Жамият | 08:48 / 05.06.2026
2625
2 дақиқада ўқилади

Кореяга иш ва ўқишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди

Андижон вилоятида нодавлат таълим муассасаси раҳбари Корея ишчи визасини олиб бериш учун 14 кишидан 44,1 минг доллар олгани аниқланди. У бошқа бир фуқародан ўқишга юбориш учун пул олаётганида ушланди. Яна учта ҳудудда шу каби ҳолатлар фош этилди.

Фото: AP

Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида фуқароларни Жанубий Кореяга ишга ва ўқишга юборишни ваъда қилиб, уларнинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган шахслар аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Хусусан, Андижон вилоятида «N.K.» нодавлат таълим муассасаси раҳбари С.Э. юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали 6000 доллар ва 3 млн сўм эвазига фуқаро О.А.га хорижий давлатларнинг бакалавр даражадаги дипломини олиб бериши ва Корея давлатига кетиши учун ишчи виза олиб беришини айтган.

Ушбу пуллар ҳисобидан 500 доллар ва 3 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Терговга қадар текширувда С.Э. яна 14 нафар фуқарони ҳам Кореяга кетишлари учун ишчи виза олиб бериши эвазига 44 100 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Бухоро вилоятида Н.Ж. Миграция агентлигида ишловчи танишлари орқали фуқарони Кореяга юборишини айтиб, 7000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Наманган вилоятида «G.V.» МЧЖ раҳбари А.В. 2 нафар фуқарони Кореядаги олий ўқув юртининг магистратура босқичига ўқишга ва ишга киритишини айтиб, 11 000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Сурхондарё вилоятида Ф.Р. фуқаро А.Қ.ни 10 000 доллар эвазига Кореяга ишга юборишини айтиб, ушбу пуллар ҳисобидан 5000 доллар ва 61 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид