Ўзбекистон | 10:01 / 08.04.2021
5033
2 дақиқада ўқилади

Навоийда аҳолига ажратилган суюлтирилган газни талон-торож қилган мансабдор шахслар ушланди

Навоий вилояти Хатирчи туманида аҳоли эҳтиёжи учун ажратилган суюлтирилган газни талон-торож қилган мансабдор шахслар ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, ДХХ ҳамда ИИБ Навоий вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, «Хатирчи-Учқора» газ тўлдириш шохобчаси мансабдор шахслари аҳоли эҳтиёжи учун ажратилган суюлтирилган газни сотаётганда ушланган.

Жумладан, улар фуқаро С.А.га аҳоли истеъмоли учун ажратилган 7,2 тонна суюлтирилган газнинг ҳар бир килограммини 2,5 минг сўмдан ҳисоблаб, 300 АҚШ доллари ва 14,9 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Бундан ташқари, шохобча мансабдор шахслари умумий қиймати 16,2 миллион сўм бўлган 5 тонна суюлтирилган газни ҳисоботларга қўшиб ёзиш орқали ортиқча чиқим қилиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид