни белгиланган шартларда бошқарувчи нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади. Фондлар, қоида тариқасида, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ва бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлаши қайд этилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид