“Бир кунда умумий тармоқларимиздан 30 миллион сўмлик электр оляпмиз. Бу бир ойда 900 миллион бўлади. Менинг ҳисобим бўйича бу даромадли бизнес” – Ўзбекистон шароитида қуёш панелларидан фойдаланаётган тадбиркорлар уни нафақат мунтазам электрдан фойдаланиш, балки даромадли бизнес сифатида талқин қилишмоқда.

Ўзбекистон — қуёш энергияси салоҳияти юқори давлатлардан бири. Йилига 300 кун давомида қуёшли об-ҳаво кузатилиши мамлакатда тадбиркорларга қуёш панелларидан фойда кўриш имкониятини яратади. Шундай тадбиркорлар ўз тажрибаларини гапириб беришди.

Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга эътибор қаратиб, солиқ имтиёзлари ва субсидия каби рағбатлантириш тизими асосида 2023 йил 1 апрелдан “Қуёшли хонадон” дастури ишга туширилиб, унинг доирасида хонадонларга ўрнатилган қуёш панеллари ишлаб чиқарган ҳар бир киловатт-соат электр энергия учун 1000 сўмдан субсидия ажратилмоқда. 2024 йилнинг ўзида 10 826 нафар жисмоний шахс ушбу дастурдан фойдаланиб, 12 миллиард 182 миллион сўм субсидия олган. 

Комил Исломов, тадбиркор:

Ойига 900 миллион сўмлик электр сотяпмиз

“Ўтган йил бошларида бизга қуёш панеллари ўрнатиш таклифи берилди. Бир ойда тармоғимиз бўйича давлатдан тахминан 1 млрд сўмлик электр оламиз. Шу суммани давлатга йўналтирганимизда тахминан 10 йилда ўзини қоплайдиган бўлди ва биринчи босқични бошладик. Ўрнатган панелларимиз 9 мегаваттлик. Ёз ва қиш фаслларини ўртача оладиган бўлсак, бир кунда ўрчата 36 мегаватт электр ишлаб чиқади. Ўрнатган пайтимизда токнинг нархи 450 сўм эди. Ҳозир 900 сўмга чиқди. Ўзини қоплаш масаласи ҳозир илк тахмин қилганимиздан 2-2,5 бараварга камайди. Электр нархи 2 баравар ошди, қуёш панеллари нархи 2,5-3 бараварга арзонлашди. Яъни 9 мегаваттли панелларимиз 10 йил эмас, 4 йилда ўзини қоплаяпти.

Бир кунда умумий тармоқларимиздан 30 миллион сўмлик электр оляпмиз. Бу бир ойда 900 миллион бўлади. Менинг ҳисобим бўйича бу даромадли бизнес. Биринчи партияни қўйдим ва бизга маъқул бўлгани учун яна ўрнатишни режа қиляпмиз. Кейинги босқичда 15 мегаваттлик панеллар олиб келамиз, унга қўшимча тахминан 10 мегаватт аккумулятор ҳам олиб келмоқчимиз. Мақсадимиз, кундузи электр ортиб қолса, уни аккумуляторга йиғиб қолиш, талаб кўп пайтда аккумулятордаги электрни сотиш. Бу бизга қўшимча даромад бўлади”.