Жамият | 12:20
894
2 дақиқада ўқилади

Кореяга юбориш ваъдаси билан пул йиғган шахслар қўлга олинди

Республиканинг бир қатор ҳудудларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида фуқароларни Корея Республикасига ишга ёки ўқишга юборишни ваъда қилиб, улардан турли миқдорда пул олган бир неча шахслар қўлга олинди.

Сунъий интеллект яратган сурат

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Самарқанд, Андижон, Сирдарё ва Навоий вилоятларида Кореяга ишга ёки ўқишга жўнатишни ваъда қилган шахсларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Жумладан, Хўжайли туманида бир фуқаро юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Кореяга ишга жойлаштириб беришни ваъда қилиб, 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам судланган шахс 10 нафар фуқарони 55 минг АҚШ доллари эвазига Кореяга ўқиш ва ишга юборишини айтиб, 4 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган. Терговга қадар текширувларда унинг яна 46 нафар фуқародан жами 196 минг 650 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Шунингдек, Самарқанд, Андижон, Сирдарё ва Навоий вилоятларида ҳам Кореяга ишчи ёки спорт визаси расмийлаштириб бериш, шунингдек, ишга жойлаштиришни ваъда қилган бир қатор шахслар фуқаролардан пул олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид