Иқтисодиёт | 17:29 / 15.06.2021
30499
4 дақиқада ўқилади

«Инфляция ва доллар курсига таъсири йўқ» — янги банкноталар бўйича саволларга жавоблар

2 000 ва 20 000 сўмлик янги банкноталар чиққани сўм қадрсизланишига таъсир қилиши мумкинми? Бир неча йил олдин 50 ва 100 минг сўмлик купюралар чиқаришда нега оралиқ номиналдаги пул белгиларидан сакраб ўтилганди? Kun.uz шу каби саволларга жавобларни тақдим этади.

Фото: Kun.uz / Муҳаммаджон Ғаниев

Янги банкноталарни муомалага чиқариш зарурияти ҳақида

Марказий банкнинг маълум қилишича, 2 минг ва 20 минг сўмлик купюраларнинг муомалага чиқарилишидан асосий мақсад – аҳолига қулайлик яратиш.

Регуляторга кўра, мазкур банкноталар ҳисоб-китобларда тўловларни амалга оширишни осонлаштириш билан бирга, пул белгиларининг номинал қаторини тўлдириш имконини ҳам беради.

Дунё тажрибасида бундай амалиёт бор. Масалан, 1 ва 5 қиймат номиналидаги банкноталар орасида 2 қийматли, 10 ва 50 қиймат номиналидаги банкноталар орасида 20 қийматли, 100 ва 500 қийматдаги банкноталар орасида 200 номинал тартибда бўлиши тўловларни осонлаштиради.

Нақд пул муомаласидаги мувозанатлаш жараёни Ўзбекистонда 2018 йилда бошланган эди. Ўтган даврда 50, 100, 200, 500 сўмлик янги намунадаги тангалар муомалага чиқарилиб, эски намунадаги тангалар ва банкноталар босқичма-босқич муомаладан қайтариб олинди.

2020 йил 1 мартдан бошлаб эса 25 сўм ва ундан кичик номиналдаги банкноталар ва тангалар қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотди.

Нега оралиқ номиналдаги пул белгиларидан сакраб ўтилганди?

Фото: Kun.uz / Муҳаммаджон Ғаниев

Марказий банк 2017 йилнинг март ойидан 10 минг сўмлик банкноталар, август ойидан 50 минг сўм номиналдаги банкноталарни муомалага чиқарган эди.

Изоҳланишича, нақд пул муомаласи эркинлашиши натижасида иқтисодиётда ва банклар орқали нақд пул айланмалари ҳажми кенгайиб борган. Нақд пулда тўловларни амалга ошириш, уларни олиб юриш, сақлаш, айниқса, банкларда нақд пулларни санаш, саралаш ва ўраб-боғлаш жараёнларида қулайлик ва енгиллик яратиш учун янада каттароқ номиналдаги банкнотага эҳтиёж юзага келган.

Шу сабабли 2019 йил февралда 100 минг сўмлик банкнота муомалага чиқарилган.

Республикада охирги пайтлар нақд пулга бўлган талаб ортган ва уни қондириш учун оралиқ номиналдаги пул белгиларидан сакраб ўтиб, каттароқ номиналдаги банкноталарни муомалага чиқариш зарурияти юзага келган.

Йирик номиналдаги банкноталарни муомалага чиқаришдан асосий мақсад – юқори қийматдаги мол-мулк (масалан, уй-жой, автомашина, тилла буюмлар, мебель, жиҳозлар ва ҳоказо) ҳамда товарларни харид қилишда тўловни амалга ошириш учун қулайлик яратиш.

Ҳозирги кунда бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам банк карталари билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш кенгайиб бораётгани туфайли янада каттароқ номиналдаги банкнота чиқаришга зарурият юзага келмаяпти.

Янги банкноталар сўм қадрсизланишига таъсир қилиши мумкинми?

Фото: Kun.uz / Муҳаммаджон Ғаниев

Марказий банкка кўра, янги банкноталар муомалага чиқарилишининг миллий валюта қадрига, пул массасига ёки инфляция даражасига ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Янги банкнотанинг муомалага чиқарилиши қўшимча пул маблағлари сифатида кўрилмаслиги керак.

Аҳолига нақд пулдаги тўловларни амалга оширишда қўшимча қулайлик яратиш мақсадида чиқарилаётган мазкур пул белгилари муомалада бўлган бошқа банкноталарнинг ўрнига чиқарилади. Яъни муомаладаги нақд пул маблағлари ҳажмида ҳам, иқтисодиётдаги пул массаси ҳажмида ҳам ўзгариш бўлмайди.

Иқтисодиётдаги пул массаси ўзгармаганидан кейин янги муомалага чиқарилаётган банкноталар инфляция даражасига ва сўмнинг алмашув курсига таъсир этмайди.

Бунда иқтисодий фаоллик тикланиши ва иқтисодий ўсиш билан бир қаторда пул массасига, хусусан, нақд пул маблағларига бўлган талаб мос равишда ортиб боради ҳамда қўшимча пул маблағлари муомалага чиқарилади.

Янги қийматдаги банкноталар ҳам айнан иқтисодиётда табиий равишда шаклланган пулга бўлган талабнинг босқичма-босқич ортиб бориши фонида бошқа қийматдаги банкноталар билан биргаликда чиқариб борилади.

Мавзуга оид