Жамият | 14:32
815
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Кореяга юбориш ваъдаси билан пул олган шахслар ушланди

Тошкент шаҳрида 57 ёшли шахс АҚШга ишчи виза асосида юбориш ва бунинг учун зарур бўладиган барча ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 22 минг доллар талаб қилган. Андижондаги ҳолатда эса 33 ёшли аёл 6 минг долларга Кореяга ишга юборишни ваъда қилган. Улар тезкор тадбирда ушланди.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ноқонуний миграцияга қарши курашиш йўналишида тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Тошкент шаҳри. Тошкент вилояти Чиноз туманида яшовчи, муқаддам бир неча бор судланган 57 ёшли шахс 2001 йилда туғилган фуқарога мансабдор танишлари орқали ишчи виза асосида АҚШга юборишни ваъда қилган. У бунинг учун зарур бўладиган барча ҳужжатларни расмийлаштириб беришини айтиб, эвазига 22 минг доллар талаб қилган. Гумондор келишилган пулнинг 5 минг долларини олган вақтида ушланган.

Андижон вилояти. Избоскан туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган шахс асакалик 26 ёшли фуқародан мансабдор танишлари орқали ишчи виза тайёрлатиш ҳамда Корея давлатига ишга юбориш эвазига 6 минг доллар талаб қилган. Шундан 3 минг долларини олган вақтида қўлга олинган.

Терговга қадар текширув давомида, гумондор муқаддам бошқа фуқародан ҳам Кореяга ишга юборишни ваъда қилган ҳолда пул олгани аниқланган. 

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Кореяга юбориш ваъдаси билан пул йиққан шахслар қўлга олинганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид