Ғурури топталганига чидолмай, ривожланган халқ — Японияда илмга муносабат ҳақида
Икки аср давомида дунёдан изоляцияда яшаган Япония қандай қилиб бунча тезда оёққа турди? Kun.uz кунчиқар юртга ижодий сафари давомида бу мамлакатнинг ривожланиш сирларини ўрганишга ҳаракат қилди. Ҳаммага маълум бу “сир”лардан бири эса – илмга муносабат. Бу ҳақда бизга Нагоя иқтисодиёт университети профессори Алишер Умирдинов батафсил сўзлаб берди.
Японияга қилган ижодий сафаримизнинг бош ҳомийси - Murad Buildings ва NRG компаниялари. Kun.uz сафар давомида катта кўмак кўрсатган тадбиркор Мурод Назаровга ўз миннатдорчилигини билдиради.
— Бу ерда (Японияда) илм-фан чуқур илдиз отганини, масалаларни тизимли равишда ҳал қилиб, “Шинкансен” поезди каби тезликда кетаётганини, юртимизда эса тўпланган тажрибалар баъзи бир инсонларнинг алмашинуви билан ёки университетдаги, кафедрадаги баъзи бир бошлиқларнинг қовоғига қараб, ўзгариб кетишини, ўқитувчиларимиз бунга бепарволигини кўриш жуда оғир, дейди профессор. – Бир томондан қонинг билан аъзо бўлган миллатинг, бир томондан сен солиқ резиденти сифатида яшаб, илмий фаолият қилаётган ватанинг – иккисида ҳолат икки хил.
Янгиликлар мени баъзан шокка солади... Аммо велосипедни қайтадан ихтиро қилишимиз керак эмас – боболаримизнинг қилган ишларини ўрганиб, уларга ўхшашга ҳаракат қилсак, уларнинг услубларини ҳозирги замонга мосласак, кўп масала ҳал бўлади.
Домлаларга етарлича вақт бермасдан, таълимга оид бўлмаган топшириқлар бериш ҳалигача кўп. Бу нарса ўқитувчи-профессорларни тадқиқот қилишдан тўсяпти. Ўзларининг соҳасига чуқурлашиб, керакли адабиётларни ёза олишлари учун вақт кам. Ойлик етмайдиган ҳолатлар ҳам бор.
Бошқа томондан профессор-ўқитувчиларнинг ўз соҳасига бепарволиги, соҳага ҳақли бўлмаса ҳам, юзлаб талабанинг вақтини олиб ўтириши, талабанинг саволларига жавоб беролмаслик, талаба йўл-йўриқ сўраса, йўл кўрсатишни истамайдиганлар кўплигини эшитиш мен учун оғир.
Доим тизимни, Олий таълим вазирлигини айблашдан йироқман. Устозларнинг қилоладиган ишлари, имкониятлар бисёр. Кўп ишларни талабалар билан бирга қилса бўлади.
Ўзбекистон университетларини битириб, хорижга магистратурага чиққан талаба (айниқса, аниқ ва табиий фанлар бўйича) ривожланган давлатлар талабига етиб олиши учун камида 6 ой ёки 1-1,5 йил вақтини кутубхонада ўтказиши керак. Шунинг учун китоблар таржима қилиниши – тилимизга ўгирилиши керак.
Ҳукумат томонидан “1000 китоб” лойиҳаси ўртага ташланди. Жуда яхши лойиҳа. Аммо буни камида 10 минг ёки 50 минг китоб даражасига чиқариш керак. Кўпгина университетлар турли хил дарсликлар яратдик деб ўзларининг сайтларида ёзишади. Лекин ўша китоблар университетларнинг ўзида қолиб кетади, яъни илм циркуляцияси Ўзбекистонда ёмон. Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат университетида чиққан китобдан Фарғона давлат университетидагилар фойдалана олмайди, чунки унақа китоб борлигини билмайди. Китоб республика ичида айланиши керак. Фақат электрон китоблар билан иш битмайди.
Аниқ ва табиий фанлар соҳасида ҳолатимиз ниҳоятда ёмон. Кўп дарсликлар эскирган, соҳа мутахассислари билан гаплашсангиз, додлашади. Китоблар 70-80 йиллардаги китоблар. Профессор-ўқитувчиларимиз ва ҳозирда бюджет маблағлари ўзларига қолдирилаётган университет маъмуриятлари жиддий эътибор бериши керак бунга.
Ўзбекистонда кейинги пайтда 6 йил давомида очилган янги университетларнинг аксарияти ижтимоий-ҳуманитар фан университетлари ҳисобланади. Биз аниқ ва табиий фанларни, яъни иқтисоднинг ҳақиқий юрагини, ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлайдиган соҳага кўпроқ эътибор беришимиз, лабораторияларни кўп очишимиз керак.
Японияда асосий пуллар аниқ ва табиий фанларга йўналтирилади. Чунки ишлаб чиқаришни, янги патентлар олинишини, техник-технологик тараққиётини айнан шу соҳа яратади.
Иккинчи жаҳон уруши пайтида Токио университети профессорлари аниқ ва табиий фан шогирдларини урушдан олиб қолишган экан.
— Университетингизда ҳар бир устоз учун алоҳида хона ажратилган экан, бу қанчалик фойдали?
— Бу олдин мусулмон ўлкаларда бор бўлган, аммо биз йўқотиб қўйган қадрият. Бухоро, Самарқанддаги мадрасаларга қарасак, ҳар бирида мударрисларнинг алоҳида хоналари бор. Биз йўқотган маданиятни бошқалар яхши ўзлаштириб олди. Ҳозир бизда барча домлалар катта кафедрага тўпланиб ўтиради. У китобини қандай сақлайди, талаба билан қаерда учрашади, чарчаганда қандай дам олади, ўзининг шахсий анжомларини қаерда сақлайди? Японияда университет очадиган бўлишса, профессорларга алоҳида хона бериш мажбурий қилинган.
— Сиз китоблар чиқарасиз, нечта бўлди ёзган китобларингиз?
— Жами 10 та китоб тайёр бўлди. Ўнинчиси шу ойда Американинг Станфорд университети билан шартнома асосида чиқади. Китобларимизнинг ярмидан кўпроғи ҳуқуқшунослик соҳасига бағишланган. Жамоамиз асосан таржима билан шуғулланади. Шу соҳага қизиққан дўстларим, укаларим, сингилларим билан жамоа бўлган ҳолда буни амалга оширамиз. Энг яхши китобларни ўзбекистонлик ёшларга ўз вақтида етказиш — менинг маънавий мажбуриятим деб ўйлайман.
Шу билан бирга ўзимнинг тажрибаларимни бўлишиш мақсадида алоҳида китоблар ҳам ёзаман. Мисол учун «Талаба дўстимга 78 тавсия» каби. Бунда бакалавр босқичида талаба 4 йиллигини қандай ўтказиши, нималарга диққат қилиши керак — шу нарсаларга эътибор берилган. Кейин талабалардан савол келди: хорижда қанақа қилиб магистратурада ўқишимиз керак? Уни ҳам ёздим. Охирги китобимиз «Орзумиздаги профессор» китоби. У ҳам ёзилди, ҳозир таҳрирда. Аллоҳ насиб қилса, кейинги йил март ойигача ўзбек китобхонларига, айниқса, 50 мингдан зиёд илмий унвонга эга ҳамкасбларга етказиш ҳаракатидаман.
— Қанчалик қийин бу – китоб таржима қилиб, чоп қилдириш?
— Жудаям қийин ва... жудаям лаззатли бу. Ёзган китобингиз сиз учун болангиздек гап. Устоз профессорларимиз – ҳамкасбларим бир нарсани англашлари керак: китоб орқали сиз исмингизни абадийлаштирасиз, ҳеч ким буни ўчиролмайди. Бу жудаям ажойиб нарса.
Японияда нашриёт билан музокара қиладиган бўлсангиз, барча харажатларни ўзи кўтариб, китобни чиқариб, ўзи маркетингни ҳам қилади. Ўзбекистон нашриётлари у босқичга ҳали кўтарилгани йўқ, чунки бизда китоб сотилиши суст.
Лекин мен умидлиман. Ўзбекистонда университетга кирган талабалар сони кўпайяпти, илмга бўлган қизиқиш турли тадбирлар орқали ортяпти, келажак – беш-ўн йилда илмга қизиқиш, менимча, Ўзбекистонда яна ортади. Орттиришга ҳаракат қилишимиз керак. Қўзғаб юборишимиз керак қизиқишни. Шунақа китоблар ёзилиши керак. “Ёшлар ўқимайди” деб уларни паст ҳиммат қилиб кўрсатиш биз учун – катта айб.
— Китоб чиқариш учун маблағни қаердан оляпсиз?
— Биринчидан, шахсий маблағларим. Мен пул йиғмайман... Китоб чиқараман. Шу мен учун лаззат. Оила аъзоларим мени тушунишади. Қолаверса, ўзим ишлаётган Нагоя университети, Япония давлати китоблар чиқариш учун грантлар ажратади.
— Китоб чиқариш фаолиятингизнинг давомий бўлиши китобларингиз сотилишига боғлиқ, шундайми?
— Албатта. Яхши сотилса, кўпроқ имконият бўлади. Масалан, кейинги йил учун камида 6-7 китобимиз бор, тайёр бўляпти, лекин уларни чоп этиш учун маблағ керак. 100 миллион сўмлик китобимиз омборда турибди. Агар сотиладиган бўлса, биз янги китобларни молиялашимиз мумкин.
— Ўзаро суҳбатда сиз бир хафалигингизни ҳам айтдингиз, яъни чоп қилган китобларингизни сканер қилиб олиб, фойдаланиш, муаллифлик ҳуқуқингизни поймол қилган ҳолда.
— Кузатувларим шу нарсани кўрсатяптики, Ўзбекистонда энг кам ҳурмат қилинаётган мулк бу – интеллектуал мулк. Жамиятнинг фикрини ўзгартириш керак. Ривожланишимиз учун биз интеллектуал мулкни асрашимиз, уларни ишлаб чиқарувчи зиёли ва интеллектуал қатламни қўллаб-қувватлашимиз керак. Чунки давлат ўлароқ, жамият ўлароқ биз интеллектуал мулкни яратувчиларга етарли маблағ беролганимиз йўқ. Беролмаганимизга яраша, уларнинг мулкларини бевосита ёки билвосита ўғирламаслигимиз ҳам керак. Баъзи китобларимиз биздан бесўроқ сканер қилинган ва маълум бир кутубхоналарда турибди, PDF шаклда. Ҳолбуки ҳар бир китобга камида 5-10 минг доллар сарфлаганмиз.
Энг ёмони, буни... университетлар қиляпти... Бу анчагина аянчли ҳолат. Китоблар сотилмайдиган бўлса, биз кейинги китобларни молиялаштира олмаймиз. Сканер қилиб, уни кутубхонага қўйиш, таълим ҳаракатининг олдини олиш бўлади.
Биз қалам ҳақига бўлган қизиқишни қўзғаб юборишимиз керак. Устозларимизда теша тегмаган ғоялар бор деб ўйлайман. Қизиқишни қўзғамасак, иқтисодий канални яратмасак, бўлмайди.
Тошкентга борганимда бепул нарса кўрмадим, ҳамма нарсанинг пулини тўлайсиз. Лекин китобга келганда, ҳеч ким пулини тўлагиси келмайди. “Совға қиласизми”, “электрон вариантдан ташлаб беринг”, дейишади... Бу нарсада принципда туришимиз керак, ор-номус деб билишимиз керак. Бу менинг шахсий масалам эмас, бу ерда Ўзбекистондаги илм ривожланиши масаласи ётибди. Ҳозир қаттиқ турсак, 5-10 йилда кейинги авлод китоб сотиб олишга ўрганади, китобни ўғрича ишлатиш каби иллатдан қутуламиз.
ЖСТга қўшиляпмиз. У ерда товарлар олди-сотдисига алоқадор бўлган интеллектуал мулк шартномаси бор. Париж ва Берлин конвенцияларига амал қилишга мажбур бўламиз. Интеллектуал мулк ҳуқуқини ўғирламайдиган, қароқчилик қилмайдиган, балки уни ишлаб чиқарадиган кучли интеллектуал миллатга айланишимиз керак.
Япония, АҚШ, Европа давлатларига нега ҳамма интилади? У ерларда ўша давлатларнинг тилида деярли барча соҳаларда илмий тадқиқот ўтказса бўлади, етарли адабиётлар мавжуд. Японияда ҳам шунақа. Китоблар, монографиялар, диссертациялар ва мутахассислар етарлича топилади. Бу давлат учун бир тождир.
Битирувчиларимиз орасидан энг ақллиларини университетда олиб қолиш керак. Энг ақллилар хусусий секторга ўтиб кетмаслиги керак. Устоз профессорлар бунга рухсат бермаслиги керак. Нима қилиб бўлса ҳам, энг ақлли авлод университетларда профессор бўлиб қолиши керак.
Лекин минг афсуски, ҳозир унақамас. Ташқаридан иш тополмаган, вақтинча ишлаб турай, ойлик бўлиб турсин, деган домлалар афсуски, университетларимизда жуда кўп. Бундай бўлмаслиги керак. Шу тоифа агар миллатимиз ёшларини ўқитаётган бўлса, ҳолимизга вой. Бу нарсани тузатиш ҳамманинг елкасида: ҳукуматнинг ҳам, олий таълим вазирлигининг ҳам, университет бошқарувчиларининг ҳам, профессорларнинг ҳам.
Миллий бойларимиз, тадбиркорларимиз устоз профессорлар билан маслаҳатлашиши, устозлар ҳам уларга “шогирдларимиз бор, уларни қўллаб-қувватланг” дейиши керак.
— Мақолаларингиздан бири менга анча таъсир қилганди: қандай қилиб японлар илмни ўз юртига трансфер қилгани ҳақида. Бу жараёнга кимдир бошчилик қилганми? Ёки стихияли равишда – ҳамма тушунган ҳолда бўлганми бу?
— Мейдзи реставрациясидан кейинги давр инсонларида умумий консенсус бўлган. “Мустамлака бўлиб қолишимиз мумкин, тезроқ оёққа туришимиз керак”, деган ҳис бўлган. Ҳар бир четга чиққан киши ўз соҳасининг керакли китобларини, дарсликларни олиб келиб чоп қила бошлаган. Бу ерда 1880-йилларда чоп қилинган баъзи китоблар Ўзбекистонда ҳалигача чоп қилинмаган...
Япон зиёлилари орасида дунё ҳолатини тўғри ўқиш, у ердаги феноменни англашга оид иттифоқ жуда юқори бўлган. Шунинг учун тез фурсатда Японияда илм ёйилган ва 30 йил ўтмай, Хитой каби давлат устидан ғалаба қозонилган, 40 йил ўтмаёқ, Европанинг қудратли давлати – Россия устидан ғалаба қозонилган.
Японларнинг энг ғурурига теккан нарса ҳақида гапириб бераман. Чет элликлар биринчи бўлиб Японияга келганда, ҳуқуқ масаласи кўтарилади. Японияда тараққий этган замонавий ҳуқуқий тизим бўлмагани, жиноят кодекси, шартномаларни амалга ошириш учун фуқаролик ёки фуқаролик-процессуал кодекс бўлмаган. Шунинг учун “бизнинг фуқароларни суд қила олмайсиз”, деб, Европа ва АҚШ Япония билан нотенг шартнома тузади. Шартномага кўра, уларнинг элчихоналари ва консулликларигина ўша жиноят содир этган ғарбликни жазолай оладиган, япон судяси уларни жазолай олмайдиган бўлди.
Бу нарса японларга жудаям оғир ботган. Тезда ҳуқуқ тизимини тузишга киришилган. Европа ва Американинг ҳуқуқ тизимини ўрганишган. Бошида Франция, ундан кейин Германия ҳуқуқ тизимига асосланган оммавий ҳуқуқ тизимини барпо қилишган. Нотенг шартномаларни ўзгартириш учун бўлган бу.
Бозорларингизни очиқ қўясизлар, маҳсулотларимизга божхона тарифларини сололмайсизлар, деган маънода ҳам босим бўлган. Япония мана шу нотенг талабни ҳам бекор қилиш учун жиддий ҳаракат қилган.
Ўзбекистонга бунақа босим йўқ, Ўзбекистон тенглар ичида тенг, дейиладиган бўлса, мен бундай деб ўйламайман. Тўғри, шартномаларда тенгмиз, БМТда ўз ўрнимиз бор. Аммо битта нарсани унутмаслик керак: ЖСТга киряпмиз, иқтисодий, сиёсий жиҳатдан кучли давлатлар билан икки томонлама шартнома амалга оширишимиз керак. Бунда сизнинг ҳарбий, иқтисодий, сиёсий қудратингиз ва катта бозорингиз муҳим рол ўйнайди.
Дунёда кучли давлатларнинг клублари бор: G7, G20 каби. Буларга Ўзбекистон кирмаган. Шундай экан, дунё давлатлари борасидаги қарорларни қабул қилишда Ўзбекистон иштирок этяптими, дейдиган бўлсак, иштирок этмаяпти. Биз билан ҳисоблашишлари учун, иқтисодимиз кучли бўлиши, ҳуқуқ тизимимиз шаффоф ва адолатли бўлиши керак.
Бизга камида 500 миллиард долларлик иқтисод керак. Ниҳоятда ҳаракатчан ва яратувчан миллат ва кучли интеллектуал зиёли қатлам, уни қўллаб-қувватлайдиган миллий тадбиркорларимиз керак. Ақлли, фидокор ҳукумат, ақлли зиёлилар ва ақлли миллий тадбиркорлар учлиги бирлашгандан кейин миллатимиз юқорига кўтарила олади деб ишонаман. Профессорларимиз шундай авлодни етиштириш пайида бўлиши лозим.
Бизга муштоқ бўлиб турган ва кейинги пайтда университетларни тўлдириб юборган миллиондан зиёд талабаларга дунё илмини тезлик билан етказишимиз керак. Етказмасак, талабаларга вафосизлик қилган бўламиз, уларнинг 4 йиллик умрини заволга учратган, хиёнат қилган бўламиз.
— Вазият фавқулодда масъулиятни талаб қилишини дунёдаги охирги воқеалар, ҳарбий ҳаракатлар исботлаб турибди. Ҳар биримизнинг масъулиятимиз бир неча баробар ошди.
— Мен халқаро ҳуқуқшуносман ва биз халқаро ҳуқуқшунослар учун оғир даврлар келди. Чунки халқаро ҳуқуқий нормалар ишламай қоляпти. БМТ низоми 2-моддасидаги 2-4-қисмлар, яъни масалаларни тинч йўл билан, мулоқот орқали ҳал қилиш деган норма ишламай қоляпти. Россия-Украина уруши дейсизми, Ғазо уруши дейсизми... Кеча БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича вакили дод соляпти. Биз ҳам мақола-ю китобларимизда дод деяпмиз. Лекин буни эшитувчи қулоқ йўқ. Ҳуқуқдан, адолатдан кўра, ҳарбий, иқтисодий, сиёсий куч ўртага чиқиб қоляпти. Республикамизга яқин 3 та жойда уруш ўчоқлари очилди. Халқаро ҳуқуқшуносларни қўрқитаётган нарса шуки, кейинги пайтда уруш қилиш осон бўлиб қолди.
Ҳукуматимиз ўз позициясини билдиряпти. Ҳукумат ҳам, миллат ҳам, ҳар бир шахс ҳам ўз хулосасини чиқариши керак бу воқеликдан.
Сўнгги вақтларда “ёшларда мотивация йўқ” дейишади, менга “мотивация беринг”, деб ёзиб ҳам қолишади. Мотивацияхўр бўлиб қоляпмиз. Ёшларимиз ўзига келиши учун глобал перспектива, глобал дунёқарашни шакллантиришимиз керак. Ўзбекистон ичига қараб бунақа қарашни шакллантириш қийин, атрофга қараш керак. Нима қилишимиз керак, нималарга тайёр туришимиз керак деган саволлар қўйилиши лозим. “Ўзим бўлай”, деб туяқушдек бошни қум ичига суқиб олиш кетмайди.
Суверенитетимиз – ҳадя қилинган нарса эмас, уни сақлашимиз керак. Бу учун интеллектуал, яратувчан, ҳаракатчан, олдинга қараган, мулоқотга очиқ, дунёни илмий маънода яхши англаган ва тўғри хулосалар чиқарувчи, тўғри чора-тадбирларни ўртага ташловчи бутун бошли миллатга айланишимиз керак. Бўлмаса, оғир аҳволлар бошимизга солиниши мумкин.
Энг катта ролни олимлар, устоз профессорлар ўйнаши керак. Фақатгина медиага, чекланган одамларгагина ташлаб, ана, улар қиляпти, дейиш — каттагина масъулиятсизлик.
Қизиқишларимдан бири — Хитой. Хитой нима, у нима истайди — бу ҳақда бирорта китоб йўқ бизда. Россия-Украина урушини англашга ёрдам берадиган китоб ҳам йўқ. Нега ёзишмайди, билмайман.
Ўзбекистонда илмий давралар, илмий гурунглар йўқ бўлиб кетган. Японияда биргина ҳуқуқ соҳасига алоқадор 84 та илмий ассоциация бор! Йилда бир ёки икки марта кўришиб, илмий баҳс, мунозаралар қилинади. Кекса олимлар ҳам минбарга чиқиб, тақдимот қилади, ўзининг янги фикрларини ўртага ташлайди, қолганлар хоҳлаганча саволларни беришади. “Мен катта олимман” деб ўтирмайди. Олдин бунақа илмий гуруҳлар бўлган ўзимизда ҳам. Лекин ҳозир бизда фақат номзодлик, докторлик диссертациясини ёқлаш пайти бироз гурунг бўлди.
Университетларни фақат шунчаки ўқитадиган эмас, чуқур илмий мунозаралар қилинадиган жойга айлантириш керак. Айниқса, хусусий университет очаётган бизнес эгалари, васийлик кенгашлари бунга эътибор бериши керак.
Энг ачинарлиси шуки, Хитой ҳозир Ўзбекистонни ўзимиздан кўра кўпроқ ўрганяпти... Улар тўхтовсиз илмий гуруҳлар тузишяпти, одамлар жўнатишяпти.
Ҳар куни чоп этилаётган француз, немис, инглиз, япон, корейс тилидаги мақолаларга, мавзуларига бир қарайлик... “Шунақа соҳани ўрганаётган одам ҳам бор экан-да”, дейсиз. Биз-чи? Ўзбекистонда японшунос олимлар нечта? Санкт-Петербургни ўрганадиган олимлар-чи? Японияда бор шунақа олимлар, Фарғона водийсинигина ўрганадиган олимлар бор, Тошкент шаҳрининг ўзини ёки Тошкент шаҳридаги маҳаллаларни ўрганадиган олимлар бор. Эфиопиядаги қабилаларни ўрганадиганлар бор.
Тўғри, уларнинг орқасида давлатнинг катта дастлаги бор, буни рад қилолмайман. Хўп, ҳозирча қўлимиздан келган ишни қилайлик, масалан, Россияни, унинг ташқи сиёсатини ўрганиш қийин эмас-ку! “Толибон” ҳокимияти нимани истаяпти — буни ўрганиш қийин эмас-ку. Сифатсиз қоғозда бўлса ҳам, монографиялар, илмий материаллар ёзиб, россияшунос, афғоншунос олимларни етиштириш қийинмас. Бунинг учун бироз жонсараклик, бироз куюнчаклик ва ўша соҳага бироз қизиқиш керак, холос.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:47
Япония қирғоқларида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди
11:58
“Кўниколмай каравотдан тушиб кетган” — талабалар ётоқхонасидаги саргузаштлар
18:48 / 14.11.2024
Subaru космик телескопи ноёб ҳалқасимон галактикани аниқлади
21:18 / 13.11.2024