Авто | 14:11 / 17.01.2026
13237
2 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Captiva’нинг омадсиз қайтиши, бозори чаққон Yuan Up ва Sonet. Ўзбекистон автомобил бозори қандай ўзгаряпти?

2025 йилда UzAuto Motors томонидан тақдим этилаётган 10 та моделдан 6 тасининг сотувлари камайган. Хусусан, қиммат сегментдаги машиналар: Malibu, Captiva, Equinox, Traverse, Tahoe’га талаб кескин тушиб кетди. Ҳисобот даврида Chevrolet брендига тегишли бўлмаган ва энг кўп сотилган автомобил – Kia Sonet. BYD ҳам умумий сотувлардаги улушини 3,8 фоиздан 5,7 фоизгача оширди.

Охирги йилларда Ўзбекистон автомобил бозори секинлик билан бўлса-да ўзгариб боряпти. Хусусан, «Ўзавтосаноат» тақдим қилган маълумотларга кўра, 2025 йилда мамлакатдаги расмий дилерлар томонидан 427 минг 97 дона автомобил сотилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,1 фоиз ёки 24 минг 706 донага кўп. Энг катта ўсиш электромобиллар сегментига тегишли моделлар билан юз беряпти.

Ўтган йил давомида UzAuto Motors томонидан тақдим этилган 10 та моделдан тўрттасининг сотуви ошган, олтитасига талаб сезиларли даражада қисқарган. Хусусан, Cobalt, Damas, Tracker вa Labo сотувида ўсиш кузатилган бўлса, қиммат сегментдаги машиналар: Malibu, Captiva, Equinox, Traverse, Tahoe’га талаб тушиб кетган. Шунингдек, миллий компания томонидан тақдим этилган бир қатор имтиёзларга қарамай Onix харид қилганлар сони ўтган йилга нисбатан қисқарган. Умуман олганда, 2025 йилда UzAuto Motorsʼнинг бозордаги улуши 87,9 фоиздан 83,2 фоизгача қисқарган.

Chevrolet брендига тегишли бўлмаган ва энг кўп сотилган автомобил – Kia Sonet. Ушбу моделнинг савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баробарга ошган. Ўз навбатида, Kiaʼнинг қиммат моделларига талаб сезиларли даражада пасайгани қайд этилган.

Шунингдек, қуйидаги моделлар ҳам ўзбекистонликлар орасида оммавийлашиб боряпти.

Kia, Cherry ва Haval автомобилларини етказиб берувчи ADM Jizzakhʼнинг Ўзбекистон бозоридаги улуши 7,5 фоиздан 10,8 фоизга, умумий сотувлар ҳажми эса 30 минг 329 донадан 46 минг 117 донагача кўпайган. BYD ҳам бозордаги улушини 4,3 фоиздан 5,6 фоизгача, сотувлар ҳажмини 17 минг 132 донадан 23 минг 888 донагача оширган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид