Иқтисодиёт | 11:05 / 20.02.2026
4132
2 дақиқада ўқилади

Солиқ хизмати ходимларининг даромад ва харажатларини декларациялаш тизими ишлаб чиқилди

Лойиҳа айни пайтда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида синов тариқасида амалга ошириляпти. Тизим босқичма-босқич бутун республика бўйлаб жорий этилиши кўзда тутилган.

Фото: Солиқ қўмитаси

Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади, дея хабар берди қўмита ахборот хизмати.

Қайд этилишича, меморандум коррупциянинг олдини олиш бўйича тизимли ишларни мустаҳкамлаш, солиқ органлари фаолиятининг шаффофлигини ошириш ҳамда замонавий ички назорат механизмларини жорий этишга қаратилган.

“Ҳужжат солиқ органлари тизимида ҳуқуқбузарликларнинг оқибатларини бартараф этиш билан чекланиб қолмай, энг аввало коррупциявий омилларни барвақт аниқлаш ва профилактик механизмларни жорий этишга йўналтирилган профессионал ва самарали коррупцияга қарши курашиш моделини шакллантиришни назарда тутади. Шунингдек, рақамли технологияларни, жумладан, сунъий интеллект асосидаги ечимларни кенг қўллаш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорлик сиёсатини изчил ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган”, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, давлат солиқ хизматида ишловчи ҳар бир ходимнинг даромадларини декларация қилиш тизими ишлаб чиқилган. Тадбир доирасида мазкур платформа тақдимоти ўтказилди. Айни пайтда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида даромадларни декларация қилиш механизмини жорий этиш бўйича эксперимент синов тариқасида амалга ошириляпти. Пилот лойиҳа якунларига кўра, ушбу тизим босқичма-босқич бутун республика бўйлаб жорий этилади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид