Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«6 ойдан бери пул йўқ». Humans карталарида музлаб ётган миллионлар қачон қайтарилади?
Humans алоқа операторининг Visa картасида пул сақлаган мижозлар азият чекяпти. Kun.uz билан боғланган мурожаатчилар бир неча ойдан бери картасидаги маблағлар музлаб ётгани, белгиланган муддат тугашига қарамай пул қайтарилмаётганидан шикоят қилишяпти. Таҳририят вазиятни ўрганди.
Фото: Достон Ахроров
«6 ойдан бери пулимизни ололмаяпмиз»
Сўнгги бир неча кун ичида Humans компаниясидан норози бўлган ўнлаб инсонлар Kun.uz билан боғланди. Икки компания ўртасидаги низодан мижозлар азият чекяпти.
«Мен Humans’дан жабрланган инсонман. 6 млн пулим 28 июнда “расторжение контракта” (шартномани бекор қилиш) қилинган, 40 кунда қайтарилади дейишганди, аммо мана, ярим йил бўлди, сохта ваъдалар бериб келинмоқда», дейди Асаджон Холматов.
Хуршидбек исмли бошқа бир мурожаатчи Humans офисига бориб, пулни қайтариш бўйича ариза ёзганини, аммо ҳеч қандай натижа бўлмаганини айтмоқда.
«Humans алоқа компанияси картадаги 6 млн пулимни музлатиб қўйган, бермаяпти. Деярли бир йил бўлади яқинда. Бундан 3 ой олдин маблағни қайтариш бўйича ариза ҳам қолдирганман. Фойдаси бўлмади. Бермаяпти барибир. Олдин Visa картада турарди, кейин ўз ўзидан ишламай, музлаб қолди. Телефон қилсак, ариза ёзиб кетинг, деди. Бориб ёздим. 3 ойдан бери на телефонни кўтаради, на пулни қайтариб беради», дейди у.

«Humans виза картасида 3 млн 370 сўм микдорда пулим бор эди. Картадаги маблағ балансимга ўтиб қолди. Мен бу пулни фақат ўз тарифимга ишлатишим мумкин экан, лекин ечиб ололмасдим. Компания алоқа марказига телефон қилдим (1234), улар Тошкентга келиб, Яккасаройдаги филиалларига ариза топширишимни айтишди.
16 июнда Тошкентга бориб, Humans филиалига ариза ёзиб қолдирдим. Улар аризани 10 кун ичида кўриб чиқиб, 30 иш кунида пул қайтарилади, дейишди ва пластик карта маълумотларимни, телефон рақамларимни ёзиб олишди. 26 июлда ҳисобимдан Humans компанияси орқали 3 млн 370 минг сўм пул ечиб олинди, лекин қайтариб беришмади.
Шу кундан бошлаб алоқа марказига (1234) мурожаат қилишни бошладим. Улар фақат «кутиб туринг опажон, пулингиз бухгалтерияга юборилган, улар кўриб чиқиб қайтариб беришади» ёки «кўриб чиқилиш жараёнида» деган гапни айтишяпти. 5 ойдан бери шу аҳвол. Қаерга мурожаат килишни билмаяпман», дейди бошқа бир мурожаатчи.

Kun.uz билан боғланган яна бир ватандош ҳам отаси Humans’нинг Visa картасида 21 млндан кўпроқ маблағ сақлаб келганини айтиб, пулни ололмаётганини таъкидлаяпти.
«Менинг отам Humans мобил алоқа операторининг Visa картасида 21 млн 404 минг сўм маблағ сақлаб келаётганди. Бироқ компаниянинг Octobank билан шартномаси бекор қилингани сабабли ушбу пулни қайтариб олиш имкони бўлмаяпти. Ариза ҳам қолдирган эдик, маблағ 1 ой ичида қайтарилиши айтилганди. Шундан бери 3 ой ўтди, натижа йўқ. Операторлар фақат турли хил баҳоналар айтишади», дейди у.


Humans нима дейди?
Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири Humans ахборот хизмати билан боғланди. Компания расмийлари мижозлар ҳисобидаги маблағлар сақланиб қолинганини таъкидлаб, улардан айни пайтда алоқа хизматлари учун фойдаланиш мумкинлигини маълум қилди.
«Мижозларнинг пуллари тўлиқ ҳажмда сақланган ва сақланяпти. Абонентлар ҳисобларида ҳеч қандай блокировка мавжуд эмас. Humans алоқа хизматларига тўлов қилиш, чиройли рақамлар харид қилиш ёки яқинлари учун алоқа тўловини амалга ошириш каби хизматлар имконияти бор.
Мижозлар банк билан юз беган ҳолат бўйича ўз вақтида хабардор қилинган. Компания расмий саҳифаларида, жумладан, Telegram-канал орқали тезкор равишда хабар берилган, СМС ва қўнғироқлар амалга оширилган. Мижозларга тушунтиришлар берилган, жумладан, карталар бўйича операциялар тўхтатилгунига қадар Visa банкоматларида ёки исталган банк кассаларида маблағларни ечиб олиш имконияти борлиги айтилган.
Истеъмолчилар ўз шартномаларида белгиланган ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланишга ҳақли. Ҳар қандай мижоз алоқа хизматлари бўйича шартномани бекор қилиши ва мобил алоқа учун олдиндан тўланган авансни қайтариб олиши мумкин. Шартномани бекор қилиш қуйидаги манзилдаги хизмат кўрсатиш марказида амалга оширилади: Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Бобур кўчаси 40A уй», дейилади Humans’нинг расмий муносабатида.
Octobank нима дейди?
Kun.uz вазиятни тўлиқ аниқлаштириш учун Octobank расмийлари билан ҳам гаплашди. Банкнинг муаммоли кредитлар департаменти директори Наврўз Мусаевга кўра, ҳисоб-китоблар Humans серверларида сақланган.
«Humans билан биргаликда карта чиқарганмиз. Компания иловасида P2P операция қилиш мумкин эди. Шунингдек, Aliexpress’дан нимадир буюртма қилиш, Humans Market’дан нарса харид қилиш имконияти ҳам мавжуд бўлган. Булар учун тўловларни Octobank қилиб келган. Кейинги кунда Humans ўша пулни банкка қоплаб бериши керак бўлган. Яъни Humans ўз мижозлари ишлатган пулни бизга қайта тўлаб бериши керак. Масалан, Visa картадан тўлов қилсангиз, биз ўша пулни қоплаб берамиз. Аммо бу операцияларнинг ҳисоби Humans’да жойлашган. Ким нимага тўлов қилаётгани уларда кўринади. Бизга фақат умумий ҳисоб келади, пулни қоплаб кетаверганмиз. Шартномада операция қилинган куннинг эртасига Тошкент вақти билан 12:00 га қадар кечаги кун қолдиқларини тўлаб қўйиш шарт деб белгилаганмиз. Аммо Humans бу пулларни қопламаган ва мижозларининг пуллари ҳам осилиб қолиб кетди. Бунга сабаб нима бўлди? 2025 йилнинг 13 июн куни суднинг ҳал қилув қарори билан Octobank кобрендинг карталари бўйича операцияларни тўхтатди. Натижада картадан картага ўтказмалар ҳам чекланди. Компания мурожаатчиларга картани Octobank чиқарган, ўша ерга бор, дея бошлади. Келгани билан фойдаси йўқ, чунки бизда ўша одамнинг ҳисобрақами нол туради. Чунки бу бўйича Octobank’да маълумот йўқ, ҳисоб-китоблар Humans’нинг ўз серверларида сақланади. Умуман олганда, сиз Humans’дан сим карта олган пайтингизда банкда ҳисобрақам очиш имкони тақдим этиларди. Натижада сим картангиз банк пластик картасига айланади. Қолган мобил операторларда бундай имконият йўқ. Натижада катта бир жарлик пайдо бўлди. Ўша жарликка тушганлар Kun.uz’га мурожаат қиляпти. Одамлар нима қиларди. Масалан, бошқа мобил компанияларда ҳисобингизга 50 минг сўм ташлаб қўйсангиз, бу пулни трафик сотиб олиш ёки тарифингизни ўзгартириш каби хизматларга ишлата оласиз. Humans’да ҳисобингизга 1 млн сўм қўйсангиз, уни бошқа одамларга ҳам ўтказсаниз бўларди. Одамлар шунинг учун ҳисобида катта миқдорда пул сақлаган. Картадан картага P2P қилса ҳам бўларди. Умуман олганда, бизнинг ўрганишларимизга кўра, компания катта миқдордаги пулни четга олиб чиқиб кетган. Одамларнинг картасида пул тураверади, аммо унинг ҳақиқий таги йўқ. Дата базада кўринмайди. Орқаси «404» бўлиб ётибди», дейди Наврўз Мусаев.
Марказий банк Kun.uz’га мазкур иш икки компания ўртасидаги шартномавий муносабатлар эканини таъкидлаб, регулятор бунга аралашмаслигини билдирди.
Достон Аҳроров
Kun.uz
Мавзуга оид
19:11 / 03.02.2026
UPay тўлов тизимига эгалик қилувчи «Maroqand» АЖ банкрот деб топилди
12:05 / 07.01.2026
Humans иловаси орқали 2 мингдан ортиқ шахснинг пуллари ўғирланган – манба
20:01 / 16.12.2025
4 млндан 100 млн сўмгача. Humans иловаси орқали ўғирланган пулларни ким тўлайди?
19:18 / 09.12.2025