Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Эронга янги ҳужумларни тўхтатди, Белорусда Россия ядро қуроллари билан машғулотлар бошланди – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп Эронга режалаштирилган янги ҳужумни тўхтатди
АҚШ президенти Доналд Трамп душанба куни – Теҳрон тинчлик таклифини юборганидан сўнг Эронга қарши режалаштирилган ҳужумни тўхтатиб турганини билдирди. Унинг айтишича, ҳозирда Эрон ядро дастурини чекловчи битимга эришиш учун «жуда яхши имконият» бор.
«Биз эртага Эронга режалаштирилган ҳужумни амалга оширмаймиз. Бироқ мақбул келишувга эришилмаган тақдирда, ҳарбийларимизга исталган дақиқада Эронга жиддий, кенг кўламли ҳужумни бошлашга тайёр туришга буйруқ бердик», деди Трамп. АҚШ бундай ҳужум ҳақида аввал эълон қилмаганди.
Трамп ўз постида Қатар, Саудия Арабистони ва БАА раҳбарлари ундан ҳужумни кечиктиришни сўраганини айтди. У АҚШ ва Яқин Шарқдаги барча мамлакатлар учун «жуда мақбул бўладиган келишув» тафсилотларини очиқламади.
«Агар биз буни уларни бутунлай бомбардимон қилмасдан уддалай олсак, жуда хурсанд бўлардим», деди Трамп.
Трампнинг пости Эрон ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Исмоил Бақоий уларнинг жавоби «Покистон орқали етказилганини» тасдиқлаганидан кейин эълон қилинди. Бироқ Бақоий ҳам тафсилотларни келтирмади.
Покистонлик манбага кўра, келишувларда силжишга эришиш қийин бўлмоқда. Чунки томонлар «ўйин қоидаларини, талабларини тинмай ўзгартирмоқда».
Шунингдек, Reuters манбалари Вашингтон позицияси бироз юмшаганини таъкидламоқда. Бу Эроннинг музлатилган пуллари ва санкцияларга алоқадор.
Покистон Саудияга катта ҳарбий куч юборди
Эрон урушида асосий воситачи ролини ўтаётган Покистон ўзаро мудофаа пакти доирасида Саудия Арабистонига 8 000 нафар ҳарбий хизматчи, қирувчи самолётлар эскадриляси ва ҳаво мудофаа тизимини жойлаштирди.
Бу ҳақда Reuters нашри уч нафар хавфсизлик мулозими ва ҳукуматдаги манбаларига таяниб ёзди.
Хусусан, Покистон апрел ойида Саудияга – Хитой билан биргаликда ишлаб чиқарилган JF-17 қирувчи самолётларидан иборат, тахминан 16 та ҳаво кемасини ўз ичига олган тўлиқ эскадриляни юборган. Шунингдек, дронларнинг икки эскадриляси ҳам бор.
Жойлаштирилган кучлар таркибига яна 8 000 га яқин аскар ва Хитойнинг HQ-9 ҳаво мудофаа тизими киради. Ушбу техника ва жиҳозлар Покистон ҳарбийлари томонидан бошқарилади ва Саудия Арабистони томонидан молиялаштирилади.
Покистон ҳарбийлари ва Саудия ҳукуматининг медиа идораси қўшин жойлаштирилиши бўйича изоҳ бермади.
Икки давлат ўтган йили имзоланган мудофаа битимига кўра, ҳар икки томон ҳам ҳужум уюштирилган тақдирда бир-бирини мудофаа қилиши шарт. Покистон мудофаа вазири олдинроқ Саудия Исломободнинг ядровий соябони остида эканига шама қилганди.
Хавфсизлик мулозими сўзларига кўра, янги сафарбарлик – қиролликда аллақачон жанговар вазифани ўтаётган минглаб покистонлик аскарлар сафига қўшилади. Мудофаа келишуви қиролликка 80 минггача аскар юбориш имкониятини назарда тутади.
Аслида Покистон узоқ вақтдан бери Саудия Арабистонига ҳарбий ёрдам кўрсатиб келади. Ар-Риёд эса ўз навбатида иқтисодий қийинчиликлар даврида Исломободни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган.
АҚШдаги масжидда отишма
Душанба куни Калифорния штатининг Сан-Диего шаҳридаги Ислом марказида ўсмир ёшдаги икки қуролланган шахс ўт очди. Оқибатда масжид ташқарисида бир қўриқчи ва яна икки эркак ҳалок бўлди. Шундан сўнг гумондорлар ўлик ҳолда топилган, улар ўзига ўқ узиб ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда.
Сан-Диего полицияси округдаги энг йирик масжидга қилинган ушбу ҳужумни «нафрат заминида содир этилган жиноят» сифатида текширмоқда.
Бироқ ушбу қуролли зўравонликка нима сабаб бўлгани ёки унга туртки берган бирор аниқ воқеа ҳақида маълумот йўқ. Отишмадан сўнг масжид мажмуасидаги кундузги мактаб болалари хавфсиз жойга кўчирилган, уларга зарар етмаган.
«Биз илгари ҳеч қачон бундай фожиани бошдан кечирмаган эдик. Бу жуда мудҳиш ва қабиҳ ишдир», деди Ислом маркази имоми ва директори Тоҳа Ҳасан.
Полицияга кўра, гумондорлардан бирининг онаси отишмадан тахминан икки соат олдин полицияга қўнғироқ қилган. Она ўз ўғлининг жонига қасд қилишга мойил бўлиб қолганини ва унга тегишли бўлган учта қурол ва машинани олиб қочиб кетганини айтган.
Полиция ёшларни қидиришга тушган ҳамда эҳтиёт чораси сифатида яқин-атрофга патрул гуруҳларини жўнатаётган бир пайтда, масжиддаги отишма ҳақида қўнғироқлар кела бошлаган. Расмийларнинг қайд этишича, ҳалок бўлган хавфсизлик ходими катта эҳтимол билан янада даҳшатлироқ қон тўкилишининг олдини олишга ёрдам берган.
Ғазога келаётган яна бир флотилия тўхтатилди
Исроил кучлари Ўрта Ер денгизининг шарқий қисмида Ғазога йўл олган инсонпарварлик ёрдами флотилиясининг 39 та кемасини тўхтатди. Қолган кемалар эса анклав томон сузишда давом этмоқда.
Исроил ташқи ишлар вазирлиги «Ғазога нисбатан жорий этилган денгиз блокадасининг ҳар қандай тарзда бузилишига йўл қўйилмаслигини» билдирди.
«Global Sumud» флотилияси таркибидаги кемалар ўтган ҳафта Туркия жанубидан учинчи бор йўлга чиққанди. Бундан олдинги Ғазога ёрдам етказиш уринишлари ҳам Исроил томонидан халқаро сувларда тўсиб қўйилган.
Тўғридан тўғри эфирга узатилган видеотасвирларда душанба куни ҳарбий кемалар флотилияга яқинлашаётгани кўринган. «Биз қонуний, зўравонликсиз инсонпарварлик миссиямиз учун хавфсиз ўтиш йўлаги берилишини талаб қиламиз» дейилади ташкилот баёнотида.
Гуруҳнинг маълум қилишича, 39 та давлатдан келган 426 киши 54 та кемада флотилия таркибида иштирок этмоқда. Тўсиб қўйилган кемалар бортида Туркиянинг 44 нафар фуқароси ҳам борлиги айтилди.
Туркия ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг ушбу аралашувини «янги қароқчилик ҳаракати» деб қоралади ва фуқаролари хавфсиз қайтариш чораларини кўрмоқда.
Анқарада нутқ сўзлаган президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам флотилияга қилинган ушбу ҳужумни қоралади ва халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг ҳаракатларига қарши чора кўришга чақирди.
Беларусда Россия ядро қуроллари иштирокида машғулотлар
Душанба куни Беларусда Россия ядро қуроллари иштирокида ҳарбий машғулотлар бошланди.
Беларус мудофаа вазирлиги машғулотлар – мамлакатнинг турли ҳудудларида ядро қуролини жойлаштиришга бўлган шайликни синовдан ўтказишини маълум қилди. Вазирликнинг қўшимча қилишича, машғулотлар «махфийликни сақлаш, сезиларли масофаларга ҳаракатланиш ҳамда куч ва воситалардан фойдаланиш ҳисоб-китобларини амалга оширишга» қаратади.
Шунингдек, вазирлик ушбу машғулотлар ҳеч бир бошқа давлатга қарши қаратилмаганини таъкидлади.
Украина ташқи ишлар вазирлиги ушбу машғулотларни кескин қоралаб, ғарблик иттифоқчиларни Россия ва Беларусга нисбатан санкцияларни янада кучайтиришга чақирди.
Ўтган ҳафтада Зеленский Москва Беларусни урушга янада чуқурроқ тортишга уринаётгани ҳақида айтганди. Кремл бу айбловларни инкор этган.
2023 йилда Александр Лукашенко Россиянинг тактик ядровий ракеталарини ўз ҳудудида жойлаштиришга рози бўлган. Владимир Путин ушбу ракеталардан фойдаланиш устидан назорат Москва қўлида эканини бир неча бор таъкидлаган.
2024 йилда Кремл Беларуснинг Россиянинг ядровий соябони остига олувчи янгиланган доктринасини эълон қилди. Беларус Россия, Украина ва НАТО алянсининг учта аъзоси билан чегарадош ҳисобланади.
Мавзуга оид
16:19 / 20.05.2026
Путин Хитойга келди, Эбола тарқалиши кўпайди, АҚШ Европадаги ҳарбийларини қисқартиради – кун дайжести
14:41 / 18.05.2026
Москвага энг йирик дронлар ҳужуми ва Эрон атрофида кескинлашаётган вазият – кун дайжести
15:30 / 16.05.2026
Исроил Ҳамас қўмондони ўлдирилганини айтди, АҚШ Раул Кастрога айблов эълон қилмоқчи – кун дайжести
15:26 / 15.05.2026