Иқтисодиёт | 14:38 / 21.04.2022
23568
2 дақиқада ўқилади

Йил охиригача инфляция 12-14 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда — МБ прогнозларни янгилади

2022 йилда трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилга нисбатан 18-25 фоизга камайиши мумкин. Регулятор ЯИМ ўсиши 3,5-4,5 фоиз доирасида бўлишини прогноз қилмоқда.

Йиллик асосий ставка 17 фоиз миқдорда ўзгаришсиз қолдирилгач, Марказий банк расмий релиз эълон қилди.

Унга кўра, ташқи иқтисодий вазиятларда содир бўлаётган ҳолатларни инобатга олиб асосий ва хатарли сценарийлар доирасида макроиқтисодий прогнозлар янгиланган:

  • асосий сценарий бўйича импорт инфляцияси, ишлаб чиқариш, логистика ва етказиб бериш билан боғлиқ таклиф омиллари таъсирида инфляция даражаси йил якунлари бўйича 12-14 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда (дастлабки прогноз 8-9 фоиз эди);
  • асосий савдо ҳамкорлардаги иқтисодий фаолликнинг пасайиши, миллий валюта курсининг ўзгариши ва миграцион оқимлар жорий йилда трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг ўтган йилга нисбатан 18-25 фоизга камайиши эҳтимолини юзага келтирмоқда;
  • ялпи ташқи ва ички талаб динамикасидаги ўзгаришлар, дефляторнинг нисбатан юқори бўлиши ва фискал шароитлар таъсирида 2022 йил якунлари бўйича мамлакатда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 3,5-4,5 фоиз доирасида кутилмоқда (йил бошидаги прогноз 5,5-6,5 фоиз эди).

“Умуман олганда ушбу прогнозлар кўплаб шартларга асосланган бўлиб, ташқи иқтисодий вазиятнинг ўзгариб бориши, амалга оширилаётган макроиқтисодий ва таркибий ўзгаришлар натижадорлигини инобатга олиб келгуси йиғилишларда макроиқтисодий прогнозлар қайта кўриб чиқилади”, – дейилади регулятор баёнотида.

Ўзбекистонда макроиқтисодий ривожланишнинг асосий ва муқобил сценарийси ўтган йил ноябр ойида қабул қилинганди.

Мавзуга оид