Жаҳон | 09:10 / 25.10.2024
7813
2 дақиқада ўқилади

ГУР: Курск областига КХДРдан дастлабки ҳарбийлар етиб келди

Украина разведка хизматларининг ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Кореянинг 12 мингга яқин ҳарбий хизматчиси, жумладан, 500 офицер ва уч генерал Россияга жўнатилган.

Фото: Ahn Young-joon/AP/picture alliance

24 октябр, пайшанба куни Украина Бош разведка бошқармаси (ГУР) хабарига кўра, аввалроқ Россия полигонларида тайёргарликдан ўтган КХДРнинг дастлабки ҳарбий бўлинмалари Курск областига етиб келди.

Бир кун аввал жанговар зонада КХДР аскарини кўришган. Уларнинг машғулотлари Россия шарқида жойлашган бешта ҳарбий полигонда бўлиб ўтди: Уссурийскдаги «Барановский», «Донгуз» (Улан-Уде), «Екатеринославский» (Екатеринославка), 248- («Князь-Волконский») ва 249-полигонда (Сергеевка)», дейди ГУР.

Украина разведка хизматларининг ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Кореянинг 12 мингга яқин ҳарбий хизматчиси, жумладан, 500 офицер ва уч генерал Россияга ўтказилган. Россия мудофаа вазири ўринбосари Юнусбек Евкуров уларни тайёрлаш ва мослаштириш учун масъул этиб тайинланди, деб ёзади Бош разведка бошқармаси.

НАТО КХДР ҳарбийлари Россияга юборилганини тасдиқлади

«Иттифоқчилар Шимолий Корея қўшинларининг Россияга ўтказилишини тасдиқладилар, агар бу қўшинлар Украинадаги уруш учун мўлжалланган бўлса, бу Шимолий Кореянинг Россия томонидан олиб борилаётган ноқонуний урушни қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ ҳолда вазиятнинг сезиларли даражада кескинлашганини англатади ва бу Россия фронтда катта йўқотишларга учраганининг яна бир далилидир», деди 23 октябр куни НАТО матбуот котиби Фараҳ Даҳлаллаҳ DW сўровига жавобан.

Унинг таъкидлашича, НАТО аъзолари ушбу масала бўйича алянс доирасида фаол маслаҳатлашмоқда ва Жанубий Корея ҳукумати билан вазиятни муҳокама қилмоқчи.

Мавзуга оид