Жаҳон | 20:03 / 30.12.2024
16017
10 дақиқада ўқилади

Омадсиз лидер – АҚШнинг 100 ёшда вафот этган собиқ президенти Жимми Картер ҳақида нималар маълум?

У президентлар орасида қисқартирилган исмдан фойдаланиш анъанасини бошлаб берди, ҳеч қачон ёлғон гапирмасликни ўз шиорига айлантирди, Исроил ва Мисрни яраштирди. Тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлса-да, сиёсий фаолиятида «энг омадсиз президент» деб аталди.

Фото: AFP

Қўшма Штатларнинг 39-президенти, тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати Жимми Картер 100 ёшида вафот этди. Сўнгги йилларда у оғир бетоб эди. BBC унинг ҳаёти ва сиёсий фаолияти ҳақида ёзди.

Жеймс Эрл Картер, бошқа нарсалар қатори, ўзининг қисқартирилган исми - Жимми билан чақиришни сўраган биринчи юқори мартабали давлат арбоби сифатида тарихга кирди. «Мен оддий фермерман, бу менга кўпроқ қулай», деди у журналистларга.

Кейинчалик бу мода инглиз-саксон дунёсида ўз ўрнини топди: Тони (Энтони эмас) Блэр, Билл (Уилям эмас) Клинтон, Жо (Жозеф эмас) Байден ва бошқалар. Бугун, бундай анъана йўқолиб бормоқда ва сиёсатчилар «исми қандай ёзилган бўлса, шу тарзда мурожаат қилишни» талаб этмоқда.

«Қишлоқи йигит»

Картер сиёсатда қишлоқи-идеалист тимсолидан тўлиқ фойдаланди. Унинг асосий ташвиқот шиори «Сизларга ҳеч қачон ёлғон гапирмайман!» эди. Аслида, у жуда ҳам «қишлоқи» эмас - иккита нуфузли дипломга эга – Жоржия технология институти ва Аннаполис ҳарбий-денгиз академияси, 1950-йилларнинг бошларида у биринчи атом сувости кемаларида хизмат қилди. «Фермерлик» эса унга отамерос эди, шу туфайли қишлоқ хўжалиги билан шуғулланди. Картернинг сиёсий стратеглари «ферма» деб атаган нарса аслида ерёнғоқ ишлаб чиқарадиган йирик саноатлашган корхона эди.

«Сизларга ҳеч қачон ёлғон гапирмайман!» - АҚШ президентлигига номзод Жимми Картер (BBC)

Картер икки марта, 1962 ва 1964 йилларда Жоржия Сенатига сайланди, 1970 йилда эса ушбу жанубий штат губернатори бўлди.

Фуқаролар уруши даврида Жоржия қулдорлик конфедерациясининг бир қисми эди. Картер ўзига ўтмиш билан алоқани бутунлай узган «Янги жануб» вакили сифатида образ яратди. У шимолий либерал Уолтер Мондейлни вице-президентликка таклиф қилди ва қоратанли америкаликлар ҳуқуқлари учун курашувчи таниқли шахсларни ўз томонига оғдирди.

Омадсизлик серияси

1976 йилда АҚШ президенти сайловида ғалаба қозонганидан сўнг, Картер Ветнам урушига боришдан бош тортганларни амнистия қилди, ўз маъмуриятига аёллар ва миллий озчилик вакилларини киритди, ўзидан олдингиларга қараганда қишлоқ жойларига кўпроқ саёҳат қилди ва «Президент Картердан сўранг» радио дастурида мунтазам равишда америкаликларнинг саволларига жавоб қайтарди.

1970-йиллар охирида унинг воситачилигида Исроил ва Миср ўртасида Кэмп-Дэвид келишувининг имзоланиши ташқи сиёсатдаги энг катта ютуқ бўлди, бу келишув ҳозирги кунгача Яқин Шарқнинг геосиёсий архитектурасини белгилаб беради.

Картер Хитой билан муносабатларни яхшилаш сиёсатини давом эттирди: Дэн Сяопин билан (Getty Images)

Аммо, умуман олганда, Картернинг ҳукмронлиги тарихга омадсиз сифатида кирди. АҚШ президентлари ичида «ёвуз тақдир кўпроқ таъқиб қилган» бошқа шахсни топиш қийин.

1970-йилларнинг иккинчи ярмида нефт нархи тарихий чўққига чиқди. Оқибатда, сайловдаги ваъдалар, яъни, ишсизликни 4,5 фоизга, инфляцияни йилига 4 фоизга камайтириш ваъдалари бажарилмай қолди. Бундан ташқари, вазият кескин ёмонлашди.

1980 йилги президентлик кампанияси пайтида республикачи номзод Роналд Рейган Америка иқтисодиётининг аҳволини «тушкунлик» деб таърифлади. Картер ўз рақиби билан атамашунослик бўйича мунозарага киришди ва мамлакат тушкунликда эмас, балки фақат таназзулда эканини таъкидлади. Рейган қаттол ҳазил билан жавоб берди: «Турғунлик - қўшнингиз ишини йўқотганда, тушкунлик - бу сиз ишингиздан маҳрум бўлганда, тикланиш - Жимми Картер ишини йўқотганда!»

Мислсиз хўрланиш

Сайлов арафасида Картернинг обрўсига берилган, иккинчи тузатиб бўлмас зарба Ислом инқилобидан кейин Эрондаги америкаликларнинг гаровга олиниши бўлди.

1979 йил 4 ноябрида, Эрон исломий республика деб эълон қилинганидан етти ой ўтгач, ўзларини «имом курсининг талаба-издошлари» деб атаган бир гуруҳ одамлар Теҳрондаги АҚШ элчихонасига бостириб кирди. Улар элчихонанинг 66 нафар ходимини (асосан дипломатлар) гаровга олиб, собиқ шоҳ Ризо Паҳлавийни топширишни талаб қилишди. У Ню-Йорк клиникаларидан бирида саратон касаллигидан даволанаётган эди.

Бир неча аёллар ва касаллар қўйиб юборилди, аммо гаровга олинганларнинг 52 нафари 444 кун давомида асирликда қолди. Қуролланган соқолли йигитлар телекамералар олдида суратга тушиб, Американинг ожизлигини масхара қилишди.

1970-йилларнинг асосий сиёсий рақиблари: Жимми Картер ва оятулло Ҳумайний (Getty Images)

АҚШ II Жаҳон урушидаги Пёрл Ҳарбор воқеасидан бери бундай хўрланмаган эди. Аммо 1941 йилда америкаликлар японлардан дарҳол ўч олдилар. Картер маъмурияти эса саросимага тушиб, ожизликни кўрсатди.

1980 йил 24 апрелда гаровга олинганларни қутқариш бўйича «Бургут чангали» операцияси бошланмасданоқ муваффақиятсизликка учради. АҚШ Махсус кучлари вертолётларидан бири Эрон чўлидаги аэродромда ёқилғи қуйиш машинаси билан тўқнашиб, ёниб кетди. Оқибатда 8 нафар аскар ҳалок бўлди.

Гаровга олинганлар фақат 1981 йил 20 январда, Жазоир келишуви имзолангандан кейин озод қилинди. Ажабланарлиси шундаки, бу Роналд Рейганнинг инаугурацияси куни содир бўлди.

Брежневнинг ўпичи

Картернинг Москва билан муносабатлари ҳам яхшиланмади, гарчи у сайлов кампанияси пайтида ва президентлик муддатининг бошида илиқлашиш ва қуролланишни камайтириш тарафдорлигини эълон қилган бўлса-да.

Картер Америка ташқи сиёсатининг асосий мақсади бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эканини эълон қилди - бу эса табиийки, Совет раҳбариятига ёқмади.

Картернинг Оқ уйга келиши билан деярли бир вақтнинг ўзида Леонид Брежневнинг соғлиғи кескин ёмонлашди ва халқаро муносабатлар консерватив учлик Андропов-Устинов-Громико қўлига тушди.

СССР билан Куба Ангола, Мозамбик ва Эфиопиядаги қуролли можарога қўшилди. 1979 йил июл ойида Москва ва Гавана билан боғлиқ бўлган сандинистлар Никарагуада ҳокимиятни қўлга олди.

1979 йил ўрталарига келиб, 7 йиллик музокаралардан сўнг, Стратегик қуролларни чеклаш II (SALT II) шартномаси келишиб олинди. 18 июн куни Брежнев ва Картер Венада биринчи ва охирги марта учрашиб, уни тантанали равишда имзоладилар. Кейинги шунга ўхшаш йиғин фақат 1986 йил октябр ойида - Рейкявикда, Рейган ва Горбачёв ўртасида бўлиб ўтди.

Протоколга кўра, Брежневнинг Қўшма Штатларга ташрифига навбати келган эди, аммо совет дипломатлари ўз ҳамкасбларига тиббий сабабларга кўра Совет раҳбарининг океан бўйлаб учиши иложсизлигини махфий равишда тушунтирдилар.

Венадаги якуний матбуот анжуманида СССР вакили Леонид Замятинга Брежневнинг соғлиғи ҳақида савол берилди. У Совет раҳбари ҳеч нарсадан шикоят қилмаётганини ва унинг соғлиғи ёмон эканлиги ҳақидаги барча хабарлар тахминлардан бошқа нарса эмаслигини айтди. Кейин халқаро масалалар бўйича машҳур совет мутахассиси Малор Стуруа ўрнидан туриб, Оқ уй матбуот котиби Жоди Пауэллдан жаноб Картернинг сиёсий саломатлиги ҳақида сўради. Сўровлар президентлик муддати тугашига бир ярим йил қолганида, унинг рейтинги кескин пасайганини кўрсатаётган эди.

«[Картернинг сиёсий саломатлиги] [Брежневники билан] тахминан бир хил», деб жавоб берди Пауэлл.

Кўпгина америкаликлар SALT II шартларини мамлакат учун камситиш деб ҳисоблашди.

Картер ва Брежневнинг ўпишиши (Getty Images)

Имзолаш маросими якунида Картер ва Брежнев ўпишиб, бир-бирини табриклади. Бу кўпроқ совет раҳбарига хос одат эди. Машҳур «ўпишиш»дан кейин 6 ойдан камроқ вақт ўтгач, СССР Афғонистонга қўшин киритди. Бу воқеадан икки ҳафта ўтгач, Ғарб давлатлари Картернинг ташаббуси билан санкциялар киритди ва Москва Олимпиадасини бойкот этишини эълон қилди. Муносабатлар эса бутунлай ёмонлашди.

Бузрукнинг кузи

Лавозимини тарк этгач, собиқ президент аввалига тинч ҳаёт кечирди, бир вақтнинг ўзида Жоржия пойтахти Атланта университетида дарс берди. 80 ёшида тинчликпарварлик ва хайрия ишларида фаол иштирок этди. Нелсон Мандела ташаббуси билан яратилган, собиқ давлат раҳбарларининг «оқсоқоллар гуруҳига» қўшилди. 2002 йилда ўз хизматларининг умумийлигидан келиб чиқиб, тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди.

«Оқсоқоллар гуруҳи» 2010 йилда. Картер - чапдан тўртинчи

2010 йил август ойида у шахсий ташриф билан Пхенянга борди ва КХДР томонидан ҳибсга олинган Америка фуқароси Айжалон Гомесни ватанига қайтарди.

Картернинг сўнгги халқаро миссияси 2013 йил ноябрида Непалдаги биринчи парламент сайловларида кузатувчи сифатида бўлди.

2015 йил август ойида Картер жигар ўсимтасини олиб ташлаш учун операция столига ётди. Декабр ойида саратон касаллиги устидан ғалаба қозонганини эълон қилди.

Кейинчалик, унга жигари ва миясига тарқалган меланома (терининг хавфли ўсмаси) ташхиси қўйилди. 2023 йилда собиқ президент қолган вақтини уйда, ҳоспис ёрдами билан ўтказишга қарор қилгани ҳақида хабар берилди.

Картер АҚШ тарихида 90 ёшга тўлган олтинчи президентдир.

У, шунингдек, собиқ президент сифатида умр кўриш бўйича рекордчи – у кетганидан кейин Оқ уйда етти президент алмашди: Роналд Рейган (1981-1989), тўнғич Жорж Буш (1989-1993), Билл Клинтон (1993-2001), кенжа Жорж Буш (2001-2009), Барак Обама (2009-2017), Доналд Трамп (2017-2021) ва Жо Байден (2021-2025).

Мавзуга оид