Ўзбекистон | 20:39 / 05.04.2022
14958
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мактаб директорларини сертификатлаш тизими жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев сешанба кунги видеоселектор йиғилишида мактаб директорларига нисбатан талаб ҳам кескин кучайтирилишини таъкидлади.

«Қайси мактаб директори ҳаракат қилаётган бўлса, натижа бўлаяпти. Аксинча, шароит яхши бўла туриб, ўзгариш қила олмаётган директорлар ҳам кўп», деди давлат раҳбари.

Шу боис Халқ таълими вазирлигига 1 сентябрдан бошлаб мактаб директорларини сертификатлаш тизимини жорий этиш топширилди. Бундан буён директорликка номзодлар ушбу тизим орқали танланади.

Жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш асосида 193 та таълим муассасалари негизида табиий ва аниқ фанларга ихтисослашган мактабларни ташкил этиш таклифлари ишлаб чиқилди.

Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари 1 августга қадар ўз ҳудудидаги ушбу мактабларни таъмирлаш, замонавий жиҳозлаш, яшаш ва овқатланиш учун шароитлар яратишга масъул этиб белгиланди.

«Янги ўқув йилига қадар 173 та мактаб тайёр бўлиши шарт ва бунга вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари жавобгар. Қолган 20 та ихтисослашган мактаб кейинги ўқув йилига қадар топширилиши шарт», деди президент.

Умуман, йиғилишда белгиланган топшириқлар бўйича масъуллар:

  • ҳар бир туманга бориб, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга муаммоларни ўрганади, ечимини топади, мактаб директорлари ва ўқитувчилари билан ишларни ташкил этади;
  • мактабларда таълим сифати ва шарт-шароитларни яхшилаш бўйича туман ва шаҳарларнинг рейтингини жорий қилади;
  • яхши ишлаган туман раҳбарларини мукофотлаш, ёмон ишлаганларини эса ишдан олиш бўйича таклиф киритади;
  • вилоят ҳокимлари билан бирга ҳар ҳафта Президентга ахборот бериб боради.

«Тизимдаги ишларнинг бориши ва ўзгаришларни ҳар ойда ўзим муҳокама қиламан ва мутасаддиларнинг фаолиятига баҳо бераман»,  деди президент.

Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланди.

Мавзуга оид