Жаҳон | 17:46 / 30.12.2025
1819
2 дақиқада ўқилади

Россия Туркиядаги «Аккую» АЭС қурилишини молиялаштириш учун 9 млрд доллар ажратади

«Аккую» Туркиянинг Мерсин вилоятида жойлашган бўлиб, 2010 йилда имзоланган шартнома асосида «Росатом» томонидан қуриляпти. Лойиҳанинг умумий қиймати 20 млрд долларни ташкил этади. Дастлаб станцияни 2025 йилда ишга тушириш режалаштирилганди, кейинчалик муддат узайтирилди.

Россия Туркияда қурилаётган «Аккую» атом электр станцияси (АЭС) лойиҳасини молиялаштириш учун 9 млрд доллар ажратди. Бу ҳақда Reuters Туркия энергетика вазири Алпарслан Байрактарга таяниб хабар берди.

АЭС Туркиянинг Мерсин вилоятида жойлашган. Энергетик мажмуа «Росатом» компанияси томонидан қуриляпти. Лойиҳа 2010 йилда имзоланган шартнома асосида амалга ошириляпти, умумий қиймати 20 млрд долларни ташкил этади. Дастлаб станцияни 2025 йилда ишга тушириш режалаштирилганди, аммо кейинчалик муддатлар узайтирилди.

«Бу маблағлар эҳтимол, 2026–2027 йилларда ўзлаштирилади. Камида 4-5 млрд доллар 2026 йилда ташқи молиялаштириш доирасида сарфланади», - деган Байрактар Истанбулдаги брифингда.

Вазирнинг қўшимча қилишича, Туркиянинг Синоп вилояти ва Фракия минтақасида ядровий лойиҳалар бўйича Жанубий Корея, Хитой, Россия ва АҚШ билан музокаралар олиб боряпти. Расмий Анқара бу борада энг рақобатбардош таклифни қабул қилишни мақсад қилган.

Шунингдек, Туркия Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси билан 5 000 МВт қувватга эга қуёш энергетикаси лойиҳаси юзасидан музокаралар ўтказяпти.

Маълумот учун, «Аккую» атом электр станциясини ишга тушириш муддати бир неча бор ўзгартирилди. Дастлаб лойиҳа 2023 йил, кейин 2025 йилда фойдаланишга топширилиши айтилган бўлса, айни пайтда бу муддат 2026 йилга кўчирилган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид