Жаҳон | 13:44 / 14.08.2025
4168
7 дақиқада ўқилади

Сербияда тартибсизликлар, Трампнинг таҳдиди ва Россиядаги чекловлар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Сербияда намойишлар

Чоршанба куни Сербия пойтахти Белград, шимолдаги Нови Сад, жанубдаги Ниша, марказдаги Крагуевац ва бошқа бир қанча шаҳарларда мамлакат президенти Александр Вучичнинг мухолифлари унинг тарафдорлари ва полициячилар билан тўқнашди.

Президент партиясининг ҳудудий офислари олдида тўпланган томонлар бир-бирларини мушаклар билан ўққа тутган, петардалар, тошлар ва турли буюмлар улоқтирилган, муштлашувга киришишган, полиция эса уларни ажратишга ҳаракат қилган.

Президент Вучич чоршанба куни кечқурун Нови Садда 64 нафар тарафдори жароҳат олганини айтди, шунингдек, «босмачилар ва безорилар»га шафқат қилинмаслигига ваъда берди. Вучич Белграддаги штаб-квартира олдида тўпланган партиядошлари қаршисига чиққан.

Сербия полицияси бошлиғи Драган Василевичнинг маълум қилишича, мамлакат шимолидаги Врбас шаҳарчасининг ўзида юз берган тўқнашувларда 16 полициячи ва 50 нафар намойишчи яраланган.

Талабалар ташкилотлари бошчилигидаги серб мухолифати тўққиз ойдан бери норозилик намойишларини ўтказмоқда. Намойишлар ўтган йил 1 ноябр куни Нови Сад вокзалида темир-бетон соябон қулаб тушгани ва 16 киши ҳалок бўлгани ортидан бошланган.

Намойишчилар ушбу фожиада айбдорларни жазолашни, коррупцияга қарши курашни кучайтиришни, шунингдек, навбатдан ташқари сайловлар эълон қилиш талабини билдирмоқда.

Ҳозирча улар бош вазирнинг истеъфосига эришган, бироқ президент Вучич истеъфога чиқмоқчи эмас.

Трамп жиддий оқибатлар билан таҳдид қилмоқда

Агар Россия президенти Владимир Путин Аляскадаги учрашувдан кейин ҳам Украина билан урушни тўхтатмаса, Россияни «жиддий оқибатлар» кутмоқда. Бу ҳақда Трамп Вашингтондаги Кеннеди марказида сўзлаган нутқида маълум қилди.

Трампдан агар Россия президенти 15 августдаги учрашувдан кейин урушни тўхтатмаса, Путин ва Россия учун қандай оқибатлар бўлиши ҳақида сўрашди. «Ҳа, бўлади. Жуда оғир оқибатлар бўлади», деб жавоб қайтарган Трамп.

Шу билан бирга, АҚШ етакчиси Путин билан учрашуви муваффақиятли ўтишига у қадар ишонмаяпти. Россия президентини Украинадаги тинч аҳолини ўққа тутишни тўхтатишга кўндира олишингизга ишонасизми, деган саволга у шундай жавоб берди: «Ўйлайманки, йўқ. Чунки мен у билан аввал ҳам шуни гаплашганман».

Трампнинг қўшимча қилишича, агар Путин билан учрашув муваффақиятли ўтса, у дарҳол навбатдаги учрашувни - Вашингтон, Москва ва Киев иштирокида уч томонлама учрашув ўтказишни ўйламоқда. «Агар мен Аляскада керакли жавобларни олмасам, иккинчи учрашув бўлмайди», - дея қўшимча қилди у.

Трамп 13 август куни Зеленский ва Европа етакчилари билан мулоқотига «ўн» баҳо қўйган. «Биз жуда яхши суҳбатлашдик. Мен уни ўн баҳога баҳолаган бўлардим. Жуда, жуда дўстона», - деди АҚШ президенти.

Россияда навбатдаги чеклов

Россияда Telegram ва WhatsApp орқали қўнғироқ қилиш қисман чекланди.

«Жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида ушбу мессенжерларда қўнғироқларни амалга оширишни қисман чеклаш чоралари кўрилмоқда», - дейилади Роскомнадзор хабарида.

Россия рақамлаштириш вазирлиги аниқлик киритишича, бу фирибгарлар томонидан амалга ошириладиган қўнғироқлар сонини камайтиришга ёрдам беради, мессенжерларнинг бошқа функциялари чекланмайди.

Таъкидланишича, мессенжерлар раҳбарияти Россия қонунчилиги талабларини бажарган тақдирда овозли қўнғироқлар функцияси қайта тикланади.

Қайд этилишича, ёвуз ниятли шахслар Telegram ва WhatsApp мессенжерларидан товламачилик ҳаракатларини амалга ошириш, қўпорувчилик ва террорчилик фаолиятига жалб этиш учун фойдаланишмоқда.

Starlink интернети Қозоғистонда

13 август куни Starlink Қозоғистонда сунъий йўлдош интернет хизматларини расман ишга туширди. Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги хабарига кўра, бу мамлакат аҳолисига SpaceX’нинг паст орбитали сунъий йўлдош тармоғи орқали юқори тезликдаги ва барқарор интернетга уланиш имконини беради. SpaceX бош директори Илон Маск Starlink энди Қозоғистонда ҳам мавжуд эканини тасдиқлади.

«Биз бир йил давомида Starlink ва давлат идоралари ҳамда назорат қилувчи органларнинг позицияларини бир-бирига яқинлаштириш бўйича музокаралар олиб бордик. Бугун Starlink Қозоғистонни ўзининг расмий мавжудлик харитасига қўшди» деб ёзди Рақамли ривожланиш вазирлиги раҳбари Жаслан Мадиев Х ижтимоий тармоғида.

Июн ойида Қозоғистон Рақамли ривожланиш вазирлиги хизмат кўрсатишда мамлакат қонунчилигига риоя қилиш бўйича Starlink билан шартнома имзолаганди.

Компания сайтидаги нархларга кўра, Starlink фойдаланувчи терминали 104 минг тенгедан 201 минг тенгегача туради. Чексиз уй тарифларининг нархи ойига 23 минг тенгедан 31 минг тенгегачани ташкил этади.

Starlink Қирғизистонда 2025 йил охиригача, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда эса 2026 йилда ишга туширилиши кутилмоқда.

Украина учун «Ғарбий соҳил модели»

The Times хабар беришича, АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф «россиялик ҳамкасблар» билан мулоқот чоғида уруш тугашининг эҳтимолий сценарийси сифатида «Ғарбий соҳил модели»ни таклиф қилган.

Бу ғояга кўра, Россия Украинанинг босиб олинган қисми устидан ҳарбий ва иқтисодий назоратни қўлга киритади, бироқ юридик аннексия бўлмайди. Бунда Украинанинг расмий чегаралари ҳозирги кўринишида сақланиб қолади.

The Times’нинг АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашига яқин манбасига кўра, Трампнинг Яқин Шарқдаги манфаатларини ифодаловчи Стив Уиткофф бу ғояни қўллаб-қувватламоқда. АҚШда бундай ёндашув Украинанинг умумхалқ референдумисиз ҳудудларни топширишни тақиқловчи конституциявий чекловларини четлаб ўтишга имкон беради, деб ҳисоблашмоқда.

«Бу худди Исроил Ғарбий соҳилни эгаллаб олгани каби кўринишда бўлади. Губернатор билан, Украинага эмас, Россияга интеграциялашган иқтисодий тизим билан. Аммо бу барибир Украина бўлади, чунки Украина ҳеч қачон ўз суверенитетидан воз кечмайди. Аммо реаллик шундаки, бу амалда босиб олинган ҳудуд бўлади ва бу Фаластин моделидир», - деган The Times манбаси.

Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Анна Келли The Times мақоласига муносабат билдириб, «бу мутлақо ёлғон ва эҳтиётсизлик билан тайёрланган репортаж» эканини қайд этган.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид