Жаҳон | 13:30 / 26.10.2024
9627
8 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Эронга зарбаси, Анқарадаги теракт ташкилотчилари ва Москвада мигрантлар учун янги тажриба — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроилнинг Эронга ҳужуми

Кеча тунда Исроил Эроннинг ҳарбий объектларига авиация ёрдамида зарбалар берган. Хусусан, пойтахт Теҳронга берилган зарбаларнинг барчасини Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими бартараф қилганини Ал-Маядин телеканали хабар қилмоқда. Исроил манбалари ҳужум муваффақиятли амалга оширилганини таъкидламоқда.

Тунги соат 02:15 ларда Теҳроннинг ғарбида бир неча портлаш овозлари эшитилган. Теҳрон яқинида янграган бу портлаш овозлари Исроил ракеталарининг келиб нишонга тегиши натижасида эмас, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг ишга тушиши натижасида рўй берган.

Аввалроқ Исроил армияси Эроннинг айрим ҳарбий объектларига авиация воситасида ҳужум уюштирилганини эълон қилган эди. Маълум қилинишича, ҳужум фақат ҳарбий объектларга қарши уч тўлқинда уюштирилган ва унда 100 дан ортиқ қирувчи самолётлар иштирок этган.

Яҳудийларнинг The Jerusalem Post нашри Эрон томони Исроилнинг бирорта ракетасини тутиб ололмаганини ёзмоқда.

Теҳроннинг жанубидаги ва Караж шаҳридаги 5 та нишон Исроил ҳарбий ҳаво кучлари томонидан йўқ қилингани айтилмоқда. Булар қуйидагилар: Бидкондаги Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг “Амир ал Мўмин” ҳарбий ҳаво кучлари ракета базаси; Бидкондаги Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг баллистик ракеталар тадқиқоти маркази; Теҳроннинг шимоли ғарбидаги Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбий ҳаво кучларининг логистика маркази, Эрон армияси ёки Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари.

Теҳрондаги Фатҳ шоссеси ёнидаги казармаларга зарба берилгани ҳам расман тасдиқланган. Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг аскарлари ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

Шунингдек, Эроннинг Шероз шаҳрида ҳам портлашлар рўй берган.

Анқарадаги теракт ташкилотчилари

Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари Анқарадаги теракт ижрочиларини аниқлади. Улар Курдистон ишчилар партияси (КИП) аъзолари бўлиб чиқди. Ушбу партия Туркияда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

«Ҳужум қилган ва ўлдирилган террорчининг шахсини аниқладик. Хоин Rojger лақабли КИП аъзоси Али Ўрек бўлиб чиқди», деб ёзди Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ижтимоий тармоқда.

Ички ишлар вазирлиги терактда иштирок этган аёлнинг ҳам шахсини аниқлади.

«Хоин КИП аъзоси Мине Севжин Алчичек бўлиб чиқди. Шундай қилиб, иккала ҳужумчи ҳам КИП аъзоси», деб ёзди вазир.

23 октябр куни Анқаранинг Қаҳрамонқозон туманидаги TUSAŞ авиация заводига ҳужум уюштирилди. Аввалига бино яқинида портлаш содир бўлди, шундан сўнг қуролланган жангарилар одамларга қарата ўқ узди. Оқибатда 5 киши ҳалок бўлди, 22 киши яраланди. Туркия Ички ишлар вазирлиги икки террорчи йўқ қилингани ҳақида хабар берди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған террорчилик таҳдидларига қарши курашни давом эттиришга ваъда берди. Шу куни мамлакат Мудофаа вазирлиги Ироқ ва Суриядаги Курдистон ишчилар партиясига тегишли 32 та нишон йўқ қилингани ҳақида хабар берди.

Гутерришни рад этган Зеленский

Украина президенти Володимир Зеленский БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг Қозондаги БРИКС саммитидаги иштироки учун Киевга ташрифини рад этди. Бу ҳақда Зеленский офисига таяниб, AFP агентлиги хабар берди.

Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Қозондан кейин Гутерриш Украинага боришни истаган, аммо Зеленский унинг ташрифига тайёргарликни тасдиқламаган.

«Шу боис Гутерриш бу ерда бўлмайди, хусусан, Қозонда соғлом фикр ва халқаро қонунлар камситилгани учун», — дейди AFP манбаси.

Украина президенти офиси Гутерришнинг Киевга ташрифи бекор қилинганига расман изоҳ бермади. БМТ ҳам мазкур ҳолат бўйича бирор муносабат билдирмади.

Антониу Гутерриш 23 октябр куни Қозонда ўтказилган БРИКС саммитига борган ва Владимир Путин билан учрашган. БМТнинг расмий пресс-релизида таъкидланишича, Гутерриш «Россиянинг Украинага бостириб кириши БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқни бузиш эканини тасдиқлаган» ва музокаралар ўтказилишини «тўлиқ қўллаб-қувватлаган». Аммо саммитдаги чиқиши давомида Гутерриш Россия томонидан халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ҳақида бирор гап айтмаган.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Гутерришнинг БРИКС саммитига ташрифини қоралаб, у Швейцариядаги биринчи тинчлик саммитида иштирок учун Киев таклифини рад этгани, бироқ «ҳарбий жиноятчи Путиндан» Қозонга таклифни қабул қилганини билдирди.

«Бу тинчлик ўрнатишга кўмаклашмайдиган нотўғри танлов», — дейилади Украина ТИВ баёнотида.

КХДР аскарлари Россияда

Шимолий Корея Россияга ўз ҳарбийларининг иккинчи гуруҳини юборишга тайёрланмоқда. Bloomberg нашрига кўра, Жанубий Корея ўзида мавжуд разведка маълумотларининг бир қисмини НАТОнинг 28 октябр куни бўлиб ўтадиган йиғилишида тақдим этиш ниятида.

Разведка маълумотларига кўра, Россияга 10 мингга яқин шимолий кореялик аскарлар келиши кутилмоқда. Махсус бўлинманинг 1,5 минг жангчисидан иборат биринчи гуруҳ аллақачон Узоқ Шарқда тайёргарликни бошлаб юборган. Украина Бош разведка бошқармаси хабарига кўра, улар ҳозир Россиянинг Курск областига етиб келган.

Bloomberg суҳбатдошларининг айтишича, алянснинг потенциал жавоб қайтариш имконияти чекланган, аммо Украинани қўллаб-қувватлашга бўлган эътиборини кучайтириши мумкин.

Разведка ҳужжатларида КХДР томонидан Россияга етказиб берилаётган қуроллар кўламига ҳам ойдинлик киритилган. 2023 йил августдан бери Россияга 122 миллиметрли ва 152 миллиметрли снарядлардан 8 миллионга яқин, қарийб 100 та Hwasong-11 ракеталари ҳамда танкка қарши Bulsae-4 қуролларини жўнатган. Бу аввалроқ қилинган ҳисоб-китоблардан сезиларли даражада кўп.

Жанубий Корея разведкаси аввалроқ КХДР Россияни қўллаб-қувватлаш учун ўз ҳарбийларини юборишга қарор қилгани ҳақида хабар берганди. Пентагон раҳбари Ллойд Остин ҳам КХДР ҳарбийлари Россияда экани тўғрисида далиллар қўлга киритилганини маълум қилди.

Москвада мигрантлар учун янги тажриба

Москва ҳукумати 2025 йилда тажриба тариқасида мигрантларга хорижлик фуқаронинг электрон гувоҳномасини тарқатишни бошлайди. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянин маълум қилди.

«Мигрантлар учун кейинги йилдан тажриба тариқасида федерал қонунга асосан электрон паспорт жорий этамиз», — дейди Собянин журналистлар билан учрашувда.

Унинг сўзларига кўра, электрон ҳужжат «барча маълумотларни» ўзида жамлайди: Россияга кирилган сана, биометрик маълумотлар, иш жойи ва рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлиги.

Собяниннинг қўшимча қилишича, полициячилар рейдлар давомида махсус қурилмалар ёрдамида мигрантларнинг гувоҳномаларини текширади. Агар ҳужжатда бирор камчилик бўлса, полициячилар чора кўришга мажбур бўлади.

«Гаджетига ушбу ҳолатни қайд этиши билан, у қонунбузарни қўйиб юбора олмайди: қурилмада қизил ёнса, фуқаро қидирувда эканини, миграция режимини бузганини англатади», — дейди Собянин.

Москва раҳбарининг қўшимча қилишича, 2025 йилда тажриба тариқасида Москва аэропортларида барча, жумладан, РФ ҳудудига киришда виза талаб этилмайдиган хорижликлар учун ҳам биометрик назорат жорий этилади.

Аввалроқ, ўндан ортиқ областлар, жумладан, Новосибирск, Самара, Тула, Магадан ва Челябинскда хорижлик фуқаролар меҳнатига тақиқ жорий қилинган эди. Бу чора-тадбирлар 22 март куни «Кросус Сити Холл» концерт залида Тожикистон фуқаролари томонидан уюштирилгани айтилаётган терактдан кейин кучайтирилди.

Бундан ташқари, Россиянинг айрим ҳудудларида мигрантлар меҳнати тақиқланган соҳаларда уларни ишга олганлик учун катта миқдорда жарималар жорий қилинган. Юридик шахслар миллион рублгача, мансабдор шахслар 50 минг рублгача, мигрантни ёллаган жисмоний шахслар эса 4 минг рублгача жаримага тортилиши мумкин.

Мавзуга оид