Ўзбекистон | 15:10 / 17.11.2019
54354
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлишининг фойдаси бор(ми)? Экспертлар сенатор фикрларига муносабат билдирди

Ўзбекистонлик мигрантлар ҳаёти қулайлашади. Ўзбекистонга кўпроқ пул кириб келади. Инвестиция ҳажми ўсади. Энергетика, табиий газ қазиб олиш ҳажми ортади. Қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотлар экспорти ошади, бу ташқи савдо ҳажми 80 фоизга ўсишини англатади ва ҳакозолар.

Юқоридагилар сенатор Одилжон Иминовнинг Kun.uz мухбирига берган интервьюсида билдирилган фикрлар эди. Сенаторнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлса, олий таълим соҳасида ҳам дипломларни ўзаро тан олишда қатор енгилликлар вужудга келади. Мигрантларга бўлган муносабатда ижобий ўзгаришлар пайдо бўлади.

Kun.uz айни иддаолар қанчалик ҳақиқатга яқин, деган саволлар билан бугунги кунда Россия Федерациясида бўлиб турган экспертларга мурожаат қилди. Мигрантлар ҳуқуқлари билан шуғулланиб келаётган ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад ҳамда иқтисодчи-эксперт Жамшид Муслимов қуйидаги саволларга ўз фикрларини билдиришди.

— Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши мигрантларга қанчалик фойда беради?

Ж.М.: Сенаторимиз биргина мигрантлар масаласи боис, ЕОИИга аъзо бўлиш учун икки қўлимни кўтариб овоз бераман, дедилар. У кишининг бу баёноти, гўёки сиз мигрантлар Россияда ишлаб, бизга кўпроқ пул юбораверинглар, биз бу ерда уни сарфлаймиз, дегандек таассурот уйғотмоқда. Аммо, сиз меҳнат муҳожирларининг фикрини сўрайдиган бўлсангиз, кимдир ёқлайди, кимдир вақти келиб, ватанга қайтишни режа қилади.

Экспорт масаласини гапирдилар. Россияга Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, текстилдан бошқа нарсаси унчалик қизиқ эмас.

Жамшид Муслимов

Б.Ш.: Мигрантларимиз, Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлса, Россияга келган биринчи кундан меҳнат қилишлари мумкин бўлади. 7 кун ичида эмас, 1 ой муддатда рўйхатга қўйишга рухсат берилади.

Аммо, сенаторнинг ҳисоб-китоблари бўрттириб юборилган. Ўзбек мигрантлари, асосан, Москва шаҳрига келмоқда. Бу 40 фоизни ташкил этади. Улар ҳар ой 5 минг рубль патент тўлайди. Патентни расмийлаштириш учун 12-13 минг рубль атрофида тўлови ҳам бор. Ўзбекистон фуқароси Москвага келиб, бир йил патент билан ишласа, 86700 рубль харажат қилмоқда. Яъни, 1700 доллар эмас, 1200 доллар харажат қилади. Бошқача айтганда қирғизистонлик меҳнат муҳожирига нисбатан 77700 рубль кўпроқ сарфлаяпти.

Ботиржон Шермуҳаммад

Яна бир гап. Сенатор 1700 долларни 2,5 млн меҳнат муҳожири бор деб, шу сонга кўпайтирмоқда. Бу ҳам нотўғри. Расман 668 минг ўзбекистонлик патент олиб ишламоқда. Демак, 1200 долларни 668 мингга кўпайтирсак, 802 млн (801,6 млн) доллар бўлмоқда. Бу 33 миллионлик бир давлат учун, унинг бюджетига жиддий таъсир қиладиган даражадаги жуда катта пул эмас, аслида.

Яна бир хато баёнот берилган. Гўёки, бизнинг фуқаролар иттифоққа кирмаган мамлакат фуқаролари бўлгани учун қирғизистонлик ёки қозоғистонликларга нисбатан қийналмоқда, дейиш нотўғри. Ундай эмас. Россиянинг энг катта муаммоси – бу коррупция. Россиялик иш берувчига ҳам қизиғи йўқ. Бизга МДҲ мамлакатларидан келган меҳнат муҳожирлари мурожаат қилишади. Улар орасида маошини ололмаган қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам бор.

— Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлди. Россия нима ютади ёки ютқазади? Ўзбекистон-чи?

Б.Ш.: Россия нима ютади, деган саволга жавоб йўқ. Чунки, биз нима ютқазишини кўриб чиқяпмиз. Умуман, биз иқтисодий ҳамкорлик халқимизга фойда берса, қарши эмасмиз. Аммо, мигрантлар масаласида, Россия Ўзбекистон иттифоққа аъзо бўлса ютқазади. Ўтган йили 1,071 млн фуқаро патент олган бўлса, шундан 40 фоизи ўзбекистонликлардир. Россия маҳаллий бюджетларига жами 57 млрд рубль тушум тушган. Шундан 40 фоизини ўзбекистонликлар тўлаган. Россия бир вақтнинг ўзида бундан маҳрум бўлади. Бунинг эвазига Россия Ўзбекистондан нима олиши мумкин: текстил, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва кўпайган мигрантларни олади. Россия ишлаб чиқарувчиларига 33 миллионлик бозор шунчалик муҳимми? Аслида, бу ерда иқтисодийдан кўра, сиёсий мақсадлар кўпроқ. Нега Россия Хитойни ЕОИИга таклиф қилмаяпти? Чунки, сиёсий жиҳатдан қўрқади.

Ж.М.: Қарорлар қандай қабул қилинаётганидан бехабармиз. Ўзбекистон раҳбарияти бу масала очиқ муҳокама қилинсин, экспертлар фикрини билдирсин, деди.

Сенатор экспорт ҳажми ортишини айтди. Аммо, Арманистон ва Қирғизистон иттифоққа аъзо бўлмасдан олдинги кўрсаткичда қолмоқда. Ташқи савдода эса, фақат Россия ютиб чиқмоқда. Фақат Россия ўз бозорини сотмоқда.

Б.Ш.: Яна бир қизиқ гап бўлди. Туризм ривожланиши ҳақида. Нима ҳозир туристларнинг келиб-кетишига бирор тўсқинлик борми? Яна дипломлар нострификацияси ҳақида ҳам гапирилди. Яқинда ҳукуматларимиз дипломларни ўзаро тан олиш борасида битимни имзолашгандику? Айтмоқчиманки, бу каби муаммоларни ўзаро икки томонлама шартномалар асосида ҳал қилиш мумкин.

— Ўзбекистон қайси ёки қандай давлатлар билан иттифоққа киргани манфаатлироқ?

Б.Ш.: Бугунги кунда Россия ва Ўзбекистон муносабатлари энг юқори даражада. Нега энди Россия билан иттифоқ қуришимиз керак? Ўзи иттифоқ ким билан қурилади? Аввало, ҳамкорлик ҳар қандай давлат билан, бирор соҳада рақиб ёки душман бўлган давлат билан ҳам қилинаверади. Бироқ, иттифоқ қадриятлари, мақсадлари бир бўлган давлатлар билан тузилади. Биз, демократик жамият қуришни, коррупцияга барҳам беришни, инсон ҳуқуқларини юқори даражада таъминлайдиган давлат қуришни мақсад қилганмиз. Агар меҳнат мигрантлари муаммосини ҳал қилишни истасак, мана, Жанубий Корея ва Япония бор. Имкон бўлса, Скандинавия мамлакатлари билан иттифоқ тузиш керак.

Ж.М.: Ўзбекистоннинг ўзида ҳам ишлаб чиқаришни ривожлантириш лозим. Шу билан меҳнат мигрантларимиз ўзимизда қолиши керак.

— Ташкилот сиёсий мақсадларни кўзлаган иқтисодий ташкилот сифатида ҳам баҳоланди. Шундай қараш тўғрими?

Ж.М.: Сиёсий мақсадлар ҳақида гапирганда Россияда собиқ иттифоқни, империяни қўмсаш кузатилмоқда. Мана шу кайфият, прагматик мақсадни ҳам қайд этиш лозим. Россияда шундай хавотир борки, Ўзбекистон Россиянинг минтақавий таъсиридан чиқиб кетса, гўёки АҚШ таъсир доирасига тушиб қолади.

Толиб Раҳматов
Шерзод Эгамбердиев

Мавзуга оид