Жаҳон | 15:30
918
7 дақиқада ўқилади

Исроил Ҳамас қўмондони ўлдирилганини айтди, АҚШ Раул Кастрога айблов эълон қилмоқчи – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил Ҳамас қўмондони ўлдирилганини маълум қилди

Исроил Ғазо секторидаги ҳаво ҳужуми натижасида Ҳамас қўмондони Изз ад-Дин ал-Хаддодни ўлдирганини маълум қилди. Исроил расмийлари уни «7 октябр ҳужуми ташкилотчиларидан бири» деб таърифлаган.

Гувоҳларнинг BBC’га маълум қилишича, «Ал-Мўътаз» деб номланувчи турар жой биносига икки хил йўналишдан бир вақтнинг ўзида учта ракета зарбаси берилган. Шундан сўнг воқеа жойидан қочишга уринган автомобил нишонга олинган. Ушбу ҳужум Ҳамас билан ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, Исроил томонидан Ғазога уюштирилган сўнгги зарбалардан бири бўлди.

Маҳаллий манбага кўра, воқеа жойидан узоқлашаётган автомобилни нишонга олган иккинчи ҳаво зарбаси натижасида уч киши ҳалок бўлган. Транспорт воситаси биринчи зарбада оғир яраланган Хаддодни олиб кетаётган бўлиши мумкин.

Исроил хавфсизлик хизматининг юқори мартабали мулозими дастлабки маълумотлар — Хаддод «муваффақиятли нишонга олингани»дан далолат беришини билдирди.

Ҳамаснинг ҳарбий қаноти — «Ал-Қассам бригадалари» ўз қўмондони ўлдирилгани ҳақидаги даъволарни ҳозирча тасдиқламади. Шунингдек, инкор ҳам этмади.

Айни вақтда Ғазода сулҳ эканига қарамай, Исроил ҳужумлари давом этмоқда. Қуролсизланиш бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолган. Бинямин Нетаняҳунинг айтишича, Хаддод «Ҳамасни қуролсизлантириш ва Ғазо секторини демилитаризация қилиш тўғрисидаги келишувни бажаришдан бош тортган».

Зеленский: Беларус урушга қўшилиши мумкин

Президент Володимир Зеленскийнинг айтишича, Беларус Украинадаги урушга янада чуқурроқ жалб этилиши мумкин. Хусусан, Россия Беларус ҳудудидан Украинанинг шимолига ёки НАТО давлатига ҳужум қилиш режаларини кўриб чиқмоқда.

«Россия Беларус ҳудудининг жануби ва шимолида операциялар ўтказиш режаларини кўриб чиқмоқда. Булар — ё Украинанинг Чернигов-Киев йўналишига қарши ёки тўғридан тўғри Беларус ҳудудидан НАТО давлатларидан бирига қарши қаратилган», деди Зеленский ҳарбий ва разведка расмийлари билан учрашувдан сўнг. Лекин у бошқа тафсилотларни келтирмади.

Беларус жанубда Украина билан, шимол ва ғарбда эса НАТО аъзолари бўлган Полша, Литва ва Латвия билан чегарадош.

Зеленскийнинг ушбу баёнотига Москва ва Минскдан ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдирилмади. Москва Украинадаги ҳарбий режаларини ошкор қилмайди, улар давлат сири сифатида таснифланган.

Путиннинг энг яқин иттифоқчиларидан бири бўлган Лукашенко 2022 йилда Россиянинг ўз қўшнисига бостириб кириши учун ўз ҳудудидан фойдаланишга рухсат берганди. Бироқ у ерда жанг қилиш учун Беларус қўшинларини юбормаган.

Шунингдек, Минск ўз ҳудудида Россиянинг тактик ядро қуроллари ва «Орешник» гипертовушли ракеталарини жойлаштиришга рози бўлган.

Кубада кескинлик кучаймоқда

АҚШ Кубанинг собиқ раҳбари Раул Кастрога қарши бундан йигирма йил муқаддам ҳуманитар самолётлар уриб туширилиши бўйича айблов эълон қилишни режалаштирмоқда.

94 ёшли инқилоб тимсолига нисбатан айблов эълон қилиниши – Трамп маъмурияти томонидан Кубага босим кампанияси жиддий кучайишини англатади.

АҚШ Адлия вазирлигидаги манбаларга кўра, Кастрога қўйилиши мумкин бўлган айблов – Кубанинг 1996 йилда ҳуманитар гуруҳ томонидан бошқариладиган иккита самолётни уриб тушириши билан боғлиқ. Раул Кастро ўшанда Куба мудофаа вазири эди.

Куба ҳозирча айблов хавфи борасида тўғридан тўғри изоҳ бермади, бироқ ташқи ишлар вазири Бруно Родригес ўзининг қатъий қаршилигини билдирди.

Reuters агентлиги Ҳаванадаги кубаликлар билан суҳбатлашган. Уларнинг сўзларига кўра, айблов эълон қилиниши АҚШ билан музокараларни фақат орқага қайтаради ва икки давлат ўртасидаги дипломатик инқирозни янада чуқурлаштиради.

Трамп маъмурияти январ ойидан бери Кубани қамалга олиб, амалда ёқилғи блокадасини жорий этди, ҳарбий ҳаракатлар билан таҳдид қилди ва санкцияларни кучайтирди.

Таҳлилчиларга кўра, 94 ёшли Раул Кастрога айблов қўйилиши — уни қўлга олиш ёки ўлдириш бўйича ҳар қандай ҳарбий операциялар учун «қонунийлик ниқобини» яратди.

Фидел Кастронинг укаси Раул Кастро ҳозирда расмий лавозимга эга бўлмаса-да, ҳамон оролнинг энг нуфузли ҳаёт бўлган етакчиси ва Куба инқилоби тимсоли сифатида кўрилади.

Эрон бойитилган уранини Россияга бериши мумкин

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Теҳрон Москва билан бойитилган уран захираларини Россия томонига топшириш бўйича дастлабки маслаҳатлашувлар олиб борганини тасдиқлади.

Эрон бош дипломати сўзларига кўра, Теҳрон Москванинг ҳамкорликка тайёрлигини юқори баҳолаган. Бироқ бу масала якуний тарзда фақат АҚШ билан Эрон ядро дастури бўйича музокараларнинг кейинги босқичида ҳал қилинади.

«Биз ушбу босқичга етиб келганимизда, шубҳасиз, Россия билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказамиз ва Россия таклифи ёрдам бера олиш-олмаслигини кўриб чиқамиз», деди Ароқчи.

Россия президенти Владимир Путин Эрон уранини қабул қилишга тайёрлигини 9 майдаёқ маълум қилганди. Россия 2015 йилги Эрон билан ядровий келишув доирасида ҳам ушбу схемадан фойдаланган. Аммо Доналд Трамп маъмурияти ўзининг биринчи президентлик муддати даврида ушбу келишувдан бир томонлама тартибда чиққанди.

Шу билан бирга, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Ғарб матбуотида Теҳрон уранни олиб чиқиб кетишга принципиал жиҳатдан рози бўлгани ҳақида тарқалган хабарларни ёлғон деб атади.

Исроил–Ливан сулҳи 45 кунга узайтирилди

Исроил ва Ливан расмийлари Вашингтондаги музокаралар давомида ўт очишни тўхтатиш режимини яна 45 кунга узайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти вакили Томми Пигот маълум қилди.

Амалдаги ўт очишни тўхтатиш режимининг муддати 17 май куни тугаши керак эди. Пигот маълумотларига кўра, Давлат департаменти воситачилигида музокаралар 2-3 июн кунлари қайта тикланади. Бундан ташқари, 29 май куни Пентагонда ҳар икки давлат ҳарбийлари ўртасида маслаҳатлашувлар бўлиб ўтади.

14 апрел куни Вашингтонда 1993 йилдан буён илк бор Исроил ва Ливан вакиллари ўртасида тўғридан тўғри музокаралар бўлиб ўтди. Уларни икки давлатнинг АҚШдаги элчилари олиб бормоқда.

Аммо Исроил сулҳ Ливан жанубига тааллуқли эмаслигини айтиб, зарбалар беришда давом этмоқда. «Ҳизбуллоҳ» ҳам Исроилга қарши дронлардан кенг фойдаланмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид