Жаҳон | 18:22 / 08.08.2025
7924
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда биринчи АЭС қурилиши расман бошланди

Улкен қишлоғи яқинидаги иншоот Россия билан ҳамкорликда қурилади.

Фото: Росатом

Алмати вилоятидаги Улкен қишлоғи яқинида Қозоғистон тарихидаги биринчи атом электр станцияси қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди Kazinform.

Тантанали тадбирда Қозоғистон Атом энергияси агентлиги раҳбари Алмасадам Сатқалиев, «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв ва бошқа расмийлар иштирок этди.

Қурилиш майдончасига махсус жиҳозлар келтирилиб, Нововоронеж атом электр станциясининг макети ҳам ўрнатилди. Қайд қилинишича, Қозоғистонда қуриладиган станция ҳам шу моделга ўхшаш бўлади.

Тупроқ намуналарини олиш маросими ўтказилган жойда ҳам бурғулаш ишлари бошланди. Олинган намуналар тадқиқот учун Россия томонига топширилди.

Қозоғистонда биринчи атом электр станцияси қурилишини якунлаш 2035-2036 йилларга мўлжалланган.

Аввалроқ, Қозоғистонда учта АЭС қуриш зарурлиги ҳақида президент Қосим-Жўмарт Тўқаев маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, республикада янги энергетика тармоғини яратиш стратегик жиҳатдан муҳим бўлиб, бу унинг «ўнлаб йиллар давомида ривожланиши учун асос бўлади». Бунинг учун иккита станция етарли бўлмайди ва охир-оқибат тўлиқ ядровий кластерни шакллантириш учун учинчисини қуриш керак бўлади, деди Тўқаев.

Иккинчи ва учинчи АЭС Хитойнинг China National Nuclear Corporation компанияси томонидан қурилиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид