Жамият | 07:51 / 18.05.2021
2380
2 дақиқада ўқилади

«Оналарга эҳтиром» фестивали доирасида боғдодлик ака-укалар онасига янги хонадон совға қилишди

Фарғона вилоятида бўлиб ўтаётган «Оналарга эҳтиром» фестивали доирасида вилоятнинг Боғдод туманида истиқомат қилаётган ака-укалар онасига янги хонадон калитини топширди.

Боғдод туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Давлатжон Полвонов Kun.uz мухбирига маълум қилишича, Бумайрамхон ая Пайғамбарқулова Боғдод туманининг «Саховат» маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Жорий йилда онахон 63 ёшни қарши олган. 4 ўғилни парваришлаб, вояга етказган Бумайрамхон ая учун фарзандларининг совғаси чиндан-да кутилмаган бўлган.

«Тўғриси ўзимни йўқотиб қўйдим. Мен учун бу кутилмаган совға бўлди. 4 нафар ўғлим бор. Барчалари бир-бирлари ва келинларим билан ўзаро маслаҳатлашиб, янги хонадон олиб беришга қарор қилишибди. Ўзим учун ҳам кутилмаган бўлди. Дастлаб улар мени янги хонадонга меҳмондорчилик бор, дея етаклаб боришди. Остонадан киришим билан набираларим, келинларим — ҳаммалари «табриклаймиз», деб қолишди. Ҳайрон бўлдим. Кейин билсам, болаларим ушбу уйни менга совға қилиш учун харид қилган экан», — дейди фарзандларидан фахрланган Бумайрамхон Пайғамбарқулова.

Таъкидланишича, хонадон Боғдод тумани «Гулистон» йўлдош шаҳарчасида барпо этилаётган замонавий кўп қаватли уйларнинг биридан харид қилинган. Онахонга совға қилинган хонадон 2-қаватда жойлашган.  

«Шу пайтгача бир оғиз ҳам индаб қўйишмабди-я! Лекин барака топишсин, дадаси билан анчадан бери шу нарсани ўйлаб юргандик: болалардан тинчидик, энди тинч, баҳаво жойлардан ёзда салқин, қишда иссиқ битта квартира олсак-да, иккимиз яшасак, деб ният қилиб юргандик. Ана шу орзумиз бугун ижобат бўпти, етказганига шукр. Фарзандларимга минг раҳмат», — деди онахон мухбир билан суҳбатда.

Боғдод тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, Боғдод тумани ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Дилфузахон Каримова бахтиёр онахонни биринчилардан бўлиб қутлагани борган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида «Оналарга эҳтиром» фестивали бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берилган эди. 

Мавзуга оид