Жаҳон | 12:27 / 12.04.2026
12259
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Эрон келишувга эриша олмади

Теҳрон Вашингтоннинг бойитилган уранни топшириш ва Ҳўрмуз бўғози бўйича талабларини рад этган.

Jacquelyn Martin / Reuters / Scanpix / LETA

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс АҚШ ва Эрон Исломободдаги музокараларда келишувга эриша олмаганини маълум қилди.

«Эронликлар билан мазмунли муҳокамалар бўлиб ўтди, бу яхши янгилик. Ёмон янгилик шундаки, биз келишувга эриша олмадик ва менимча бу Қўшма Штатларга қараганда Эрон учун ёмон янгилик. Афсуски, биз ҳеч қандай ўсишга эриша олмадик», деган Америка музокарачилари гуруҳига раҳбарлик қилган вице-президент.

У Эрон АҚШнинг шартларини қабул қилмасликка қарор қилгани ва делегация Қўшма Штатларга қайтаётганини маълум қилган.

Вэнс ядро қуроли масаласи АҚШнинг Эрон билан музокаралардаги асосий масала ҳисобланиши ҳамда президент Трампнинг асосий вазифаси – Теҳрон ҳозир ҳам, келгусида ҳам ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслик эканини қайд этган. Вэнснинг сўзларига кўра, Исломободдаги музокараларда Қўшма Штатлар эронликларнинг ядро қуролини ишлаб чиқмаслик мажбуриятини олишга тайёрлигини кўрмаган.

У АҚШ Эрондан ядро қуролига ёки уни яратишни тезлаштиришга ёрдам берувчи воситаларга эга бўлишга интилмаслик бўйича «қатъий мажбурият» олишни исташини ва бу АҚШнинг ўзгармас шарти эканини қайд этган:

«Биз бу ердан жуда оддий таклиф билан кетяпмиз, бу бизнинг ўзаро келишувга эришиш учун энг яхши ва якуний таклифимиз. Кўрамиз, эронликлар уни қабул қилармикин».

Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмийси Исмоил Бақоий музокаралар ишончсизлик муҳитида ўтгани ҳамда биргина учрашувда келишувга эришиб бўлмаслиги ҳақида гапирган. Шу билан бирга, у «асосий масалаларда фикрлар турлича бўлгани»га қарамай, томонларнинг қатор масалалардаги фикри бир жойдан чиққанини қайд этган. У Эрон дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттиришга очиқлиги, Покистон ва бошқа воситачилар билан доимий алоқада бўлишини маълум қилган.

Эрондаги нашрлар Американинг музокаралардаги шартларини ҳаддан ташқари оғир бўлгани ҳақида ёзишган. Хусусан, Tasnim агентлигига кўра, АҚШ бойитилган уран Эрондан олиб чиқилишини талаб қилган. Financial Times томонлар Ҳўрмуз бўғози очилиши масаласида ҳам боши берк кўчага кириб қолганини хабар қилган.

АҚШ президенти Доналд Трамп музокаралар якунланган вақтда UFC турнирини томоша қилаётганди.

У олдинроқ Покистондаги музокаралар натижаси ўзини қизиқтирмаслиги, «АҚШ бу урушда аллақачон ғолиб бўлгани», эронликларнинг авиацияси, флоти ва раҳбарияти йўқ қилингани ҳақидаги гапларини такрорлаганди. Музокаралар якунланганидан кейин у тўғридан тўғри муносабат билдирмади, аммо ижтимоий тармоқдаги саҳифасида музокаралар муваффақиятсиз якунланган тақдирда АҚШ Эронни денгиз орқали қамал қилиши мумкинлиги ҳақидаги мақолага ҳавола берди.

Америкалик ҳарбийлар 11 апрел куниёқ Ҳўрмуз бўғозини тозалаш бўйича амалиётга тайёргарлик кўришни бошлаган – шу куни АҚШ флотининг иккита ҳарбий кемаси бўғозни кесиб ўтган. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси эса 12 апрел куни ҳарбий кемаларнинг бўғозни кесиб ўтишга бўлган ҳар қандай уриниши тўхтатилишини маълум қилди. Корпус баёнотида бўғозни фақат савдо кемалари маълум шартлар асосида кесиб ўтиши мумкинлиги қайд этилган. Бу хабарга кўра, бўғоз сувлари ҳозирча кемалар қатнови учун ёпиқ қолмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид